Жамият | 17:51
1196
4 дақиқада ўқилади

Ҳикматилла Убайдуллаев Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси ижрочи директори в.б. этиб тайинланди

2025 йил 2 июлдан бошлаб Ҳикматилла Убайдуллаев Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси (AICA) ижрочи директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Тегишли қарор AICA раиси Владимир Имомович Норов томонидан қабул қилинди.

Ҳикматилла Убайдуллаев стратегик коммуникациялар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида мутахассис ҳисобланади. У генератив сунъий интеллект, таълим ва маълумотларни автоматлаштириш ҳамда таҳлил қилиш соҳасидаги амалий ечимлар кесишмасида лойиҳаларни амалга оширувчи хусусий лаборатория – AIM Lab’нинг асосчиси ва раҳбаридир.

Илгари у Ўзбекистон президенти администрацияси тузилмаларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаган. Хусусан, президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизматига раҳбарлик қилган, шунингдек, Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди матбуот котиби лавозимида ишлаган. 2022-2023 йилларда президент администрациясида АКТ ва жамоат лойиҳалари бўйича етакчи маслаҳатчи вазифасини бажарган.

AICA ижрочи директори вазифасини бажарувчи Ҳикматилла Убайдуллаев ўз шарҳида қуйидагиларни таъкидлади:

«Бизнинг асосий мақсадимиз – Марказий Осиёда сунъий интеллект жамиятга хизмат қиладиган, ислоҳотларни қўллаб-қувватлайдиган ва сифатли ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланадиган барқарор сунъий интеллект экотизимини шакллантиришдир.

Эътиборимиз марказида кадрлар тайёрлаш масаласи турибди. Биз мактаб ўқувчилари, талабалар ва ёш мутахассисларни ўқитишга мўлжалланган AI Maktab миллий дастурини ишга туширмоқдамиз. У рақамли саводхонлик, машинали ўрганиш асослари, нейрон тармоқлар билан ишлаш, сунъий интеллект этикаси ва реал вазифаларни ҳал қилишда технологияларни қўллаш кўникмаларини ўз ичига олади. Биз минтақалардаги ёшлар глобал жараёнлардан четда қолмаслигини ва сунъий интеллектни ривожлантиришда нафақат фойдаланувчилар, балки ишлаб чиқувчилар, тадқиқотчилар ва тадбиркорлар сифатида ҳам иштирок этишларини истаймиз.

Иккинчи устувор йўналишимиз – таълим, соғлиқни сақлаш, давлат хизматлари, суд тизими ва экология каби асосий соҳаларга сунъий интеллект ечимларини жорий этишдир. Биз аллақачон бир қатор идоралар билан ҳамкорлик қилиб, пилот лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Вазифамиз – сунъий интеллектни амалий муаммоларни ҳал қилиш, хизматлар сифатини яхшилаш ва шаффофликни ошириш учун қулай воситага айлантириш.

Етакчи университет ва институтлар билан мутахассислар тайёрлаш ва Европанинг сунъий интеллект марказларида ўқув дастурларини ташкил этиш бўйича меморандумлар имзоладик. Шунингдек, ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажрибани жалб қилиш ва энг яхши амалиётларни минтақавий контекстга мослаштириш учун OpenAI, Meta, Hugging Face каби асосий глобал ўйинчилар билан мулоқот олиб бормоқдамиз.

AICA ҳамжамият учун очиқ платформага айланади: биз AI Ambassadors, AI Women Leaders, ML-ҳамжамиятларини жамлаяпмиз, стартаплар учун хакатонлар, форумлар, семинарлар ва тақдимот сессияларини ўтказамиз. Бу шунчаки уюшма эмас, балки ғоялар, тажрибалар, ҳамкорлик ва ўсиш маркази бўлади.

Минтақадаги сунъий интеллектнинг келажаги нафақат технологик, балки инсонпарвар бўлиши кераклигига ишонамиз. Бизнинг вазифамиз сунъий интеллектнинг ахлоқий, адолатли ва жамият учун максимал фойда келтирадиган тарзда ривожланишини таъминлашдир».

AICA раиси Владимир Имомович Норов давлат арбоби, Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти собиқ бош котиби ва Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси ҳисобланади.

Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси (AICA) минтақанинг 12 та устувор секторида сунъий интеллектни жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, таълим ва тадқиқот ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, рақамли этика тамойилларини илгари суриш мақсадида ташкил этилган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотдир.

Мавзуга оид