Жаҳон | 12:38
2690
2 дақиқада ўқилади

Украина дронлари Россиянинг Липецк вилоятига ҳужум қилди

Корхона ва турар жой бинолари Украина Қуролли кучлари дронлари зарбасига учради. Украинанинг хабар беришича, УУА Россиянинг кимёвий энергия манбаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган энг йирик корхонасига ҳужум қилган.

Photo: Telegram / exilenova_plus

3 июл, пайшанбага ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари (УҚК) Липецк вилоятига учувчисиз учоқлар билан ҳужум қилди, деб хабар берди вилоят губернатори Игор Артамонов. Унга кўра, Елец шаҳрида дрон корхоналардан бирининг автотураргоҳига қулаган. Ёнғин содир бўлди, у маҳаллийлаштирилган. Яқин атрофдаги устахоналар ходимлари эвакуация қилинди, қурбонлар йўқ.

Игор Артамонов бу қандай корхона эканини аниқлаштирмади, бироқ Украинанинг Exilenova+ канали дронлар Россиянинг кимёвий энергия манбаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган энг йирик корхонаси — "Энергия"га ҳужум қилганини билдирмоқда.

Маҳаллий аҳоли ҳам ушбу корхона ҳужумга учрагани ҳақида хабар берди, деб ёзади Россиянинг Astra Telegram канали.

Бундан ташқари, Липецк вилояти губернатори дрон қолдиқлари Липецк округидаги хусусий турар жой биносига тушгани ҳақида хабар берди. Маҳаллий аҳолидан бири ҳалок бўлди, икки киши яраланди. Шунингдек, дрон Елецда қурилаётган кўп қаватли уйнинг бир қисмига тегди. Деразалар шикастланган. Яқин атрофдаги уйлар аҳолиси эвакуация қилинди, ҳеч ким жабрланмади.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, тунда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг 69 та, шу жумладан, Липецк вилоятида 10 та учувчисиз учоғини уриб туширган.

Мавзуга оид