Жамият | 16:07
2674
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси Kia Sonet рекламасидаги қонунбузилиш сабаб Roodell'ни жаримага тортди

Рақобат қўмитаси “муддатли тўлов учун 0 фоиз” деган мазмунда Kia Sonet автомобили рекламасини тарқатган “Roodell” МЧЖга чора кўрди. Қўмитага кўра, рекламада муҳим шартлар, жумладан, қўшимча тўловлар ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Фото: Roodell

“Roodell” МЧЖ фаолиятида реклама қонунчилиги талабларига риоя этилмаслик ҳолати аниқланди, дея хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Маълум қилинишича, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида жойлаштирилган рекламаларда “Kia Sonet автомашинаси муддатли тўлов учун 0 фоиз” деган мазмундаги маълумотлар тарқатилган. Бироқ мазкур реклама ахборотида “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддаси талабларига зид равишда шартноманинг муҳим шартлари, жумладан, қўшимча тўловлар ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Бунинг натижасида истеъмолчиларда чалғитувчи тасаввур шаклланган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар асосида қарор қабул қилиш эҳтимоли вужудга келган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Қўмита махсус комиссияси томонидан “Roodell” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди”, – дейилади расмий хабарда.

Қўмитанинг қўшимча қилишича, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилган.

Рақобат қўмитаси барча хўжалик юритувчи субъектларни амалдаги қонунчиликка риоя қилиш, рекламаларда аниқ, ошкора ва холис маълумотлар тақдим этишга чақирди.

Маълумот учун, "Реклама тўғрисида"ги қонуннинг 43-моддасида молиявий хизматлар рекламаси рекламадан фойдаланувчининг ишончини суиистеъмол қилмайдиган ва (ёки) рекламадан фойдаланувчининг тажрибаси ва билими етишмаслигидан фойдаланиш ниятини кўзламайдиган усулда тақдим этилиши керак.

Шунингдек, молиявий хизматлар рекламаси реклама қилинаётган хизматларга бевосита алоқадор бўлмаган ахборотга эга бўлмаслиги, ушбу молиявий хизматлар кўрсатиш учун шартномаларнинг муҳим шартларини очиб бериши керак.

Аввалроқ, Рақобат қўмитаси тўрт нафар инстаблогерга онлайн қимор ўйинларини реклама қилгани учун чора кўрилгани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид