Спорт | 12:15 / 02.07.2025
23436
11 дақиқада ўқилади

«Реал»да янги юлдуз порлашда давом этмоқда, Рамос уйга қайтди

Клублар мундиалида чоракфиналнинг барча жуфтликлари маълум.

Фото: Gettyimages/Kevin C. Cox

КЖЧ. 1/8 финал
«Реал» — «Ювентус» 1:0
1 июл. Майами. «Ҳард Рок»
Гол:
Гонсало Гарсия (54).
«Реал» — Куртуа, Трент, Рюдигер, Ҳаусен, Фран Гарсия, Чуамени, Валверде (Себаллос, 90), Гулер (Модрич, 77), Беллингҳэм, Винисиус, Гонсало Гарсия (Мбаппе, 68).
«Ювентус» — Ди Грегорио, Калулу, Ругани (Гатти, 86), Келли (Гонсалес, 59), Кошта, Локателли (Маккенни, 86), Тюрам, Камбиязо, Консейсау (Костич, 59), Йилдиз (Копмейнерс, 71), Коло-Муани.
Огоҳлантириш: Беллингҳэм (86).

«Реал»нинг «Ювентус» билан ўйини — 1/8 финалнинг сўнгги кунидаги десертдек бўлди. Ошқозонидаги оғриқ туфайли гуруҳ босқичини ўтказиб юборган Мбаппе бу сафар ўйин қайдномасига киритилди ва захира ўриндиғидан жой олди. Бошланғич таркибда эса яна клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг кашфиётларидан бири – Гонсало Гарсия тушди. «Қаймоқранглилар»нинг 21 ёшли тарбияланувчиси 5-3-2 (ёки 3-5-2) тактик схемасида Винисиус Жуниор билан ҳужум жуфтлигини ҳосил қилди. «Ювентус» эса 5-4-1 схемасидан фойдаланди, бунда ҳужум учида Коло Муани ҳаракат қилди.

«Реал» биринчи бўлимда тўпга кўпроқ вақт давомида эгалик қилди (43 га қарши 57), аммо анча вақтгача хавфли вазиятлар ярата олмади. Хаби Алонсо шогирдларига ҳужумларни ривожлантиришда жамоавий тезлик етишмади. Бу камчиликни Винисиус Жуниор индивидуал ҳаракатлари билан тўлдиришга ҳаракат қилди, аммо унинг қанотдан қочиб кетишга уринишлари муваффақиятсиз чиқди.

«Ювентус» эса «Реал»дан чўчимади ва ўйиндаги илк зарба муаллифи Кенан Йилдиз бўлди. Еттинчи дақиқада туринликлар илк голли вазиятни ҳам яратишди. Трент тўп йўқотишидан кейин Коло Муани Йилдизга товонида пас бериб, ўзи олдинга ташланди ва жарима майдонига кириб бориб, Куртуа билан яккама-якка вазиятда зарба йўллади, аммо тўп дарвозабоннинг ҳам, дарвоза тўсинининг ҳам устидан ўтиб кетди.

«Реал»нинг бу ўйиндаги асосий қуроли узоқ масофадан берилган зарбалар бўлди. Фақат ўйиннинг ярим соати ўтгандагина Алонсо жамоаси «Ювентус» мудофаасини ёриб ўтиб, илк голли вазиятини яратди. Беллингҳэм яқин масофадан зарба йўллади, аммо дарвозабон Ди Грегорио «кекса синиора»ни қутқариб қолди.

Бўлимнинг охирги қисмини «Реал» футболчилари кучли ўтказишди. Ўнг қанотда Трент Гулер билан ўрин алмашиб ўйнаб, босим уюштиришди. Валверде жарима майдони ташқарисидан хавфли зарба йўллади – туринликлар дарвозабони яна бир бор ўзини кўрсатди. «Ювентус»нинг чарчаган футболчилари бу вақтда қарши ҳужумга ўтишни бас қилишганди.

Иккинчи бўлимга «Реал» янада катта иштиёқ билан тушиб келишди. Мадридликлар ҳужумидаги кескинлик даражаси геометрик прогрессия бўйича ўса бошлади. Шу куни ўнта сейв ижро этган Ди Грегорио ўз дарвозасидан тўп олиб чиқиши вақт масаласи экани кўриниб турарди. 

«Реал» футболчилари бир неча бор «Ювентус»нинг бурчак зарбаларидан кейин хавфли қарши ҳужумларга чиқиб кетишди. Аммо голни ўзининг стандарт вазиятидан уришди. Трент ҳужумни иккинчи темпда давом эттириб, ўз қанотидан жарима майдонига узатма берди ва Гонсало Гарсия бош билан гол уришига ҳеч ким халақит бермади. Яқингача иккинчи жамоа сафида ўйнаган ва Мбаппе йўқлиги туфайли асосий жамоага жалб этилган ёш футболчи клублар мундиалидаги учинчи голини нишонлади.

Ўтказиб юборилган голдан кейин «Ювентус» футболчиларининг кайфияти тушиб кетди, «Реал» эса рақибни узил-кесил таслим этиш учун босим қилишда давом этди. Лекин бу рўй бермади. Иккинчи бўлим ўрталарида Алонсо Гонсало ўрнига Мбаппени тушириши ҳам ёрдам бермади. Килиан ўйинга яхши қўшилди, бир неча бор олдинга ташланди, бундай вазиятлардан бири Ди Грегорионинг навбатдаги сейви билан якунланди. Кейин эса «Реал» устози ўйин темпини туширишга ва шунчаки ҳисобга қараб ўйнашга ишора берди, Мбаппе эса майдонда кўринмай қолди.

Хаби Алонсонинг режаси иш берди ва «Ювентус» якуний штурм уюштиришга ҳам ҳафсала қила олмади. Таққослаш учун – xG бўйича статистика. Туринликлар танаффусга қадар бу кўрсаткич бўйича «Реал»дан устунроқ эди (0,66 га қарши 0,73), иккинчи бўлимда эса яққол ортда қолди (0,91 га қарши 0,04). Зарбалар сони бўйича фарқ ҳам яққол – мадридликлар фойдасига 21:6, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича – 11:2. Тудор жамоасининг сўнгги умиди қўшимча дақиқаларда Коло Муани «Реал» жарима майдонида йиқилиши бўлди, аммо бош ҳакам Марциняк пеналти йўқлигини маълум қилди.

«Реал» клублар мундиалидаги олтинчи чемпионлик учун юришини давом эттиради, бу йўлда навбатдаги рақиб Дортмунднинг «Боруссия» клуби бўлади.

Конкакафнинг сўнгги вакили ҳам турнирни тарк этди

«Боруссия» — «Монтеррей» 2:1
Голлар: Гирасси 14, 24 (дубл) — Бертераме 48.

«Боруссия»: Кобел, Антон, Бенсебаини, Зюле, Нмеча (Коуту 70), Гросс, Свенссон, Рюэрсон, Адейеми (Брандт 70), Беллингҳэм (Забитцер 55), Гирасси.
«Монтеррей»: Андрада, Родригес, Серхио Рамос, Медина, Торрес (Амбриз 83), Каналес (Алварадо 90), Деосса, Артеага, Агирре, Бертераме (Окампос 83), Корона (де ла Роса 83).
Огоҳлантиришлар: Беллингҳэм (28), Гирасси (90)

Қайсидир паллада «Монтеррей» Мексиканинг энг бадавлат клуби ҳисобланарди, лекин ҳозир таркибидаги футболчилар қиймати бўйича «Америка» ва «Крус Асул»дан ортда қолади. Ушбу жамоа КОНКАКАФ чемпионлар лигасида беш бор зафар қучган, аммо клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида айтарли натижага эришмаган. Турнирнинг олдинги форматида Африка ва Осиё вакиллари финалгача етиб борган, аммо «Монтеррей»га бу насиб этмаган, жамоа яримфиналларда Япониянинг «Касива Рейсол», Марокашнинг «Раджи» ва Мисрнинг «Ал-Аҳли» клубларига ютқазган. Шунга қарамай, айнан мексикаликлар жамоаси икки бор бронза олган ҳолда (2012 ва 2019) — Шимолий Американинг ушбу турнирдаги энг муваффақиятли клуби ҳисобланади.

Аммо «Монтеррей» европаликларни уч уринишда ҳам мағлуб этолмаган. Жамоа яримфиналларда «Челси» (1:3) ва «Ливерпул»га (1:2) ютқазган, бу сафарги турнир гуруҳ босқичида эса «Интер» билан дуранг ўйнади (1:1). Бу сафар таркибда Серхио Рамос, Оливер Торрес, Окампос, Каналес, Корона бор эди — бу катта тажрибага эга бўлган футболчилар. Шунингдек, «Барселона», «Бавария» ва «Манчестер Сити» клубларида узоқ вақт Гвардиолага ёрдамчилик қилган Доменека Торрентнинг ихтиёрида Мексика миллий жамоасига номзод бўлган бир қанча футболчилар ҳам жамланганди. Аммо «Монтеррей» биринчи бўлимни муваффақиятсиз ўтказди.

Лотин Америкаси вакилларига ҳужумда аниқ ҳаракатлар етишмади, узоқ масофадан йўлланган зарбалар кўнгилдагидек чиқмади, Кобел ҳам дарвозада ишончли турди. Ўз навбатида, «Боруссия» осонлик билан қисқа вақт ичида икки гол устунлигига эришди. Аввалига ҳужумга қўшилган Бенсебайни тўпни рақиб жарима майдони чизиғи олдига етказиб берди, у ерда Гирасси Адейеми билан девор услубида ўйнаб, зарба бериш позициясига чиқиб борди. Иккинчи голни ҳам шу тандем ташкиллаштирди — Рюэрсон тўпни олиб қўйиши билан бошланган қарши ҳужумда. Шундай қилиб, Гирасси 10 дақиқа ичида 2024/25 йиллар мавсумидаги голлари сонини 37 тага етказди. Топ-5 лигаларда иштирок этувчи африкаликлар учун бу сўнгги етти йилликдаги энг яхши иккинчи кўрсаткич бўлди (Салоҳ 44 гол билан биринчи).

Гвинеялик тўпурар танаффусгачаёқ ўйин масаласини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо у ҳет-трик ёки покер расмийлаштириш ўрнига, вазиятларни кўкка совуришда давом этди. Шу ўринда «Монтеррей» дарвозабони Андрадунинг ўйинини ҳам эътироф этиш керак. 34 ёшли аргентиналик яқин масофадан йўлланган зарбани ҳам қайтариб, жамоасини ўйинда қолдирди. Танаффусдан кейин эса мексикаликлар буткул бошқача ўйин кўрсатишди. Биринчидан, ҳимоя тартибга келтирилди. Иккинчидан, дортмундларнинг заиф нуқталари пайпаслаб кўрилди. Коронанинг узатмаси ва Агирре тўпни қулай қилиб ташлаб беришидан кейин Бертераме урган гол ўйинга интрига қайтарди.

U-17 тоифасида ўз мамлакати шарафини ҳимоя қилган, аммо кейин  Мексика миллий жамоасида ўйнашни танлаган аргентиналик ушбу футболчи Гирасси каби дубл қайд этиши мумкин эди. У дарвозани ишғол этишни ҳам уддалади, аммо бу вазиятда офсайдга тушиб қолганди. Бу эпизодда ҳакамга ҳеч қандай эътироз йўқ, ундан бир неча дақиқа олдин эса ноаниқ вазият юзага келганди. Зюле ўз хатосини тузатишга уриниб, яккама-якка вазиятга чиқиб кетаётган Коронани ортдан туртди. Аммо ҳакам қоидабузарликни кўрмай қолди, VAR вазиятга аралашмади.

Кейинги дақиқаларда «Боруссия» тўпни ўз назоратига олди ва ўйин сокинлашди. Ва барибир сўнгги дақиқаларда барчаси ўзгариб кетиши мумкин эди.

Рамос кўп бор бундай палларда муҳим голларни урган. Аммо Атлантадаги ўйинда 39 ёшли фахрийнинг бошда йўллаган зарбасидан кейин тўп «тўққизлик»дан бир неча сантиметр юқори кўтарилиб кетди. Натижада Серхио собиқ жамоаси «Реал»га қарши ўйнамайдиган бўлди. Мадридликларни Дортмундга қарши ўйин кутмоқда. Шу билан бирга, мухлислар Жоб Беллингҳэм ортиқча сариқ карточка олиб, дисквалификацияга учрагани туфайли ака-укалар дуэлидан бебаҳра қолишди.

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида сакккиз жамоа қолди:

Мавзуга оид