Жаҳон | 08:26 / 01.07.2025
16077
6 дақиқада ўқилади

Чеченистонда 17 ёшли Адам Қодировнинг тўйи нишонланди. Айнан у отасининг эҳтимолий вориси сифатида кўрилади

Куёв яп-янги «Мерседес» ва бриллиантлардан тайёрланган соати билан мақтанди. Келин ҳақида эса исмидан бўлак ҳеч нарса маълум эмас.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ўтган ҳафтада Венецияда сайёранинг энг бадавлат кишиларидан бири, Amazon асосчиси Жефф Безос уйланганди. Унинг телебошловчи Лорен Санчес билан тўйи шу қадар ҳашаматли ўтказилдики, уни «аср тўйи» деб ҳам аташди. Бу вақтда Чеченистонда ҳам ўзига хос «аср тўйи» бўлиб ўтди — республика раҳбари ўзининг учинчи ўғли, яқинда Чеченистон хавфсизлик кенгаши котибига айланган 17 ёшли Адамни уйлантирди. «Медуза» куёв, келин, маросим ва меҳмонлар ҳақида ҳикоя қилди.

Июн ойи охирида Чеченистонда Рамзан Қодировнинг учинчи ўғли, 17 ёшли Адамнинг никоҳ тўйи нишонланди. У икки йил муқаддам, Қуръон китобини ёққани учун ҳибсга олинган Никита Журавелни Грознийдаги тергов изоляторида калтаклаганидан кейин машҳур бўлиб кетганди. Кейинроқ Журавел диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш ва давлатга хиёнатда айбланиб, 14 йиллик қамоқ жазосини олди. Кичик Қодиров эса — олтита орден, Чеченистон қаҳрамони унвони ҳамда ўз отасининг хавфсизлик хизмати бошлиғи лавозимига эга бўлди. Кейинроқ эса Чеченистон ИИВ куратори ва республика хавфсизлик кенгаши котибига айланди. Бундан ташқари, у Владимир Путин номидаги Россия махсус кучлари университетини, шунингдек, Шайх Мансур номидаги РФ Мудофаа вазирлиги баталёни ва Байсангур Беноевский номидаги Росгвардия баталёнини назорат қилади.

«Новая газета Европа» маълумотларига кўра, Адам Қодиров отасининг сафдоши, чеченистонлик сенатор Сулаймон Геремеевнинг қизи билан тўйини ўтказган, улар бир йил олдин шаърий никоҳдан ўтганди. Аммо «Кавказ.Реалии» Адам отасининг бошқа бир сафдоши, Давлат думаси депутати Адам Делимхановнинг набирасига уйланганини ёзмоқда. «Новая» эса у Адамнинг акаси, Зелимхоннинг рафиқаси эканини хабар қилган. «Агентство» маълумотига кўра, никоҳ тузилганида Делимхановнинг набираси атиги 14 ёшда бўлган.

Адамнинг рафиқасининг шахси ҳам, ёши ҳам расман ошкор этилмаяпти. Фақатгина унинг исми Медни (Делимхановнинг катта набирасиникидек) экани маълум.

Қодировнинг энг катта фарзанди Айшат инстаграмда қизнинг исмини айтган. Унинг маълумотига кўра, тўй Қодировларнинг ота қишлоғи Ахмат-Юртда (ўтмишдаги номи Центорой) бўлиб ўтган. Маҳаллий аҳоли вакиллари «Кавказ.Реалии» журналистига тўйдан уч кун олдин қишлоққа кириш ёпилгани ва фақат таклиф этилган меҳмонлар ўтказилганини айтишган. Адам Қодиров маросимга энг янги, чекланган миқдорда ишлаб чиқарилган «Мерседес»да келган – ишлаб чиқарувчи уни оммага атиги икки ой олдин тақдим этганди. Бу турдаги машина нархи 190 минг доллардан бошланади. Расман бундай қимматбаҳо автомобилларни Россияга олиб кириш мумкин эмас.

Унинг қўлида эса бриллиантдан тайёрланган ва камида икки миллион доллар турадиган Jacob & Co. Billionaire Ashoka соати тақилган. Адам ўз одатига кўра қуролини намойиш этган.

Рамзан Қодировнинг айтишича, ўғлининг тўйига бош вазир ўринбосарлари Денис Мантуров ва Александр Новак, президентнинг Шимолий Кавказ федерал округидаги ишончли вакили ва собиқ бош прокурор Юрий Чайка, ЛДПР раиси Леонид Слуцкий, тўққизта регион раҳбарлари (Москва области, Адигея, Қорачой-Черкасия, Қабордин-Болқория, Татаристон, Ингушетия, Шимолий Осетия, Доғистон, ДХР), шунингдек, Эрон, БАА, Туркия ва Қозоғистон элчилари келган. Аммо «Можем объяснит» телеграм-канали Қодиров исм-фамилияси билан атаган камида уч нафар амалдорнинг маросимда жисмонан иштирок этиши имконсиз бўлганини таъкидламоқда. Тўй куни Мантуров сафарда фойдаланадиган самолётлар Москвада қолган. Татаристон раҳбари Рустам Минниханов иш кабинетидан олинган суратни эълон қилган. Ингушетия раҳбари Маҳмуд-Али Калиматов эса 28 июн куни янги йўл ўтказгич бўйлаб ҳаракатни очиб, ёшлар фестивалига ташриф буюрганди.

«Новая газета Европа» маълумотига кўра, Рамзан Қодиров оғир бетоб — 2019 йилда унга панкреонекроз ташхиси қўйилганди. Нашрнинг фикрича, Қодиров соғлиғи туфайли фарзандларининг келажакдаги хавфсизлигини кафолатлашга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун ҳам у ёш бўлишига қарамай, уларни Чеченистондаги юқори лавозимларга тайинлайди, Чеченистоннинг нуфузли оилалари билан қуда-андачилик муносабатлари ўрнатади ва уларнинг Владимир Путин билан учрашувлари ҳақида келишиб олади («Новая» версиясига кўра, Қодиров бу учрашувларни «хавфсизлик кафолатлари меросхўрларга ҳам тааллуқли» эканининг намойиши сифатида кўради).

Россия президенти ҳақиқатан ҳам Кремлда Чеченистон раҳбарининг уч тўнғич ўғлини қабул қилиб, уларни тўйлари билан табриклаган: 2023 йилда биринчи ўғли Аҳмад, 2024 йилда иккинчи ўғли Зелимхон, 2025 йилда учинчи ўғли Адамни. Уларнинг ҳар бири Путин билан учрашган вақтда 17 ёшда бўлган. «Новая»нинг ёзишича, Зелимхон ва Адам 2024 йилнинг ёзида бир кунда уйланишган, бироқ ўшанда Адамнинг ёшлигини (Зелимхон 17 ёшда, Адам эса 16 ёшда эди) баҳона қилиб, уни Кремлда қабул қилишмаган. Адамнинг тўйи ҳақида эндигина эълон қилинганини айнан Путин билан кечиктирилган учрашув билан изоҳлаш мумкин.

Чеченистон раҳбари Адамни ўз вориси сифатида кўриши айтилади. Адамнинг машҳурлиги, у эгаллаган лавозимлар (Рамзан Қодиров акаларини эмас, айнан уни Чеченистон хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинлаган), анча эрта уйлангани (у тўйлари фақат 17-18 ёшларда бўлиб ўтган акалари ва опаларидан эртароқ турмуш қурган) ва ҳатто тўй маросимининг кўлами ҳам бу версияни далиллайди. «Москвада уруш даврида бундай ҳашамат учун жазо берилган бўларди. <…> Яъни бу ерда ҳам Чеченистонга мутлақо истисно қилинмоқда», — деган «Кавказ.Реалии» журналистига сиёсатшунос Дмитрий Дубровский.

Мавзуга оид