Жаҳон | 08:37
2103
2 дақиқада ўқилади

Исроил ОАВ: АҚШ Ғазода ўт очишни тўхтатиш учун Тел-Авивга босим ўтказишга тайёрланмоқда

ОАВ хабарларига кўра, Исроил армияси ҳукуматга ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича келишув тузишни тавсия қилган.

Фото: Anadolu Agency

Исроил стратегик ишлар вазири Рон Дермер Вашингтонга бўлажак ташрифи чоғида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва маҳбуслар алмашинуви бўйича келишувга эришиш мақсадида АҚШ томонидан босимга дуч келиши кутилмоқда, деб хабар бермоқда Исроил матбуоти.

Исроил матбуотидаги маълумотларга кўра, Дермер Вашингтонга ташрифи чоғида Ғазо секторига ҳужумларни тўхтатиш, араб давлатлари билан муносабатларни нормаллаштириш жараёнини давом эттириш, шунингдек, Иброҳим келишувларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишни режалаштирган.

Haaretz газетаси Оқ уйдаги юқори мартабали манбаларга таяниб, АҚШ президенти Доналд Трамп жамоаси вакиллари Дермерга Исроилнинг Ғазога ҳужумларини тўхтатиш ва асирда қолган исроилликларни қайтариш бўйича келишув тузиши учун босим ўтказиш ниятида эканини хабар қилди.

Америка томони, нашрнинг ёзишича, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатини бутунлай йўқ қилиш талабини кейинга қолдириш кераклигини ҳам очиқ-ойдин билдирмоқчи.

Yedioth Ahronoth газетасининг таъкидлашича, бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилиш ва асирга олинганларнинг қайтарилиши мақсадини ўз ичига олган «мутлақ ғалаба» риторикасини рад этиши ўт очишни тўхтатиш келишуви яқинлашаётганини кўрсатиши мумкин.

Канал 12 телеканали Исроилдаги манбаларига таяниб хабар беришича, армия ҳукуматдан кейинги ҳаракатларни белгилашни сўраган. Икки вариант кўриб чиқилмоқда: Ғазо устидан тўлиқ назорат ўрнатиш бўйича операцияни якунлаш ёки асирдагиларни алмашиш бўйича битим тузиш. Телеканалга кўра, ҳарбий қўмондонлик иккинчи сценарийни афзал кўрмоқда.

Мавзуга оид