Жаҳон | 07:47
980
2 дақиқада ўқилади

ЕИ саммитида Исроил Ғазода инсон ҳуқуқларини поймол этаётганига урғу берилди

Антонио Кошта Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларини июл ойида Исроил бўйича қарор қабул қилишга чақирди.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Кенгаши раиси Антонио Кошта Исроил халқаро ҳуқуқни ва Европа Иттифоқи Ассоциация келишуви шартларини бузганини айтиб, июл ойида Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгаши йиғилишида қарор қабул қилиниши кераклигини таъкидлади.

Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ саммити ортидан Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида сўзлаган Кошта учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлган Ғазодаги вазиятга тўхталди.

«Исроил бизнинг дўстимиз, биз дўстларимиз билан очиқ, аниқ ва ҳалол гаплашишга мажбурмиз. Телевизорда кўраётган ва матбуотда ўқиганимизга ҳеч ким кўз юма олмайди. Ғазодаги гуманитар вазият билан боғлиқ ҳолатни қабул қилиб бўлмайди», — деди Кошта.

Унинг қайд этишича, таҳлил натижалари Исроил Ассоциация шартномасининг инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишни назарда тутувчи 2-моддасини очиқдан очиқ бузаётганини кўрсатди. «Ғазода инсон ҳуқуқлари Исроил томонидан мунтазам равишда поймол қилинмоқда», деб таъкидлади Европа кенгаши раҳбари.

Кошта Европа дипломатияси раҳбари Кая Калласга ЕИ ташқи ишлар вазирларининг 15 июлда бўлиб ўтиши режалаштирилган навбатдаги йиғилиши учун бу масала бўйича қарор тайёрлашни топширганини, шу билан бирга, Исроил билан мулоқот давом этишини таъкидлади.

Европа Иттифоқи Исроилга қўяётган шартлар орасида ўт очишни тўхтатишга риоя қилиш, Ғазога инсонпарварлик ёрдами киришини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини тўлиқ ҳурмат қилиш ва босиб олинган Фаластин ҳудудларида ноқонуний турар жой қуриш фаолиятини тўхтатиш бор.

Мавзуга оид