Жаҳон | 14:00
5623
10 дақиқада ўқилади

Эрдўған билан учрашган Трамп, Зеленскийни ўлдирмоқчи бўлган пенсионер ва НАТОнинг муҳим йиғилиши – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трамп Эрондан ҳам, Исроилдан ҳам «мамнун эмас»

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил ва Эрон ўртасида ўт очиш тўлиқ тўхтатилиши ҳақида эълон қилганига қарамай, режим кучга киргунга қадар ҳар икки давлат ҳам тун бўйи курашни давом эттирди. Эроннинг Исроил жанубидаги Беэр-Шева шаҳрига ракета зарбалари оқибатида етти киши ҳалок бўлди ва ўндан ортиқ киши жароҳатланди, деб хабар берди Миллий соғлиқни сақлаш хизмати.

Бутун Исроил бўйлаб ҳаво ҳужуми сиреналари янгради. Эроннинг давлатга қарашли Ириб телеканали Исроилга янги ракеталар отилиши ҳақида хабар берди. Dpа агентлигининг Исроил ҳарбий манбаларига таяниб хабар беришича, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари бунга жавобан Эрон ғарбидаги ракета учирувчи қурилмаларини йўқ қилган. Бу Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида аввалроқ эълон қилган «тўлиқ оташкесим» кучга киришидан олдин содир бўлди.

Орадан кўп ўтмай, АҚШдаги Трамп маъмурияти Исроилнинг ҳаракатларидан норози бўлди. Трамп ўзи шахсан бир нечта постлар орқали Исроилни огоҳлантирди: «Исроил. Бомба ташламанг! Бу сулҳни бузиш бўлади. Учувчиларингизни ортга қайтаринг!» Кейинчалик Трамп «Исроил Эронга ҳужум қилмайди, самолётлар ортга қайтади, ҳеч кимга зарар етмайди» дея баёнот берди. У Исроилни «биз келишувга эришганимиз заҳоти энг катта бомбардимонни амалга оширганликда» айблади ва икки томон ҳақида «улар нима қилаётганини билмайди» деб ҳақоратли сўзлар ишлатди.

Кейин Трамп Эронга ҳужум қилмоқчи бўлган Исроил қирувчилари ортга қайтганини ёзган.

«Исроил Эронга ҳужум қилмайди. Барча самолётлар ортга қайтади ва Эронга қанотларини силкиб, дўстона салом йўллайди. Ҳеч кимга зарар етмайди, оташкесим кучда!». Шунингдек, АҚШ президенти «Эрон ядро иншоотларини ҳеч қачон қайта қурмаслигини» қўшимча қилди.

АҚШ ОАВларининг ёзишича, Трамп Европага жўнаб кетаётган пайтда «Air Force One» бортидан Исроил бош вазири Нетаняхуга қўнғироқ қилиб, унга овозини кўтарган ҳамда сулҳни сақлаб қолиш кераклигини қатъий айтган.

Халқаро ҳамжамият ушбу сулҳни эҳтиёткорона оптимизм билан кутиб олмоқда. Россия, Франция, Германия ва Қатар етакчилари барқарор тинчликка умид билдирди. Бироқ Европа Иттифоқи расмийлари ва Яқин Шарқ таҳлилчилари ҳужумлар давом этаётганини инобатга олиб, сулҳнинг мўрт ва ноаниқликлар билан тўла эканини эслатмоқда.

СБУ раҳбари: Зеленскийга суиқасднинг олди олинди

Украина президент Володимир Зеленскийга навбатдаги суиқасднинг олдини олди. Бу ҳақда "РБК-Украина" ва "Интерфакс-Украина" агентликлари иқтибос келтирган Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) раҳбари Василий Малюк маълум қилди.

«Вазифа президент Зеленскийни "Жешув" аэропортида жисмонан йўқ қилиш эди. Бир неча вариант кўриб чиқилган. Улардан бири FPV-дрон, иккинчиси снайпер мажмуаси эди», — деди СБУ раҳбари.

Унинг версиясига кўра, Москва буйруғи билан суиқасдни собиқ ҳарбий, полшалик пенсионер тайёрлаган. «Полшалик ҳамкасбларимиз профессионал тарзда ишлади, бу бизнинг биргаликдаги ишимиз эди», — дея қўшимча қилди Малюк.

Эрдўған Трамп билан ёпиқ учрашув ўтказди

НАТО давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Ҳаагада бўлиб турган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған у ерда Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Трамп билан учрашув ўтказди.

Президентлар учрашуви НАТО саммитида қатнашаётган етакчилар ва уларнинг рафиқалари шарафига Голландия қироли томонидан уюштирилган кечки овқатдан сўнг, ОАВ учун ёпиқ тарзда ўтказилди.

Anadolu нашрининг хабар беришича, президент Эрдўған учрашув АҚШ билан мудофаа саноатидаги ҳамкорликнинг ривожланиши икки томонлама савдо ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш мақсадига хизмат қилишини айтган.

«Туркия раҳбари АҚШ президенти Трампнинг саъй-ҳаракатлари натижасида Исроил ва Эрон ўртасида эришилган сулҳни олқишлади. У бу сулҳ барқарор бўлишини тилади ва Ғазо секторидаги гуманитар фожиани имкон қадар тез тўхтатиш ҳамда Россия ва Украина ўртасидаги урушни тинч йўл билан ҳал этиш учун яқин мулоқот муҳимлигини таъкидлади», дейилади хабарда.

Шунингдек, НАТОнинг етакчи иттифоқчилари сифатида икки давлат Альянснинг тийиб турувчи салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида қадамларини гаплашган.

Ғазода геноцид давом этмоқда

Эрон билан сулҳ қилишга мажбур бўлган Исроил Ғазо ва бошқа ҳудудлардаги ҳарбий ҳаракатлардан тийилмаяпти. Хусусан, куни-кеча Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган навбатдаги ҳужумларида 84 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, улардан кўпи инсонпарварлик ёрдами кутаётган фуқаролар бўлган. Айниқса, Нетзарим йўлаги, Рафаҳ шаҳри ва Хон-Юнусдаги ҳужумлар энг кўп талафотларга сабаб бўлди: фақат Нетзаримда 29, Рафаҳда 27 киши ҳалок бўлган. Ғазонинг Зайтун мавзесида уйга қилинган ҳаво ҳужуми натижасида яна 10 киши ҳалок бўлган. Жабалия, Шужаия ва Карара туманларида ҳам қурбонлар қайд этилган. Баъзи ҳолларда жасадларни олиб чиқиш имкони бўлмаяпти, чунки бомбардимонлар давом этмоқда.

Бу орада ҲАМАС ҳарбий қаноти — «ал-Қассам» бригадаси жанубий Ғазодаги бир нечта ҳарбий операциялар тафсилотларини эълон қилди. Улар «Довуд тошлари» номли амалиёт доирасида бир исроиллик аскар ўлдирилгани, шунингдек, 11-16 июн кунлари ҳам Исроил аскарлари билан ҳарбий тўқнашувлар бўлганини ёзган.

Фаластин билан бирга, Ливан ҳам Исроил ҳужумларидан азият чекмоқда. 25 июнь куни жанубий Ливандаги Бинт-Жубайл шаҳрида Исроилнинг дрон зарбаси натижасида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳужум ноябрь ойида «Ҳизбуллоҳ» билан эришилган сулҳга қарамай амалга оширилган. Сулҳ шартларига кўра, Ҳизбуллоҳ Литани дарёсидан шимолга чекиниши, ҳудудда эса фақат Ливан армияси ва БМТ тинчликпарварлари қолиши керак эди. Бироқ Исроил жанубий Ливанда стратегик аҳамиятга эга деб ҳисобланган беш нуқтада ҳарбийларини ушлаб турибди ва ҳужумларни давом эттиряпти.

Исроилнинг сўнгги ҳарбий амалиётлари ва уларга жавобан ҲАМАС ҳамда Ҳизбуллоҳ ҳаракатларининг кучайиши, Ғазодаги тинч аҳолига қарши ҳужумлар халқаро ҳуқуқ ва инсонпарварлик нормаларига зид экани ҳақидаги танқидларни кучайтирмоқда.

НАТО етакчилари тўпланди: улар нимани муҳокама қилади?

24–25 июнь кунлари Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида НАТОнинг давлат раҳбарлари саммити бўлиб ўтмоқда. Ушбу саммитга кеча Трамп, Эрдўған ва бошқа етакчилар етиб келган улар бугун асосий йиғилиш ўтказади.

Reutersʼнинг ёзишича, саммитда ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 5 фоизигача бўлган янги мудофаа харажатлари мақсади маъқулланиши кутилмоқда. Бу Трампнинг талаблари ва Европанинг, айниқса, Россиянинг 2022 йилдаги Украинага босқинидан сўнг хавфсизликка тобора кўпроқ таҳдид сифатида қаралаётганидан келиб чиққан ташвишларига жавобдир.

10 йил ичида эришилиши кутилаётган бу кўрсаткич — амалдаги 2%лик мақсаддан сезиларли равишда юқори. Бу ўзгаришлар минглаб миллиард долларлик қўшимча йиллик ҳарбий харажатларни англатади. Режага кўра:

·       3.5% ЯИМ асосий ҳарбий эҳтиёжлар — аскарлар ва қуролларга,

·       1.5% эса киберхавфсизлик, инфратузилмани (йўллар, кўприклар) ҳарбий техника учун мослаштириш каби кенгайтирилган мудофаа чоралари учун сарфланади.

НАТО расмийлари Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро ҳамда АҚШнинг ҳафта охирида Эрон ядровий объектларига уюштирган зарбалари ушбу саммитга соя солмаслигига умид қилишмоқда.

Трамп НАТО аъзолари белгиланган харажат меъёрларига риоя қилмаса, уларни ҳимоя қилмаслиги билан таҳдид қилган ва саммитга йўл олаётиб ҳам 5-моддани — ўзаро мудофаа мажбурияти бўйича бандни — бевосита қўллаб-қувватламаслик билан яна шубҳа уйғотди. «Air Force One» бортида журналистларга гапирар экан, Трамп бу банднинг «бир нечта талқинлари» борлигини айтди: «Мен инсон ҳаёти ва хавфсизлигини сақлашга содиқман. Аниқ таърифни саммитга боргач бераман».

НАТОнинг барча аъзолари бу мақсадни тасдиқлаган бўлса-да, Испания ўзининг ҳарбий мажбуриятларини анча кам харажатлар билан бажара олишини билдирди. Бош вазир Педро Санчеснинг бу позициясига НАТО бош котиби Рютте рози бўлмаса-да, Трампни қониқтириш ва саммитни муаммосиз ўтказиш учун дипломатик келишувга бориши айтилган.

Трампни зерикиб қолмаслиги учун саммит матни қисқа ва асосан харажат мажбурияти билан чекланган. Баёнотда Россия таҳдид сифатида тилга олинади, Украина билан бирдамлик тасдиқланади, бироқ Трампнинг Москвага нисбатан юмшоқ позицияси сабабли бу масалалар чуқур ёритилмайди.

Украина президенти Володимир Зеленский асосий саммитда эмас, фақат саммит олдидан кечки овқатга таклиф этилган. Трамп Зеленский билан алоҳида учрашишини билдирган.

Мавзуга оид