Жаҳон | 15:03 / 24.06.2025
1706
3 дақиқада ўқилади

Рютте: Киев НАТО давлатларидан ҳарбий ёрдамга ишониши мумкин

Трампнинг вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатлари давом этаётганига қарамай, Украина НАТО давлатларидан кейинги ҳарбий ёрдамга умид қилиши мумкин. Бу ҳақда алянс бош котиби Ҳаагадаги саммит арафасида айтиб ўтди.

Фото: Yves Herman/REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трампнинг тинч келишувга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларига қарамай, Украина НАТО давлатларидан кейинги ҳарбий ёрдамга умид қилиши мумкин. Бу ҳақда 23 июн, душанба куни Шимолий Атлантика алянси бош котиби Марк Рютте НАТОнинг Ҳаагадаги саммити бошланиши олдидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Бу йил иттифоқчилар Киевга хавфсизлик соҳасида тахминан 35 миллиард евро миқдоридаги ёрдам ҳақида ваъда берди, дея эслатади Рютте.

Ўтган йили Киевнинг иттифоқчилари Вашингтондаги саммитда 40 миллиард евро ажратишга ваъда берганидан сўнг, бу мақсадлар учун 50 миллиард еврога яқин маблағ жалб қилди, дея таъкидлади dpa агентлиги. Унга кўра, Ҳаагадаги саммит декларациясини тайёрлаш чоғида Қўшма Штатлар бу сафар иттифоқчилар якуний коммюникеда Украинага ҳаволаларни чеклашни талаб қилган.

Аввалроқ Канаданинг Кананаскис шаҳрида бўлиб ўтган G7 («Еттилик гуруҳи») йиғилишидаги иштирокини зудлик билан тўхтатган АҚШ президенти Доналд Трампнинг «муддатидан олдин кетиши»нинг олдини олиш мақсадида НАТО Ҳаагадаги саммит иш дастурини 2,5 соатлик бир сессияга қисқартирди. Бу ҳақда 19 июн куни Британиянинг The Financial Times (FT) газетаси уч манбага таяниб хабар берди. «Трамп зерикмаслиги учун шундай қарор қабул қилинди», — дейилади газета.

Сессияда, жумладан, бош котиб Марк Рюттенинг 2030 йилга бориб блокка аъзо давлатларнинг ҳарбий харажатларини ЯИМнинг 3,5 фоизигача ошириш, шу билан бирга тегишли соҳаларга, жумладан, инфратузилма ва киберхавфсизликка 1,5 фоиз сармоя киритиш таклифи муҳокама қилинади.

Испания ва бошқа оз сонли давлатлар ҳозирда бу режаларга қарши. Мадрид мудофаа харажатларининг бунчалик кескин ошиши Испаниянинг ижтимоий таъминот харажатларини сақлаб қолиш қобилиятини хавф остига қўйишидан хавотирда.

«Умид қиламанки, Трамп яқинда Канадада бўлиб ўтган G7 йиғилишида бўлгани каби саммитни эрта тарк этмайди», деди НАТО бош котибининг собиқ ўринбосари Жейми Ши DW нашрига берган интервюсида. «Ушбу энг ёмон сценарий алянснинг баъзи иттифоқчиларида жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда ва улар ҳар қандай ҳолатда ҳам ундан қочишни хоҳлайди». 

Шининг сўзларига кўра, «Трамп у ерда бўлиши ва НАТО ҳозир қилаётган, Европа хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бераётган барча яхши ишлар ҳақида билиши муҳим».

Якуний ҳужжатда Россия таҳдиди ҳақида бир нечта иборалар бўлади, деди DW НАТО манбалари, бироқ АҚШнинг Киев ва Москвани музокаралар столига ўтказишга уринишлари ҳисобга олинса, янги қаттиқ позиция кўзда тутилмаган.

Ши қўшимча қилганидек, Украинанинг алянсга аъзо бўлиш истаги саммитнинг якуний декларациясида тўлиқ акс этиши эҳтимоли нолга тенг. «Шубҳасиз, Қўшма Штатлар бу масалани четга суриб қўйишни хоҳлагани аниқ», — деди эксперт.

Мавзуга оид