Жаҳон | 17:41 / 24.06.2025
1188
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Олий суди мигрантларни учинчи давлатларга депортация қилишга рухсат берди

Олий суд мигрантларни ўз ватанидан бошқа мамлакатларга депортация қилиш ғайриқонуний эмас, деган қарорга келиб, бундай амалиётларнинг қайта тикланишига «яшил чироқ ёқди».

Фото: AP

Доналд Трамп маъмурияти ноқонуний мигрантларга қарши муросасиз курашда навбатдаги муҳим ғалабага эришди, деб ёзди «Коммерсант». АҚШ Олий суди уларни учинчи мамлакатларга депортациясини қайта тиклашга рухсат берди ва шу билан қуйи суднинг ушбу амалиётни ноқонуний ва ғайриинсоний деб топган қарорини бекор қилди.

АҚШ Олий судининг 23 июн кунги қарори бир овоздан қабул қилинмади: 9 нафар судядан 6 нафари мигрантларни ўз ватанидан бошқа мамлакатларга депортация қилиш ғайриқонуний эмас, деган қарорга келиб, бундай амалиётларнинг қайта тикланишига «яшил чироқ ёқди».

Жорий суд маҳкамасига Мянма, Куба, Мексика, Лаос, Ветнам ва Жанубий Судандан келган саккиз нафар мигрантнинг иши сабаб бўлди - Трамп маъмуриятига кўра, улар Қўшма Штатларда «даҳшатли жиноятлар», жумладан, қотиллик, ўт қўйиш ва қуролли талончиликни содир қилган. Май ойида саккиз кишининг барчаси Жанубий Суданга, АҚШ Давлат департаменти расман «жиноят, одам ўғирлаш ва қуролли можаро туфайли» хавфли деб таснифланган мамлакатга депортация қилиниши ҳақида буйруқ берилди.

Аммо адвокатлар ва АҚШ Бостон округи судяси Брайан Мерфи (Жо Байден томонидан тайинланган) аралашуви туфайли мигрантлар суд жараёнида Жибутидаги АҚШ ҳарбий базасида қолиб кетди. Кейинчалик АҚШ Бош прокуратураси шикоят қилганидек, иммиграция расмийлари ҳатто ҳарбий базадаги конференция залида «хавфли жиноятчилар учун вақтинчалик ҳибсхона ташкил қилишга» тўғри келди.

Олий суд қарори республикачи президентнинг оммавий депортациялар бўйича режаларини амалга оширишдаги навбатдаги ғалабаси бўлди ва АҚШ Ички хавфсизлик департаментига кўра, бу ҳам «Америка халқи хавфсизлиги учун ғалаба» эди. «Депортация самолётларини учиринг», деб қичқирди Миллий хавфсизлик котиби ёрдамчиси Трисия Маклафлин судялар ҳукмидан кейин.

Аввалроқ, The Washington Post нашрининг ёзишича, жорий йилда Қўшма Штатлардан 1 миллионгача мигрантни депортация этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Доналд Трамп навбатдаги муҳим ғалабани қўлга киритган эди. 20 май куни Олий суд Трамп маъмуриятига АҚШ ҳудудида вақтинчалик бошпана бериш дастури доирасида яшовчи 350 мингга яқин венесуэлалик мигрантни депортация қилишга рухсат берди. Бир неча кундан сўнг, яна бир қарорда судялар Жо Байденнинг Куба, Ҳаити, Никарагуа ва Венесуэладан келган ярим миллионга яқин мигрантларга АҚШ ҳудудида икки йил қолиб, соддалаштирилган тартибда ишлаш учун рухсатнома олиш имконини берувчи гуманитар дастурини тўхтатишга рухсат берди.

Бир қатор давлатлар Қўшма Штатлардан чиқариб юборилган фуқароларини қайтариб олишни истамаслиги фонида Оқ уй муаммони ноқонуний мигрантларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, аммо бу орқали пул ишлашга интилаётган учинчи давлатларни жараёнга жалб этиш орқали ҳал қила бошлади. Салвадор, Панама ва Коста-Рика депортация этилганларни қабул қилишга келишиб олди. Баъзи маълумотларга кўра, Руанда ва Ливия ҳукуматлари билан ҳам шундай келишувлар мавжуд.

Бундан ташқари, Трамп маъмурияти ноқонуний мигрантларни Кубадаги Гуантанамо ҳарбий базасига юбориш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.

Мавзуга оид