Жаҳон | 19:25
5053
2 дақиқада ўқилади

Эрон парламенти Ҳормуз бўғозини ёпиши мумкин

Дунё нефтининг қарийб 20 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг катта қисми Ҳормуз бўғози орқали ўтади.

Фото: AP

Эрон парламенти АҚШ томонидан ядро объектларига уюштирилган ҳужумдан кейин Ҳормуз бўғозини ёпишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда мамлакат парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича комиссияси аъзоси Исмоил Ковсари маълум қилди.

«Ушбу масала бўйича якуний қарор Миллий хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинади», — дейди у.

Ҳормуз бўғози Форс ва Ўмон кўрфазлари орасида жойлашган бўлиб, шимолда Эрон, жанубда эса Ўмон билан чегарадош. Бу Форс кўрфазидан очиқ океанга чиқиш учун ягона денгиз ўтиш йўли ҳисобланади. Дунё нефтининг қарийб 20 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг катта қисми Ҳормуз бўғози орқали ўтади.

Ҳормуз бўғозининг ёпилиши АҚШнинг 22 июнга ўтар кечаси Эрон ядро объектларига уюштирган ҳужумига жавоб бўлади. АҚШнинг Натанз, Исфаҳон ва Фордодаги объектларга қарши операцияси ўтган тунда бошланган эди. Пентагон маълумотларига кўра, Эронни бомбардимон қилишда 125 та самолёт иштирок этган. МАГАТЭ АҚШ зарбаларидан кейин радиация даражаси ошмаганини тасдиқлади.

Аввалроқ экспертлар агар АҚШ урушга қўшилса, Эрон Ҳормуз бўғозини ёпиши, дунё иқтисодиётида истеъмолда бўлган нефтнинг 20-30 фоизи шу заҳоти блокланиши ҳақида гапирган эди.

Мавзуга оид