Ўзбекистон | 19:06 / 21.06.2025
2053
2 дақиқада ўқилади

Эрондан 60 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўрсатмасига мувофиқ Теҳрон ва Ашхободдаги дипломатик ваколатхоналарда узлуксиз ишлайдиган тезкор штаблар тузилган. Тезкор штаб Эронда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини Туркманистон орқали қайтариш чораларини кўрмоқда.

Фото: Getty Images

Яқин Шарқдаги мураккаб вазият туфайли қатор давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз фуқароларини хавфсиз равишда ватанига қайтариш бўйича фаол чора-тадбирлар кўрмоқда.

ТИВ қошидаги «Дунё» ахборот агентлигининг маълум қилишича, Ташқи ишлар вазирлиги кўрсатмасига мувофиқ Ўзбекистоннинг Теҳрон ва Ашхободдаги дипломатик ваколатхоналарда кеча-ю кундуз ишлайдиган тезкор штаблар тузилди. Тезкор штаб Эронда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини Туркманистон орқали қайтариш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Хусусан, бугунга қадар Эрондан Туркманистон орқали жами 60 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди.

«Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонаси ватандошларимизнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича доимий алоқа ва мувофиқлаштирув ишларини олиб боряпти. Ашхободдаги элчихонамиз эса Туркманистон расмийлари билан ҳамкорликда фуқароларини чегарада кутиб олиш, виза ва транспорт масалаларини ҳал этиш ҳамда ватанига қайтариш жараёнини самарали ташкил этмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Тел-Авивдаги элчихонаси Исроил туризм вазирлиги мамлакатда вақтинчалик бўлиб турган сайёҳларга хавфсиз тарзда чиқиб кетиш имконини берувчи махсус рақамли рўйхатдан ўтиш шаклини жорий этганини маълум қилганди.

Шунингдек, Тел-Авивдаги элчихона хавфсизлик билан боғлиқ вазият туфайли Исроилни мустақил тарк этиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларига 3 та назорат-ўтказиш пунктлари орқали Миср ёки Иорданияга ўтиб, Тошкентга учиб келиш йўналиши ҳақида тавсиялар берганди.

Мавзуга оид