Жаҳон | 19:42
19442
2 дақиқада ўқилади

Эрон олий раҳбари вафот этган тақдирда уч нафар ўринбосари номини айтди – ОАВ

Олий раҳбарни тайинлаш учун масъул бўлган Экспертлар ассамблеясига ворисни тезкор танлаш бўйича кўрсатма берилган.

Фото: Vahid Salemi/AP

Эрон олий раҳбари Али Хоминаий агар АҚШ ёки Исроил ўзини ўлдирса, ўрнига тайинланадиган уч нафар номзодни танлади, деб ёзди The New York Times Эрондаги манбасига таяниб.

Қайд этилишича, олий раҳбарни тайинлаш учун масъул бўлган Экспертлар ассамблеясига ворисни тезкор танлаш бўйича кўрсатма берилган.

Нашрнинг ёзишича, Эронда янги олий раҳбарни тайинлаш жараёни одатда бир неча ой давом этиши мумкин. Аммо ҳозир мамлакатда уруш давом этар экан, расмийларнинг айтишича, Хоминаий ҳокимиятни тезкор ва тартибли топширилишини таъминламоқчи.

Қайд қилинишича, Хоминаийнинг ўғли, уламо ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига яқин бўлган Мўжтаба рўйхатда йўқ, ваҳоланки айнан унинг отаси ўрнига асосий даъвогар экани ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Шу билан бирга, Хоминаий ҳарбий қўмондонлар ўлдирилган тақдирда уларнинг ўрнига бир қанча номзодларни танлаган.

Шу билан бирга, мақолада қайд этилишича, Эрон дастлабки зарбадан кейинги шок ҳолатидан чиқиб олган ва Исроилга кундалик қарши ҳужумлар уюштириш учун сафарбарликни тиклаган.

Ислоҳотчи сиёсатчи ва Эрон собиқ вице-президенти Муҳаммад Али Абтаҳий сўзларига кўра, Исроил Эрон жамиятининг урушга муносабатини тўғри ҳисоблай олмаган. Одатда бир-бирига қарама-қарши бўлган сиёсий гуруҳлар олий раҳбар атрофида тўпланиб, мамлакатни ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишга бел боғлаган.

NYT манбаларининг айтишича, Эрон раҳбариятини ҳозир учта асосий масала ташвишга солмоқда: Хоминаийга эҳтимолий суиқасд, АҚШнинг урушга қўшилиши ва муҳим инфратузилмага мисли кўрилмаган вайронкор ҳужумлар.

Эронда ўлим қўрқуви шу қадар кучлики, деди расмийлар, разведка хизмати амалдорлар ва ҳарбий қўмондонларга мобил телефон ва бошқа электрон алоқа воситаларидан фойдаланишни тақиқлаган. Уларга ер остида қолиш буюрилган.

Мавзуга оид