Жаҳон | 20:23 / 19.06.2025
2656
3 дақиқада ўқилади

Интерпол собиқ раҳбари шахсларни пора эвазига қидирувдан олиб ташлаганликда гумонланмоқда

Молдовалик Витали Пирлог оғир жиноятларда гумонланувчиларга Интерпол томонидан ҳибсга олинмаслик имконини берадиган халқаро схеманинг асосий шахси сифатида кўрилмоқда.

Фото: INTERPOL

Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги 19 июн куни Молдова собиқ адлия вазири Витали Пирлог ҳибсга олинганини тасдиқлади, у 2017—2022 йилларда Интерпол файлларини назорат қилиш комиссияси (CCF) раиси бўлиб ишлаган.

У 15 июн куни Франция сўровига кўра, Дубайда ҳибсга олинган. Пирлог ҳужжатларни қалбакилаштириш, порахўрлик ва фирибгарликда воситачилик қилишда гумон қилинмоқда.

Bloomberg маълум қилганидек, Пирлог ўнлаб оғир жиноятларда гумонланувчиларга Интерпол томонидан ҳибсга олинмаслик имконини берадиган халқаро схеманинг асосий шахсига айланган. Гумонланувчилар Молдовадаги адвокатлар ва расмийлар орқали сохта қочқин мақомини олган, бу эса Интерпол маълумотлар базасидаги қизил (қидирув) билдиришномани автоматик равишда блоклаш имконини берди. Бу амалиёт 2017 йилдан бери мавжуд. Терговчиларга кўра, схема 2022 йил ўрталаридан бошлаб, фош этилгунга қадар тахминан 6 ой давомида ишлаган.

Bloomberg ва RISE Moldova томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, камида 26 киши ушбу схемадан фойдаланган, жумладан:

- Андрей Шлякновой — россиялик банкир, «Агросоюзбанк»дан 130 миллион рублни ўзлаштиришда айбланган;

- Сергей Шпак — 2019 йилда Россияда 1,8 миллиард рубл миқдоридаги фирибгарлик учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган россиялик тадбиркор;

- Мурат Усенов — Қирғизистон собиқ бош вазирининг ўғли, пул ювишда айбланган;

- Сергей Ошеровский — Украина ва Исроил фуқароси, 1 миллион доллар ундиришда гумон қилинмоқда;

- Чен Мулин - Сингапур тарихидаги энг йирик пул ювиш ишида иштирок этган кипрлик-камбожалик тадбиркор;

- Дуан Хонгтао - Хитой банкининг акциядори бўлиб, 358 миллион долларни ўзлаштириш ва 248 миллион долларни ювишда гумон қилинмоқда;

- Тарик Кербучи - Франция фуқароси бўлиб, уч тонна кокаин контрабандасида айбланмоқда.

Билдиришномаларни олиб ташлаш учун сохта бошпана аризалари ва сохта ҳужжатлар ишлатилган. Пуллар Пирлогнинг БААдаги компанияси ҳисоб рақамига ўтказилган.

Пирлогнинг ўзи адвокати орқали айбловларни рад этмоқда. У далилларнинг қонунийлигига эътироз билдиряпти ва БААдаги компания фақат қонуний фаолият билан шуғулланганини даъво қилади. БАА суди ҳали Пирлогни Францияга экстрадиция қилиш бўйича қарор қабул қилгани йўқ.

Мавзуга оид