Жаҳон | 21:41 / 19.06.2025
1932
5 дақиқада ўқилади

Дунёда қиз ҳомилани аборт қилиш кескин камайди: қандай қилиб?

Дунё бўйлаб ота-оналар ҳомиланинг жинси қиз бўлгани сабаб уни олдириб ташлаши ҳолатлари сезиларли камайди, дея ёзади The Economist. Бу борадаги рақамлар 25 йил олдингига қараганда бир неча баробарга яхшиланган. Айрим жамиятларда турли сабаблар билан фақат ўғил туғишни хоҳлаш миллионлаб эркакларнинг бўйдоқ яшаб ўтишига олиб келди.

Фото: The Economist

Ўғил болаларни қизлардан афзал кўриш, хусусан фақат ўғил бўлишини истаб қиз ҳомилани олдириш амалиёти бутун дунёда анча камаймоқда, деб ёзади The Economist.

Қизларни аборт қилдириш 1980 йилларда ҳомиланинг жинсини ултратовуш аппаратлари ёрдамида аниқлаш оммалашганидан кейин кенг тарқалган эди. Фарзанд кўришни орзу қилган, лекин фақат ўғил истаган ота-оналар — хусусан, Хитой ва Ҳиндистонда — ҳомила қиз бўлса, уни олдириб ташлай бошлашди.

2000 йилга келиб, глобал миқёсда табиий туғилиш ҳисоб-китобларига нисбатан қизларнинг туғилиши 1,6 миллионтага кам бўлган. Бу тахминан шунча қиз ҳомила аборт қилинган бўлиши мумкинлигини англатади. Бугунги кунда бу рақам 200 минг атрофида. Ва бу кўрсаткич камайишда давом этмоқда.

Ўғил болаларга афзаллик бериш ҳолати энг кучли бўлган давлатлардаги тенденция айниқса кескин ўзгарган. Туғилишда жинс нисбати (одатда ҳар 100 қизга 105 ўғил тўғри келади, чунки ўғил болалар болаликда кўпроқ вафот этади) барқарорлашмоқда. Туғилиш пайтидаги жинсий нисбат илгари бутун Осиё бўйлаб номутаносиб бўлган. Мисол учун, Хитойда бу кўрсаткич 2006 йилда ҳар 100 қизга 117,8 ўғилдан ўтган йили 111,2 га тушди. Ҳиндистонда 2010 йилда 109,6 бўлган нисбат ҳозирда 106,8 га тушган. Жанубий Кореяда эса ҳолат бутунлай нормаллашди: 2005 йилда 112,5 бўлган кўрсаткич ҳозирда 105 атрофида.

The Economist 2010 йилги сонларидан бирига қиз ҳомиладан воз кечиш муаммосини кўтариб, муқовасида “гендерқотиллик” сарлавҳаси билан чиққанди. Ҳозирги пасайиш - ижобий янгилик. Бу биринчи навбатда гендер дискриминацион анъаналарнинг йўқолиб бораётганини англатади.

Қолаверса, бу эркаклар учун ҳам яхши хабар: айрим жамиятларда жинсга қараб аборт қилиш амалиёти миллионлаб эркакларни бутун ҳаёти давомида бўйдоқ яшашга маҳкум қилди. Хитойда бундай эркаклар “яланғоч новдалар” деб аталади.

Айрим ҳудудларда ҳатто энди қиз болаларни афзал кўриш ҳам бошланмоқда. Яъни ўғилни эмас, айнан қиз фарзандни хоҳлаётган ота-оналар сони ошиб боряпти. Бунда ўғил болаларни айнан ўғил бола бўлгани учун аборт қилишаётгани йўқ. Қизларни афзал кўриш бошқа белгилар, масалан сўровномалар натижалари ёки туғилиш тенденцияларидан маълум бўляпти.

Масалан, Японияда фақат битта фарзанд хоҳлайдиган жуфтликлар борган сари кўпроқ қиз фарзандни танлашяпти. Дунё бўйлаб эса ота-оналар асосан ҳам ўғил, ҳам қиз хоҳлашади. Ғарбда, айниқса, Америка ва Скандинавияда илк фарзанд ўғил бўлса, ота-оналар қиз кўриш умидида иккинчи фарзандни ҳам дунёга келтиришга ҳаракат қилади. Асраб олишда ҳам кўпинча қизлар учун кўпроқ ҳақ тўлашга тайёрлар. In vitro уруғлантириш (IVF) орқали жинсни танлаш мумкин бўлган мамлакатларда эса тобора кўпроқ одамлар қиз болани танламоқда.

Одамлар қиз фарзандни турли сабабларга кўра афзал кўришади. Баъзилар қизларни тарбиялаш осонроқ деб ўйлашади, бошқалар эса қизалоқларнинг мулойимлиги, нозиклигини қадрлашади. Айрим жамиятларда кексайган ота-онага ғамхўрлик қилиш қизнинг елкасидаги вазифа деб қаралади.

Қизларга афзаллик бериш бошлангани ўғил болаларнинг келажагидан хавотирлар кучайгани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Ўғил болалар кўпинча муаммо чиқаришади: дунё бўйлаб қамоқдаги маҳкумларнинг 93 фоизи эркаклардир. Дунёнинг аксар давлатларида улар таълимда ҳам қизлардан ортда қолишади. Бой давлатларда аёлларнинг 54 фоизи олий маълумотли, эркакларда бу кўрсаткич – 41 фоиз.

Келажакда технологиялар ота-оналарга кўпроқ танлов имкониятини беради. Баъзилари баҳсли эмас: агар ҳомиладаги генетик касалликларнинг олдини олиш мумкин бўлса, кўпчилик буни қилишга иккиланмайди. Лекин агар жинс танлаш учун янги технологиялар кенг тарқалса-чи? Жуфтликлар ҳозирги даврда ҳам Х хромосомали сперматозоидларни танлаши ёки эмбрион жинсини генетик тест орқали аниқлаш имконига эга. Бундай усуллар ҳозирча қиммат ва оммалашмаган, лекин бу вақтинчалик. Агар янги номутаносиблик юзага келса, бу нима оқибатларга олиб келишини ўйлаб кўриш керак: келажакда аёллар сони эркакларникидан анчагина кўп бўлган авлод пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Мавзуга оид