Жаҳон | 15:24
6607
3 дақиқада ўқилади

Дунёнинг яшаш учун энг қулай шаҳарлари рейтинги эълон қилинди

Economist Intelligence Unitʼга кўра, Дания пойтахти Копенгаген яшаш учун энг қулай шаҳар деб топилди. Ундан кейинги ўринларда Вена ва Цюрих. Охирги ўринни Суриянинг Дамашқ шаҳри эгаллади. Тошкент ҳам рейтингнинг қуйи поғоналарида қайд этилди. 

Британиянинг The Economist журнали таҳлилий бўлими – Economist Intelligence Unit (EIU) дунёнинг яшаш учун энг қулай шаҳарлари рейтингини эълон қилди.

Рейтингда дунёнинг 173 шаҳри барқарорлик, атроф-муҳит, соғлиқни сақлаш, инфраструктура ва таълим кўрсаткичлари бўйича 100 балли тизимда баҳоланди.  

Копенгаген 2025 йил яшаш учун энг қулай шаҳар деб топилди. Австрия пойтахти барқарорлиги, яхши инфратузилмаси, сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш хизмати, шунингдек, кўплаб маданий ва кўнгилочар тадбирлар туфайли етакчиликни қўлган киритган.

Иккинчи ўринда Вена ва Цюрих, учинчи ўринда эса Мелбурн қайд этилган. Энг яхши ўнликка, шунингдек, Женева, Сидней, Осака, Окленд, Аделаида ва Ванкувер кирди.

Рейтингда сўнгги ўринни Суриянинг Дамашқ шаҳри эгаллади. Бундан ташқари, яшаш учун ноқулай шаҳарлар ўнталигига Триполи, Дакка, Карачи, Жазоир, Лагос, Хараре, Порт-Морсби, Киев ва Каракас кирди.

Economistʼнинг қайд этишича, дунёдаги беқарорлик туфайли шаҳарлардаги турмуш шароитлари кетма-кет иккинчи йил яхшиланмаяпти. 2022-2024 йилларда кетма-кет уч йил рейтингда етакчилик қилган Вена олди олинган иккита теракт — бири америкалик қўшиқчи Тейлор Свифтнинг концертида, иккинчиси темирйўл вокзалида — туфайли биринчи ўриндан маҳрум бўлган.

Қўшимча қилинишича, кичикроқ шаҳарлар рейтингда одатда юқорироқ ўринларда жойлашади. Энг яхши 20 та шаҳарнинг фақат учтасида 6 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Масалан, Лондон ва Нью-Йорк мос равишда 54 ва 69-ўринларда. Бу шаҳарларда жиноятчилик даражаси ва терроризм хавфи юқори, йўллар ҳам тирбанд. Дунёнинг энг йирик шаҳарларидан бири Токио эса 13-ўринни эгаллаган. 

Шунингдек, 2024 йилда 5-ўринни эгаллаган Калгари бу йил 18 ўрингача, Торонто эса 12-ўриндан 16-ўринга тушиб кетган. Канада шаҳарларининг бундай жиддий пастлаши тиббиёт муассасалари ва шифохоналардаги ходимлар этишмаслиги натижасида юзага келаётган узоқ навбатлар билан боғланган.

Тошкент рейтингнинг энг қуйи поғоналарида қайд этилган. Ўзбекистон пойтахти 100 баллик тизимда 50 дан 60 баллгача тўплаган ҳолда оч кулранг рангдаги мамлакатлар қаторидан жой олган. Бу тахминан 145-160 ўринлар оралиғига тўғри келиши мумкин.

Мавзуга оид