Ўзбекистон | 22:03 / 18.06.2025
1083
5 дақиқада ўқилади

Бойсун ўрмонида йирик ёнғин, муаммоли автобус бекатлари, васий тайинланган юзлаб болалар – маҳаллий дайжест

Бойсун ўрмон ҳудудида йирик ёнғин юз берди, ёнғин-қутқарув экипажлари офат билан тонггача курашди. Рақобат қўмитаси Ўзбекистон бўйлаб 2800 та автобус бекатини танланма усулида текширди ва кўплаб камчиликлар ҳамда муаммоларни аниқлади. Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун божсиз олиб кириладиган товарлар қиймати камайтирилди, баъзилари икки баробаргача. Ота-онаси чет давлатларда бўлиб турган 361 нафар вояга етмаган болага васий ва ҳомий тайинланди. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бойсун ўрмон ҳудудида йирик ёнғин юз берди

17 июн куни кечга яқин Сурхондарё вилояти Бойсун тумани «Кенгдала» ўрмон хўжалиги бўлимига қарашли арчазорларга туташ ҳудудда ёнғин чиқди. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб бориб, эртаси куни тонгда ёнғинни ўчирди.

Ёнғинни бартараф этишга вилоят ФВБдан 85 нафар шахсий таркиб, 4 та техника, ўрмон хўжалиги бўлимидан 40 нафар ходим, 4 та техника, ИИБдан 6 нафар ходим, Мудофаа вазирлигидан 20 нафар ҳарбий хизматчи ва битта ҳарбий вертолёт, маҳаллий аҳолидан 40 нафар кўнгилли жалб этилди. Шунингдек, ёнғин ўчоғини мониторинг қилиш учун чегара қўшинлари дронидан унумли фойдаланилди.

Рақобат қўмитаси кўплаб автобус бекатлари талабга жавоб бермаслигини маълум қилди

Ўзбекистон бўйлаб 2800 та автобус бекати танланма усулида текширилганида, кўпчилигида кутиш залларида электр ёритгичлар йўқлиги, ногиронлар учун махсус кўтарма пандуслар ўрнатилмагани, йўловчилар иссиқ ва совуқ ҳаводан ҳимояланмагани аниқланган. Шунингдек, бекат номи ёзилган кўрсаткич қўйилмаган, баъзи ҳолатларда йўналишнинг тартиб рақами мавжуд эмас.

Рақобат қўмитаси аниқлаган камчиликларни бартараф этиш учун Транспорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларига тегишли кўрсатмалар юборган.

Айрим товарларни Ўзбекистонга божсиз олиб кириш нормалари ўзгартирилди

Иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи билан Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун божсиз олиб кириладиган товарлар қиймати камайтирилди.

Энди халқаро аэропортлар орқали қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган товарларни божсиз олиб кириш мумкин (аввал 2000 АҚШ доллари эди). Темирйўл ва дарё божхона чегаралари орқали эса 500 АҚШ долларигача (аввал 1000 АҚШ доллари эди).

Қоидалар кейинги ойдан кучга киради.

Ота-онаси хорижда юрган 361 нафар болага васий тайинланди

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти маълум қилишича, «Долзарб 90 кунлик» тадбирлари доирасида болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ота-онаси чет давлатларда бўлиб турган 361 нафар вояга етмаган болага васий ва ҳомий тайинланди. Бу орқали уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси таъминланишига эътибор қаратилади.

Андижон дўпписи ва Сўқоқ сомсаси географик кўрсаткич сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди

Адлия вазирлигининг таъкидлашича, Андижон дўпписи бош кийими ўзининг юқори сифатли матолари, нозик нақшлари, ўзига хос шакли, шунингдек, рамзий ва эстетик мазмуни билан ажралиб туради. Сўқоқ сомсаси эса табиий масаллиқлари, хусусан, фақат Сўқоқ тоғларида ўсадиган халқ орасида «мадор» номи билан танилган ўсимлик ёки исмалоқдан тайёрланиши, шунингдек, бетакрор таъми ва хамирининг ўзига хос усулда тайёрланиши билан ном қозонган.

Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши уларнинг келиб чиқиш манбасини белгилайди ҳамда сифати ва маданий қийматини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади.

Ўзбекистонда уч кишилик оилалар улуши ортиб бораётгани маълум бўлди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январ-май ойларида Ўзбекистонда 3 киши яшайдиган уй хўжаликлари улуши 11,2 фоизни ташкил этди.

Бундай оилалар сони йил сайин ортиб бораётгани маълум бўлди: 2010 йил – 9,4 фоиз;

2015 йил – 9,9 фоиз; 2020 йил – 10,2 фоиз; 2024 йил –11,1 фоиз; 2025 йил (январ-май) –11,2 фоиз.

Дори-дармонлар савдоси билан боғлиқ йирик қонунбузарликлар аниқланди

Республика бўйича 200 дан ортиқ дорихона 2,6 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз даромад олгани аниқланиб, уларни қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилди, деб хабар берди Рақобат қўмитаси. Нархларни асоссиз ошириш аломатлари бўйича дорихоналарга нисбатан қўмитанинг махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилган.

Шунингдек, Тошкентнинг Олмазор туманидаги хонадон ертўласида умумий қиймати 1 млрд сўмдан ортиқ «Тренакса», «Сумамигрен», «Фемилекс» каби жами 72 номдаги 3615 қути сифати кафолатланмаган дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги дорихоналардан бирида сотиш учун сақлаб қўйилган, сифати кафолатланмаган 3,5 млрд сўмлик дори воситалари аниқланди. Ҳолат юзасидан дорихона мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид