Ўзбекистон | 00:51
790
2 дақиқада ўқилади

«Андижон дўпписи» ва «Сўқоқ сомсаси» географик кўрсаткич сифатида рўйхатга олинди

Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши уларнинг келиб чиқиш манбасини белгилайди ҳамда сифати ва маданий қийматини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади.

Фото: Адлия вазирлиги

«Андижон дўпписи» ва «Сўқоқ сомсаси» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди, деб хабар берди Адлия вазирлиги. 

Қайд қилинишича, «Андижон дўпписи» бош кийими ўзининг юқори сифатли матолари, нозик нақшлари, ўзига хос шакли, шунингдек, рамзий ва эстетик мазмуни билан ажралиб туради. У вилоятнинг ҳунармандчилик анъаналари, каштачилик мактаби ва маданий рамзларига асосланган бўлиб, халқ орасида ўзига хос ҳурмат ва мавқега эга.

Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши Андижон дўпписининг келиб чиқиш манбасини белгилайди ҳамда унинг сифати ва маданий қийматини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади.

Шунингдек, Тошкент вилояти, Паркент туманидаги Сўқоқ қишлоғига хос бўлган миллий таом — «Сўқоқ сомсаси» ҳам географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. У ўзига хос табиий масаллиқлари, хусусан, фақат Сўқоқ тоғларида ўсадиган халқ орасида «мадор» номи билан танилган ўсимлик ёки исмалоқдан тайёрланиши, шунингдек, бетакрор таъми ва хамирининг ўзига хос усулда тайёрланиши билан ажралиб туради.

Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши «Сўқоқ сомсаси»нинг айнан Сўқоқ ҳудудига мансублигини белгилаб, унинг сифати, тарихий илдизлари ва маданий қийматини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилади.

Ушбу рўйхатга олиш жараёни Тошкент вилояти адлия бошқармасининг кўмагида амалга оширилди.

Маълумот учун: географик кўрсаткич — бу маҳсулотнинг маълум ҳудудга хослиги ва айнан шу ҳудуд табиий, инсоний, тарихий омиллари билан боғлиқ алоҳида сифатларга эга эканини билдирувчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.

Аввалроқ Самарқанд нони ва Тухумбарак таоми ҳам географик кўрсаткич сифатида рўйхатга олинган эди.

Мавзуга оид