Жаҳон | 09:48
13953
4 дақиқада ўқилади

Эрдўған: Қисқа вақтда ҳеч ким бизга қарши чиқишга журъат этолмайдиган даражага чиқамиз

«Ғазони бутунлай вайрон қилган ва минтақадаги давлатларни қўрқитаётган Исроил, эҳтимол, хатоларини келажакда англаб етар, бироқ у пайтда кеч бўлади», деди Ражаб Тоййиб Эрдўған. Шунингдек, Туркия етакчиси сўнгги воқеалар фонида Анқара можаро юзасидан ҳар қандай сценарийга тайёрлигини билдирди.

Фото: Туркия президенти матбуот хизмати

16 июнь куни Туркия Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг баёнот билан чиққан президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Эрон ва Исроил урушига тўхталди. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар бермоқда.

«Ҳар кун ўтган сайин, Эроннинг ядро объектларига зарба бериш баҳонаси остида бошланган ҳужум аслида ниҳоятда кенг қамровли ва маккор мақсадларни кўзлагани аён бўлиб бормоқда. Биз бошиданоқ Эроннинг ядро дастури музокара столида муҳокама қилиниши кераклигини айтиб келамиз. Бугун ҳам ўша нуқтадамиз. Ғазони бутунлай вайрон қилган ва минтақадаги барча давлатларни қўрқитаётган Исроил, эҳтимол, хатоларини келажакда англаб етар, бироқ у пайтда кеч бўлади».

Эрдўғаннинг фикрича, Исроил томонидан содир этилаётган ҳар бир жиноят ва инсониятга қарши ҳаракат уларнинг мавжудлигига ва келажагига таҳдид солади. Эрдўған Исроил тажовузини тўхтатиш бўйича АҚШ, Россия, Эрон, Миср ва Саудия етакчилари билан музокара олиб борганини ҳамда бу борада ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини айтди. У минтақадаги муҳим воқеаларни эслаган:

«Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳали ҳам давом этмоқда, икки томон ҳам чарчаган. Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги танглик қисқа давом этган бўлса-да, хавф сақланиб қолмоқда. Исроил томонидан Ғазода очиқча содир этилаётган геноцид, Ливан ва Суриядаги тажовузкор ҳаракатлар юрагимизни эзмоқда. Эндиликда Исроил бизнинг қўшнимиз Эронга ҳам ҳужум бошлади. Ҳар кун ўтган сайин бу ҳужум ортида жуда хавфли ва яширин ниятлар борлиги аён бўлмоқда».

Эрдўғаннинг айтишича, сўнгги воқеалар фонида Туркия ўз ракета захираларини етарли даражага олиб чиқиш бўйича режалар ҳамда Анқара можаро юзасидан ҳар қандай сценарийга тайёрлигини билдирди.

«Биз ўрта ва узоқ масофали ракета захираларимизни тўхтатувчи даражагача етказиш имконини берадиган режалар устида ишлаяпмиз. Умид қиламизки, қисқа вақт ичида биз — ҳеч ким бизга қарши чиқишга журъат эта олмайдиган даражадаги мудофаа салоҳиятига эришамиз», деган Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Мудофаа саноати ҳақида гапирган Эрдўған икки йил олдин танқидга учраган KAAN миллий қирувчи самолёти бўйича Индонезия билан эришилган жуда катта муҳим келишувни эълон қилди:

«INDO Defence 2025 кўргазмасида Индонезияга 48 та KAAN самолёти етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. 15 миллиард долларга яқин қийматга эга бу тарихий келишув мамлакатимиз, мудофаа саноатимиз ва индонезиялик биродарларимиз учун хайрли бўлишини тилайман», деган Эрдўған.

Шунингдек, у бундай вазиятда масъулиятли сиёсат юритиш муҳимлигини таъкидлаган;

«Туркия давлат донишмандлиги ва чуқур тажрибаси асосида барча воқеаларни ҳушёрлик билан таҳлил қилади ва 86 миллион фуқаросининг хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўради. Биз, бошқалар каби, оловга ёқилғи қўшиш ниятида эмасмиз – балки уни кенгайиб кетишидан олдин ўчиришга ҳаракат қиламиз».

Мавзуга оид