Ўзбекистон | 09:15
3339
15 дақиқада ўқилади

Прописка машмашаси, “суд-пуд демайдиган” ҳоким ва Россияга нота — ҳафта дайжести

Таксичилар ва прописка машмашаси: вазирнинг изоҳи ҳукумат қарорига мос келмаяпти. Видеоси тарқалиб кетган Бухоро ва Самарқанддаги амалдорлар: уларнинг дағдағаси қонунларга зид. Россияда мигрантлар яна таҳқирланди: Ўзбекистон бу сафар нота юборди. Йирик компанияларга нисбатан даъволар: Beeline, Yandex ва Humans устидан шикоят қилишди. Ортда қолаётган ҳафта воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Ҳамма ўз вилоятида таксичилик қилиши рад этилди

Ўзбекистонда автомобилларнинг давлат рақамидаги ҳудудий кодлардан воз кечиш керак. Бу кодлар халқимизнинг бирлиги, жипслиги, ягона жамият сифатида шаклланишига тўсиқ бўлиб, маҳаллийчилик кайфиятини парваришлаяпти. Шу ҳафта медиамаконда кўтарилган шов-шув – бу кодлар прописка режимининг янгича шаклларини жорий этишда қурол вазифасини бажариши мумкин деган хавотирларни ҳам ўртага чиқарди.

Аввалига ижтимоий тармоқларда “энди ҳамма ўзининг вилоятида таксичилик қилади” деган видео тарқалди, кейин Транспорт вазирлиги матбуот хизмати буни рад этмасдан, Вазирлар Маҳкамасининг 2 ой олдинги қарорини кўрсатди. Жамоатчилик не кўз билан кўрсинки, 2 апрелда имзоланган қарорда такси лицензиясини беришда автомобилнинг давлат рақамидаги ҳудудий кодга қаралиши ёзиб қўйилган экан. Шундан кейин фаоллар “прописка режимининг расман қайтгани” ҳақида бонг ура бошлади. Кўп ўтмай, бу конституцияга зид тартиб бекор қилиниши керак деган позицияни мухолифатдаги Халқ демократик партияси ҳам қўллаб чиқди ва савол-жавоб учун транспорт вазирини парламентга чақирди.

Шов-шув кўтарилганига бир суткадан кўпроқ вақт ўтгач, жума куни транспорт вазири Илҳом Маҳкамов журналистлар билан учрашди ва “қарор нотўғри талқин қилингани”ни айтди. Унинг сўзларига кўра, таксичиларнинг лицензия олаётган пайтда фаолият кўрсатиш ҳудудини эркин танлаш ҳуқуқи бекор қилинмаган, фақатгина ана шу танланган ҳудуд ва унга туташ ҳудуддан ташқарида таксичилик қилиши ноқонуний деб белгиланган холос. Юзага келган тушунмовчилик учун масъулият вазирликнинг матбуот хизматига юкланди. Йиғилишдан кейин эълон қилинган баёнотда айтилишича, қарор кучга кирганидан бери 5 мингдан ортиқ талабгорга автомобил қайд этилган ҳудуддан бошқа ҳудудларда фаолият кўрсатиш учун лицензия берилган.

Шундай бўлса-да, вазир айтган изоҳлар расмий ҳужжатга мос эмас. Ҳукумат қарорида лицензияга талабгор шахснинг ҳудудни ихтиёрий танлаш ҳуқуқи назарда тутилмаган. Бундан ташқари, резонансли талқинни расман рад этиш бир суткадан кўпроққа чўзилгани, шундан кейин ҳам очиқ матбуот анжумани эмас, камера ва микрофонларсиз ёпиқ йиғилиш ўтказилгани – айтилган изоҳга ишонч уйғотадиган омиллар эмасди.

Нима бўлганда ҳам, бир нарса аниқ: 2 апрелдаги қарор билан, ҳайдовчиларнинг лицензияда ёзилганидан бошқа ҳудудда таксичилик қилишига чеклов кучайтирилган. Аниқроғи, аввал ҳам мавжуд бўлган талабга риоя этиш бўйича Yandex Go, Uklon, MyTaxi каби агрегаторларга қатъий мажбурият юклатилган. Яъни, бундан буён масалан водийда Yandex-такси қилиб юрган ҳайдовчи фаолиятини Тошкентда давом эттиришни истаса, янги лицензия олишга мажбур, акс ҳолда агрегатор унга мижоз топиб бермайди.

Прописка мавзуси очилганда айтиш керакки, расмий доираларда бу тартибни буткул бекор қилиб юборишга қарши чиқаётганларнинг вазни ҳамон оғирлик қилаётганга ўхшайди. Ёдингизда бўлса, 2023 йилда Конституция янгилангач, ундаги қоидаларни амалиётга киритиш ҳақида фармон чиққан, ўша фармонда Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунни бекор қилиш кўзда тутилган эди. Машъум ўтмишга эга бу қонунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага қўйилиши мумкин бўлган фуқароларнинг 12 та тоифаси санаб ўтилган. Топшириқ берилганига 2 йилдан ошди, лекин қонун ҳамон ўз кучида қоляпти. Уни бекор қилиш масаласи ўтган йили ёзда Қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтган эди, шундан кейин қайтиб бу масаланинг дараги чиқмади.

Яна қонун устуворлиги ҳақида

Ўзбекистон ўзи билан бир хил суверен рейтингга эга давлатлардан қонун устуворлиги борасида ортда қоляпти. Бу ҳақда жума кунги баёнотида Moody’s халқаро рейтинг агентлиги маълум қилди. Агентлик Ўзбекистоннинг суверен рейтингини Ba3 даражасида тасдиқлаб, прогнозни “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирди. Ba3 рейтинги – “спекулятив” тоифада бўлиб, Ўзбекистон “инвестицион” даражага чиқиш учун ҳали икки поғона юқорига сакраши керак.

Moody’s ҳисоботида изоҳланишича, Ўзбекистоннинг жорий суверен рейтинги – бир томондан ижобий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва қарз юкининг нисбатан пастлиги, иккинчидан томондан аҳоли даромадларининг камлиги ва институтларнинг заифлигини англатади. Институционал асослар бироз яхшиланган бўлса-да, Ўзбекистон овоз бериш, ҳисобдорлик, қонун устуворлиги ва коррупцияни чеклаш каби йўналишларда худди шундай рейтингга эга давлатлардан ортда қолишда давом этмоқда, дейилади халқаро агентлик шарҳида.

Moody’s баёнотида урғу берилган ҳисобдорлик ва қонун устуворлиги масалаларини жамоатчилик бу ҳафта Бухоро вилояти ҳокими билан боғлиқ кейсда ёдга олди. Ботир Зарипов Бухоро шаҳридаги 2-сонли боғчага борганида, аллақандай объектни судсиз бузиб ташлашни буюргани кўп муҳокамаларга сабаб бўлди.

Боғча ҳудудига кирганларнинг ҳаммасининг ҳуқуқий ҳужжатларини кўтарасан. Йўғини ҳеч кимни эшитмасдан бузасан. Суд-пуд демасдан, бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан. Нарсаси, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан! Бўлди энди, суд-пуд деб, ҳаммасини эркалатганимиз. Орқадан эшик очганнинг ҳужжатини кўрасан”, – деган Ботир Зарипов.

Ҳокимлик матбуот хизматига кўра, тармоқда тарқалган видеода Ботир Зарипов боғча ҳудудига олиб борувчи ноқонуний кириб-чиқиш йўлагини назарда тутган. Бу йўлакни боғчага туташ жойдан ўзбошимчалик билан эгалланган ерда қурилган кафенинг эгаси очгани, ҳоким эса болаларнинг хавфсизлигини ўйлаб ҳиссиётга берилгани айтилди. “Вилоятда қонун устуворлиги таъминланади, биронта ноқонуний бузилиш қилинмайди”, дейилади расмий баёнотда.

Қонун устуворлиги масаласи Самарқандда ҳам актуал бўлиб турибди. Kun.uz'га келиб тушган видеода, ўзини Ургут тумани агропром ходими деб таништирган шахс фермерларнинг ерини хитойликларга бериб юбориш билан огоҳлантирган.

Мана, хитойликлар келиб, ерларни кўришни бошлади. Экишни хоҳламаган, пиллани, ғаллани бажармаган, солиқ тўламаганларнинг ерини беришни бошлаймиз. Мана, сувли майдонларни оламан деяпти хитойликлар. 2 минг гектар майдонни кўрсатиб чиқяпмиз”, дейди у.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ургутдаги бу ҳолатни қоралаб чиқди. “Ташқи босим орқали фермерларни ердан маҳрум қилишга уриниш қонунчиликка мутлақо зид”, дейилади вазирлик баёнотида.

Ургутдаги амалдор ўз мурожаатида пилла ва ғалла режасини бажармаганлар ҳақида гапирганди. Советлардан қолган бундай “план”лар коррупциянинг уяси экани куни кеча Қашқадарёда яна бир бор ўз исботини топди. ДХХ хабарига кўра, Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари фермердан 300 кг пилла топшириш режасини ёпиб бериш учун 21 млн сўм пора талаб қилган ва келишилган пулдан 7 млн сўмини ўз хизмат хонасида олган вақтда қўлга тушган.

Мигрантларга зўравонлик бўйича расмий нота

Россиядаги ўзбекларнинг навбатдаги марта таҳқирланишига жавобан, расмий Тошкент бу сафар Москвага нота юборди. 8 июн куни Россия кучишлатар тузилмалари Москвада ўтказган рейдда мигрантларни ҳақоратлаб, уларни урган, тепган, ҳатто электрошокер билан ҳужум қилган. 3-4 июн кунлари эса Петербургда миграция маркази ёнидаги кўчалар тўсиб қўйилиб, ҳужжатсиз мигрантлар учун “қафас” ташкил қилинган, натижада 200 га яқин меҳнат муҳожирлари кўчада тунашга мажбур бўлган.

Москвадаги ҳолат бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга нота топширди. Нотада инсон ҳуқуқлари яққол бузилгани ва бу қабул қилиб бўлмас ҳолат экани айтилган, Россия томонидан ҳолатга изоҳ бериш ва ОМОНчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги нота тегишли идоралар томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.

Нота юборилгани ҳақидаги хабарнинг эртасига Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцев видеомурожаат билан чиқиб, ҳеч қаерда расман ишламайдиган ва ўқимайдиган муҳожирларни мамлакатдан юборишга чақирди. Аксилмиграцион риторикадан иборат чиқишида вазир қўл остидаги ходимларининг мигрантларга ноинсоний муносабатда бўлаётганига тўхталгани йўқ.

Инфляция – прогноздан юқорироқ

Тошкентда яшовчиларнинг сўзларига кўра, охирги бир йилда пул 18,5 фоизга қадрсизланиб кетган. Шаҳар аҳолисининг бу фикри Марказий банкнинг ҳар ойлик сўрови асосида аниқланди. Маълум бўлишича, май ойи якунларига кўра аҳоли томонидан сезилган инфляция республика бўйича 14,5 фоизни, Тошкент шаҳрида 18,5 фоизни ташкил этган. Навоийликлар эса нарх-наво ошишини ҳаммадан ҳам камроқ сезяпти: уларнинг фикрича, охирги 12 ойда пулнинг қадрсизланиши даражаси 11,7 фоиз бўлган.

Инфляция даражаси кутилганидан юқорироқ бўлаётганини пайшанба кунги баёнотида Марказий банкнинг ўзи ҳам тасдиқлади. “Умумий инфляция прогноз қилинган траекториядан юқорироқ шаклланмоқда”, дейилади банк бошқаруви йиғилишидан кейин тарқатилган пресс-релизда. Йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилинди. Регуляторнинг огоҳлантиришича, энергия нархлари оширилишининг иккиламчи таъсирлари инфляцион босимларнинг узоқроқ давом этишига ишора беради.

Расмий статистикага кўра, охирги бир йилда дори-дармонлар нархи бошқа товарларга қараганда кўпроқ ошгани билан ажралиб туради. Kun.uz суҳбатлашган мутахассис Элдор Аъзамовнинг айтишича, дорилар нархининг қимматлиги импорт монополияси билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Бир қарашда ҳаммаси қонуний, рисоладагидек Ўзбекистонга импорт бўлаётгандек туюлади. Лекин буни кўриб чиқиш керак бўлган, монополия бўлиши эҳтимоли бўлган жиҳатлари бор. Дистрибютор, импортёр бир-бири билан келишади ва масалан ундан бошқа ҳеч ким бу дорини Ўзбекистонга олиб кира олмайди”, – дейди Элдор Аъзамов.

Словакия – стратегик шерик

Венгрия, Италия, Франция ва мана энди Словакия. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги стратегик шериклари сони тўрттага етди. Словакия бош вазири Роберт Фицонинг Тошкентга ташрифи вақтида икки давлат раҳбарлари Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади. Томонлар бир қатор йўналишларда, хусусан қурол-аслаҳа ишлаб чиқариш ва танкларни модернизация қилиш борасида ҳам ҳамкорликка келишиб олди.

Фицонинг ташрифидан бир кун ўтиб, Болгария президенти Румен Радев ҳам Тошкентга келди ва Ўзбекистон–Болгария ҳамкорлигини кенгайтириш тўғрисида қўшма декларация қабул қилинди. Шу куни Словакия ва Болгария етакчилари, Марказий Осиё давлатларининг бош вазирлари, халқаро ташкилотлар ва хорижлик инвесторлар Тошкент халқаро инвестиция форумида жам бўлди.

Бутун командамга топшириқ берганман, манфаат икки томонда ҳам бўлиши керак. Келган инвесторнинг манфаатини биз албатта кафолатлаймиз. Қонунларимиз бор, қарорларимиз бор, охирги йилларда қилган ҳамма ишларимиз шундан яққол далолат беради. Шунинг учун, ҳурматли инвесторлар, ҳурматли азиз меҳмонларимиз, икки томонлама манфаатни кафолатлаймиз ва албатта таъминлаймиз”, деди президент Шавкат Мирзиёев форумдаги нутқида.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Мундиалга илк йўлланмани муддатидан олдин ҳал қилган Ўзбекистон саралашни кўтаринки кайфиятда якунлади. Тошкентдаги ўйинда Қатар 3:0 ҳисобида мағлуб этилди. Бири биридан чиройли голлар билан, байрам байрамдек бўлди. Шавкат Мирзиёев ўйинни бевосита трибунадан туриб томоша қилди, унга Словакия бош вазири, Болгария президенти ва қўшни давлатларнинг бош вазирлари ҳамроҳлик қилди. Ўйиндан кейин Ислом Тўхтахўжаев ўзига берилган BYD'ни жамоадоши Бобур Абдухолиқовга совға қилиб, мухлислар олқишига сазовор бўлди.

Рақобат қўмитаси Beeline компаниясига абонент тўлови масаласида кўрсатма берди. Қўмитанинг маълум қилишича, Beeline'нинг 10 дан ортиқ тариф режаларида ойлик абонент тўлови учун ҳисобда маблағ етарли бўлмаганда, автоматик равишда кунлик абонент тўлови ечилади, абонент эса буни рад эта олмайди. Ҳатто ҳисобдаги пул кунлик тўловга етмаган тақдирда ҳам, кунлик тўлов ечилади, натижада баланс минусга кириб, абонент блокланади, яъни кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олинади. Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимояловчи орган бунга чек қўйишни буюрди. Beeline бу талабни бажарадими-йўқми, ҳозирча маълум эмас.

Рақобат қўмитаси бошқа бир шов-шувли кейсда ҳам диққат марказида. Маълум бўлишича, Uzum Market ўзининг янги рақобатчиси – Yandex компаниясининг реклама ролиги сабаб қўмитага шикоят қилган. Роликда Uzum Market номи бевосита тилга олинмаса-да, узум мевасини кўрсатиш орқали мамлакатдаги энг йирик маркетплейсга ишора қилинган. Рақобат қўмитаси бу ҳолатда инсофсиз рақобат бор-йўқлигини ўрганяпти. Қайд этиш керак, Yandex Market'нинг юриши маркетинг саҳнасида жавобсиз қолмаган: Uzum Market ҳам номлар тилга олинмаган, қаҳрамонлар кийимининг ранги орқали ишора берилган видеоролик эълон қилган.

Йирик компаниялар ўртасидаги яна бир низо судда кўриб чиқиляпти. Octobank 13 июндан бошлаб Humans кобрендинг карталари бўйича операцияларга хизмат кўрсатишни тўхтатди. 13 июн куни суд Octobank'нинг Humans'дан қарздорликни ундириш ҳақидаги даъвосини қаноатлантирди. Даъво қиймати 500 млрд сўмдан ортиқни ташкил этади. Humans эса ўзига нисбатан Octobank, Марказий банк ва бозорнинг бошқа иштирокчилари томонидан “мувофиқлаштирилган босим” бўлаётганини айтяпти. Humans шартнома мажбуриятларини бажармаганлик айблови билан банкка жавоб даъвосини тайёрламоқда. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзбектелеком” ҳам Humans'дан 500 млрд сўмдан ортиқ қарздорликни тўлашни талаб қилган ва суд буни қаноатлантирганди.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳрузбек Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид