Жаҳон | 11:03
8730
5 дақиқада ўқилади

Исроил – Эрон уруши: бу гал жиддийми?

Ўтган куни тунда Исроил Эронга ҳаво зарбалари амалга оширди. Исроилнинг ҳужуми ҳақида бир неча кун аввал ОАВда «анонс хабарлар» чиққанди, лекин бу галги ҳужумни кутилмаган дейиш мумкин. Чунки бир неча ой олдин зарбалар алмашган икки давлат ҳозир ўша галгидай уруш ҳолатида эмасди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Худди «Паутина» каби

Исроил ҳужумга узоқ вақт тайёргарлик кўрган ва операция фақат Эрон стратегик объектларига ракета учиришдан иборат бўлмаган. Исроил ташқи разведка ташкилоти Моссад ва ҳарбий разведка ташкилоти АМАН ракета зарбаларидан аввал Эрон атрофига жуда кўп миқдорда зарбдор дронларни яшириб чиққан.

Бу маълумотлар Исроил ОАВда сиздирилди. Уларда айтилишича, исроиллик ҳарбийлар бир неча ой давомида аввалига Эрондаги зарба нишонлари – ядровий объектлар, ҳарбий базалар, ракета омборлари, шунингдек, Эрон ҳарбий раҳбарияти ва ядро дастуридаги муҳим одамлар яшайдиган манзилларни ўрганиб чиққан. Эътибор берган бўлсангиз, ҳужум бошида айнан ядрочи олимлар яшайдиган бино нишонга олинди.

Исроил махсус хизмати вакилининг FOX News'га айтишича, Моссад ҳарбий ҳаво кучлари раҳбарияти бир хонада йиғилиш ўтказишини кутган ва йиғилиш бошлангач бинога зарба йўлланган. «Биз уларнинг ҳаракатларини ўргандик. Нима қилсак, йиғилиш ўтказиш учун тўпланишларини билардик», деган манба.

Сиздирилган хабарларга кўра, Моссад Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари яқинига портловчи қуроллар жойлаштириб чиққан. Гап катта эҳтимол зарбдор дронлар ҳақида кетмоқда. Улар ҳужумдан аввал Эрон мудофаа тизимларини йўқ қилган ва Исроил самолётлари эркин зарба йўллаши учун йўл очиб берган. Баъзи дронлар транспорт воситаларига яширилган. ОАВда буни Украинанинг «Паутина» операциясига ўхшатишмоқда. Афтидан Моссаддагилар Украинанинг ўша ҳужумидан жуда илҳомланган кўринади.

Шунингдек, Моссад агентлари Теҳрон яқинида зарбдор дронлар базаси яратиб, улар ёрдамида ракета тизимларига зарба беришган. Барча дронлар масофадан туриб бошқарилган.

Исроил бош вазири Нетаняҳу 2024 йил ноябр ойида, Ҳизбуллоҳ лидери Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилганидан кейиноқ махсус хизматларга Эрон ядро дастурини йўқ қилиш бўйича буйруқ бергани, ҳужум апрел ойида амалга оширилиши керак бўлганини айтди. Маҳаллий нашрларга кўра, Трамп Нетаняҳу билан гаплашиб ҳужум қилмасликка кўндирган ва Эрон билан келишишга ҳаракат қилиб кўришини айтган.

Америка аралашдими?

Исроил ҳужумни бошлаши билан Вашингтондан бизнинг бунга алоқамиз йўқ, Исроил мустақил ҳаракат қилди деб чиқишди. Исроил чиндан мустақил ҳаракат қилган бўлиши мумкин, чунки бу операцияда асосан разведка муваффақиятли ҳаракат қилган, Американинг ёрдами унчалик муҳим ҳам эмас. Лекин кун давомида Трамп ва Нетаняҳу бир неча марта телефонда гаплашган.

Трамп АҚШнинг операцияга камида рухсат берганига ишора қиладиган гап ҳам айтди: «Мен эронликларга сизда 60 кун вақт бор, биз билан келишув имзоланг, дедим. 61-кунда Исроил ҳужум қилди. Бу жуда муваффақиятли операция бўлди. Эрон келишув имзолаши шарт эди ва уларда ҳамон имконият бор», деди Трамп.

Сиёсий уруш

Урушда ким ютиши, қандай натижа бўлиши ўз йўлига. Бу урушда ҳар икки давлат раҳбарияти ютадиган бир жиҳат бор. Энди улар мана мен Эрон билан ёки Исроил билан урушяпман, деган иддао билан ўз ҳукуматини мустаҳкамлаб олади. Масалан, Исроил Ғазода ўлдирадиган одамнинг ўзи қолмади. Гўёки ҲАМАС билан кечаётган уруш тугагач, Нетаняҳу камида ҳужумни тўхтатиб қололмагани учун ишдан ҳайдалиши тайин эди. Бундай вақтда энди янада каттароқ душман – Эрон билан урушяпмиз, деган даъво Бибинг курсисини анча мустаҳкамлайди. Энди исроилликлар унинг истеъфосини сўрамай туради.

Оятуллоҳ Али Хоминоий билан ҳам шундай. Энди ҳазрат азалий душман сионистик режимга қарши урушяпмиз, деб эронликларни бирлаштириши мумкин бўлади. Уруш кетаётганда эса фуқаро жонини сақлашни ўйлайди, подшоҳни ағдаришни эмас...

Айтганча, бир нарсани айтиш эсдан чиқибди. Исроилнинг Эронга ҳужуми фонида нефт нархи кескин қимматлати. Brent маркали қора олтиннинг бир бочкаси 75 долларгача чиқди. Бу нарх ошишидан бир давлат роса маза қилаётган бўлса керак.

Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз. Исроил – Эрон уруши ҳақида охирги ва ишончли маълумотларни ўтказиб юбормаслик учун Kun.uz саҳифаларига обуна бўлинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид