Ўзбекистон МДҲнинг исломий молия марказига айланиш потенциалига эга — экспертлар билан суҳбат
Малайзия ислом молиясининг йирик ҳабига айланиш учун 40 йил сарфлаган бўлса, Ўзбекистон бор тажрибадан фойдаланиб, қисқа муддатда минтақанинг исломий молия ҳабига айланиши мумкин. Kun.uz суҳбатлашган соҳа мутахассислари Искандар Турсунов ва Ҳаётжон Азимовга кўра, бу имкониятдан фойдаланиш мамлакатга жуда катта дивиденд олиб келади.

ИСЛОМИЙ МОЛИЯ БОЗОРИ – ЖАҲОН МИҚЁСИДА ЎСИБ БОРАЁТГАН СЕКТОР
Искандар Турсунов Al-Muamalat Consulting МЧЖ асосчиси:
— Аввало ислом молияси бозори ҳажмига тўхталсак. 2023 йилдаги ҳисобот якунларига кўра, айни пайтда глобал ислом молияси бозори 4,9 триллион долларга баҳоланган. Прогнозлар шуни кўрсатмоқдаки, 2027-2028 йилга бориб бу кўрсаткич 8 триллион долларга етиши мумкин. Сўнгги уч йил ичида ислом молиясида 11-12 фоизлик интенсив ўсиш бўляпти.
Бунинг ичида энг катта улушга эга бўлган соҳа – исломий банклар. Агар 4,9 триллион долларлик ислом молияси бозорига қарайдиган бўлсак, шунинг ичида 70-73 фоизи исломий банклар улушига тўғри келади. Бу дегани тахминан 3,6 триллион доллар.
Жойлашув, давлатлардаги тақсимоти бўйича агар қарайдиган бўлсак, энг илғор давлатлар: Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Дубай, Индонезия, Покистон, Европа давлатларидан Люксембург, Буюк Британия давлатларида, Туркияда кўришимиз мумкин.
Ислом молияси бу – молиявий тизим. Буни биз тўғри қабул қилишимиз керак ва уни жамиятда, иқтисодиётимиз, молия соҳасига жорий қилишимиз керак.
Россия тажрибасига қарайдиган бўлсак, 2022 йилнинг бошигача Россияда ислом молиясини ривожлантириш, унга эътибор бериш жуда суст даражада бўлди. Чунки иқтисодиётдаги вазият яхши эди, ресурсларни сотиш орқали.
2022 йилдан эътиборан халқаро вазият ўзгарди, Ғарб санкцияларни қўллаши оқибатида молиявий қийинчиликка юз тутди Россия. Шунда улар эътиборини араб давлатларига, у ердаги ресурсларни жалб қилишга қаратиб бошлади. Бу ресурслар эса ислом молияси орқали кириб кела олади. Сиёсий ирода кўрсатиб буни жорий қила бошлашди.
Натижада араб давлатларидан ихтисослашган тизимлар орқали 2023 йилда 130 миллиард долларга яқин товар айланмаси, олди-сотди муносабатлари амалга оширилди.
БОЗОРДАГИ ЎСИШНИНГ ИККИ АСОСИЙ ОМИЛИ
Ҳаётжон Азимов “Al-Muamalat Consulting” МЧЖ эксперти:
— Исломий молия бозорининг ўсишида икки асосий омилни алоҳида таъкидлаш мумкин. Биринчиси — технологиялар асосида янгиланиб, кенг омма учун қулай ва тушунарли бўлаётган молиявий маҳсулотлар. Иккинчиси — аҳоли сони ва ундаги талабнинг ошиб бораётгани.
Ҳозирги кунда рақамли технологиялар исломий молияда катта рол ўйнамоқда. Масалан, Малайзияда яқинда очилган рақамли банк бунинг яққол мисоли. Унинг фаолияти бошланганига оз вақт бўлишига қарамай, у 125 миллиард ринггит (тахминан 25 миллиард доллар) миқдорида депозит жалб қилган. Эътиборлиси — бу банкнинг фақат рақамли шаклда фаолият юритади, бирор физик филиали йўқ. Аммо шунча қисқа вақт ичида аҳоли ишончини қозониб, йирик бозор иштирокчисига айланди.
Технологиялар туфайли молиявий хизматлар жамиятнинг барча қатламлари учун янада очиқ ва қулай бўлмоқда. Илгари тўлов амалга ошириш учун банкка бориш керак бўлган бўлса, ҳозир бунинг учун фақат смартфон етарли. QR-код орқали ёки рақамли иловада бир неча сонияда молиявий операцияни амалга ошириш мумкин.
Бу — молиявий маҳсулотлар тарафидан содир бўлаётган ўзгариш. Аммо аҳоли тарафидан ҳам исломий молияга қизиқиш ортиб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда аҳоли орасидаги саволлар, мурожаатлар, талаб даражаси шунчалик юқориламоқдаки, бу жараённи энди рақамлар билан эмас, балки сифат билан баҳолаш керак.
Ислом молиясидаги ўсиш кенг омманинг қизиқиши асосида юз бермоқда. Иқтисодий қонуниятга кўра талаб бўлса, таклиф пайдо бўлади. Айнан шундай жараённи кузатяпмиз: аҳолидаги диний эътиқод исломий молиявий маҳсулотларга талабни орттирмоқда.
Бозордаги ушбу суръат ва талаб Ўзбекистоннинг исломий молия ҳабига айланиш салоҳиятини янада мустаҳкамлайди. Бизда аҳоли сони юқори, молиявий бозорда ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда, рақамли технологиялар кенг жорий этиляпти. Шу боис, бозорда бўшлиқ пайдо бўлганда уни тўлдирадиган стартаплар ҳам тез пайдо бўлмоқда. Капитал сувдек — қаерда имконият бўлса, ўша тарафга оқиб боради.
КАПИТАЛ ОҚИМИ УЧУН ТАБИИЙ МАНЗИЛ
Искандар Турсунов:
— Ўзбекистон ана шу капитал оқими учун табиий манзилга айланиши мумкин. Исломий молияга бўлган расмий эътироф ва президентимиз томонидан билдирилган сиёсий ирода бу жараённи янада тезлаштирмоқда. Агар шундай йўналишда давом этсак, минтақада етакчи мавқени эгаллашимиз мумкин.
Ўзбекистонда исломий молияни ривожлантириш учун ҳуқуқий ва институционал база яратиш устувор вазифалардан биридир. Ҳозирги вақтда Президент администрацияси, Марказий Банк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идоралар исломий банклар учун алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш устида иш олиб боришмоқда. Ушбу қонун 2025 йилнинг июл-август ойларида қабул қилиниши кутилмоқда.
Қонун қабул қилинса, бу ҳозирда фаолият юритаётган тижорат банклари ичида исломий банк дарчаларини очиш имкониятини сезиларли даражада кенгайтиради. Натижада хориждаги исломий молиявий институтлар тўғридан тўғри Ўзбекистон бозорига кириши мумкин бўлади. Бу эса аҳоли, тадбиркорлар, кичик ва ўрта бизнес учун янги манбалар, яъни шариатга мувофиқ молиялаштириш имкониятларини яратади.
Исломий банклар фаолиятининг жорий қилиниши иқтисодиётга кўп қиррали фойда келтиради: хизмат тўловлари ва солиқ тушумлари орқали бюджетга тушум ортса, янги иш ўринлари ва тадбиркорлик фаоллиги ортишига ҳам замин яратади.
Ислом молиясининг табиатига кўра, бу соҳада иккита назорат тизими бўлади:
1. Молиявий тартибга солувчи органлар (Марказий банк, Молия вазирлиги ва бошқалар)
2. Шариат масалалари бўйича маслаҳат органи — Шариат кенгаши
Шариат кенгаши — давлат молиявий структураси ҳузурида ташкил этилади ва унинг асосий вазифаси — исломий молиявий маҳсулотларнинг шариат талабларига мослигини таъминлаш. Ушбу орган Диний қўмита ёки диний идора ичида эмас, балки Марказий банк ёки тегишли давлат идораси қошида фаолият юритиши керак. Диний идоралар эса асосан кадрлар тайёрлаш, шариат билимларини етказиш каби соҳаларда билвосита иштирок этиши мумкин.
Бу — жаҳон амалиётида синовдан ўтган модел. Масалан, Малайзияда дастлаб исломий молия институционал тартибга солинмаган ҳолда фаолият юритган ва бу 14 йил давомида низолар ҳамда ҳуқуқий ноаниқликларни келтириб чиқарган. Шундан кейин Марказий банк ўз ҳузурида Шариат маслаҳат кенгашини тузди ва барча шариатга оид масалаларда охирги қарор айнан шу орган томонидан қабул қилинадиган тизимни йўлга қўйди. Мазкур ислоҳотдан сўнг Малайзиядаги исломий молия сектори юқори суръатларда ўсди.
Ўзбекистон бу синовларни қайтадан бошдан ўтказишга муҳтож эмас. Биз тайёр моделларга эга бўлиб, уларни адаптация қилиш орқали вақт ва ресурсларни тежаймиз.
ИСЛОМИЙ МОЛИЯНИНГ ИҚТИСОДИЙ ТАЪСИРИ: САРМОЯ, ЭКСПОРТ ВА БАНКЛАР ФОЙДАСИ
Искандар Турсунов:
— Исломий банк тизими жорий этилса, бу нафақат аҳоли учун янги молиявий хизматларни, балки давлат иқтисодиёти учун улкан имкониятларни яратади. Аввало, бу орқали юртимизга халқаро сармоялар оқими орттирилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонга Ислом тараққиёт банки ва унинг тармоқ ташкилотлари орқали жалб қилинган инвестициялар собиқ МДҲ давлатлари орасида энг юқори улушга эга. Умумий 9 миллиард долларлик маблағнинг 43–45 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган. Бу юқори талаб ва етарли молиявий салоҳият борлигини кўрсатади.
Айни пайтда Ўзбекистондаги 10 дан ортиқ тижорат банки Ислом тараққиёт банки ресурсларидан фойдаланиб бу маблағларни тўлиқ ўзлаштириб бўлган. Бу — бозордаги ресурсга бўлган талаб юқори эканининг яна бир далили. Эътиборлиси, ҳали исломий банк қонуни қабул қилинмасидан туриб, бозорда ушбу маҳсулотларга эҳтиёж пайдо бўлган.
Қонун қабул қилинса, тижорат банклари ўз ичида исломий банк дарчаларини тезроқ очиш имкониятига эга бўлади. Бу эса жаҳондаги исломий молия бозори — 4,5 триллион долларга бағишланган ресурслардан инвестиция жалб қилиш имконини кенгайтиради. Ҳатто 5 миллиард доллар каби нисбатан кичик сумма ҳам 130 миллиард долларлик миллий иқтисодиёт учун сезиларли таъсир кўрсата олади.
Бу каби сармоялар:
- Ресурс нархини арзонлаштиради
- Ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради
- Маҳсулот таннархини туширади
- Экспорт салоҳиятини оширади
- Аҳоли учун янги иш ўринлари яратади
Исломий банк фаолияти банклар учун ҳам молиявий жиҳатдан манфаатлидир. Улар ҳар бир операциядан комиссия тўлови ва хизмат ҳақи олади. Шунингдек, банклар ўз сиёсатидан келиб чиққан ҳолда қўшимча фоизсиз даромад — маржа ҳисобидан ҳам даромад кўра олади.
Ҳозирча жамиятда “исломий банклар анъанавий банклар фаолиятига тўсқинлик қилади” деган нотўғри тушунчалар бор. Аслида икки тизим бир-бирига рақобатчи эмас, балки бозорда хизмат турларини диверсификация қилиш орқали ривожланишни таъминлайди. Бу мижоз танловини кенгайтиради ва умумий молиявий инклюзияни оширади.
Малайзия мисолида ҳам шуни кўриш мумкин: аввал Bank Islam Malaysia очилган, кейин эса бошқа йирик анъанавий банклар — CIMB, Maybank, Public Islamic Bank ўз ичида исломий банк дарчаларини очган. Натижада бутун молиявий тизим ривожланган ва иқтисодиётда салбий эмас, аксинча, ижобий таъсир юз берган.
Ўзбекистон ҳам худди шундай йўлни босиб ўтиши мумкин. Бу янги бозор эмас — қўшимча бозор. Ҳар икки томон учун фойда келтирадиган, мамлакат иқтисодиётига сармоя жалб қилишга хизмат қиладиган имкониятлар майдони.
ЎЗБЕКИСТОН — МИНТАҚАВИЙ ИСЛОМИЙ МОЛИЯ ҲАБИ БЎЛИШИ МУМКИН
Ҳаётжон Азимов:
— Ўзбекистоннинг исломий молия соҳасида ҳабга айланиш имконияти нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам юксак салоҳиятга эга. Бугунги кунда бир қатор омиллар бу эҳтимолни тарихий имконият даражасига олиб чиқмоқда.
Ахоли ва географик жойлашув – стратегик ресурс
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган бўлиб, Афғонистон, Хитой, Қозоғистон, Туркманистон ва бошқа мамлакатлар билан чегарадош. Бу уни минтақавий транспорт ва молиявий оқимлар учун табиий ўтказгичга айлантиради. Юқори аҳоли сони эса — ички бозорнинг кенглигини ва кадрлар тайёрлаш учун етарли инсон ресурсларини таъминлайди.
Таълим ва технологиялар учун очиқлик
Ўзбекистонда молиявий технологиялар (финтех) ва рақамли хизматлар жадал ривожланмоқда. Янгича молиявий маҳсулотлар — мобил тўловлар, QR-код орқали ҳисоб-китоблар, рақамли платформадаги банк хизматлари жамият учун одатийга айланмоқда. Бу эса исломий молиявий хизматларни жорий этиш учун қулай муҳит яратади.
Инвесторлар учун жозибали макон
Ҳозирги глобал геосиёсий ўзгаришлар, Ғарб молия бозорларидаги беқарорлик, санкциялар ва долларга нисбатан танқидлар — кўплаб инвесторларни янги бозорлар қидиришга мажбур қилмоқда. Ўзбекистон ана шу “янги ваъда бераётган бозорлар”дан бири сифатида кўрилмоқда. Бугунги кунда кўплаб халқаро фондлар, институционал сармоядорлар Ўзбекистоннинг исломий молия инфратузилмаси, қонунчилиги ва бозор шароити тўғрисида маълумот сўраб мурожаат қилмоқда. Бу амалдаги қизиқиш белгисидир.
Қозоғистон тажрибаси — ўрганиш учун мисол
2018 йилда Қозоғистонда ташкил этилган “Астана халқаро молия маркази” бу соҳадаги йирик қадам бўлди. Унга 6 йил ичида 3500 дан зиёд ташкилот рўйхатдан ўтди ва 14 миллиард долларга яқин тўғридан тўғри хорижий инвестиция жалб этилди. Бу орқали мамлакат иқтисодиётига 10 мингга яқин иш ўринлари, 169 миллиард тенге солиқ тушуми келтирилди.
Ўзбекистонда бу кўрсаткичлар бир неча баравар юқори бўлиши мумкин. Чунки мамлакат аҳолиси кўпроқ, ички бозор катта ва исломий молиявий хизматларга бўлган талаб кучли.
Малайзия — йўл харитаси ва шаблон
Малайзия 1983 йилда Bank Islam Malaysia ташкил этилишидан бошлаб 2025 йилга қадар 350 миллиард долларлик исломий молия активларига эга бўлди. Бу 40 йиллик босқичма-босқич тараққиёт натижасидир. Ўзбекистон эса бу тажрибани ҳисобга олган ҳолда, айрим босқичларни қисқартириб, бир неча йил ичида ҳудудий ҳаб мақомини эгаллаши мумкин.
Бугунги кунда тўртта асосий омил — аҳоли сони, технологиялар учун очиқлик, инвесторлар қизиқиши ва ташқи бозордаги нотинчлик — Ўзбекистонни исломий молияда ҳабга айлантириш учун тарихий имконият яратаяпти. Мақсад бу — имкониятни бой бермасдан, институционал ва ҳуқуқий асосларни яратиб, амалий қадамларни бошлаш.
АМАЛИЁТГА ЎТИШ: ҲУҚУҚИЙ АСОС, РЕГУЛЯТОРЛАР ВА ШАРИАТ КЕНГАШИ РОЛИ
Искандар Турсунов:
— Исломий молия бу — аввало молиявий тизим. Шунинг учун унинг самарали жорий этилиши учун миллий қонунчиликда аниқ тартиблар, жавобгар субъектлар ва шаффоф механизмлар белгиланиши лозим.
Бирламчи тартибга солувчи органлар сифатида Марказий банк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар агентлиги каби тузилмалар қатнашади. Улар исломий молиявий институтларга лицензия бериш, назорат қилиш, стандартлар белгилаш ва бозор шаффофлигини таъминлаш вазифаларини бажаради.
Бироқ исломий молиянинг ўзига хос хусусияти шундаки — ҳар бир маҳсулот нафақат иқтисодий, балки шариат талабларига ҳам мос бўлиши керак. Шу сабабдан махсус орган — Шариат кенгаши ташкил этилади.
Бу кенгаш Марказий банк ҳузурида ёки алоҳида иқтисодий тузилма қошида фаолият юритади ва исломий молиявий маҳсулотларнинг шариатга мувофиқлигини экспертиза қилади. Шу билан бирга, бу орган барча тижорат банклари ва молия муассасалари учун ягона исломий ҳуқуқий нуқтаи назарни белгилаб беради.
Диний қўмиталар ва ислом марказлари эса тўғридан тўғри регулятор эмас, балки кадрлар тайёрлаш, маслаҳат бериш ва билим тарқатиш соҳасида ёрдамчи вазифа бажаради.
Ҳаётжон Азимов:
— Бу модел Малайзияда синовдан ўтган: 1983-1997 йиллар давомида Малайзияда шариат назорати марказлашмаган эди. Бу эса судлардаги келишмовчиликлар, шариат ва молиявий қонунчилик ўртасидаги зиддиятлар билан тугади. Фақат 1997 йилдан кейин Малайзия Марказий банки ҳузурида Shariah Advisory Council ташкил этди ва барча ҳуқуқий низоларга ягона ёндашув жорий қилинди. Натижада бозор ривожланишида барқарорлик ва ишонч ортди.
Ўзбекистон ҳам бу тажрибани қўллаб, 14 йиллик синов даврини ўтказмасдан, тайёр механизмларни адаптация қилиши мумкин.
Агар амалдаги молиявий қонунчиликка шариатга мос механизмлар қўшилса, лицензиялаш ва назорат қилиш жараёнлари аниқ бўлса, исломий молиявий хизматлар нафақат исломий банки, балки иқтисодиётнинг барча бўғинлари учун ривож моторига айланиши мумкин.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид

10:23 / 12.06.2025
Жаҳон иқтисодиётини 2008 йилдан бери энг секин ўсиш кутмоқда — Жаҳон банки

14:42 / 06.05.2025
Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 20 фоизга ошди

16:15 / 02.05.2025
Хоразмда 2025 йилда 7 минг хонадонли 200 та кўп қаватли уй қурилади

21:50 / 30.04.2025