Жаҳон | 11:31 / 13.06.2025
9860
7 дақиқада ўқилади

Исроил Эронга «огоҳлантирувчи зарба» берганини маълум қилди. АҚШ амалиётда иштирок этмаганини билдирди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу ҳали биринчи босқич экани ва зарбалар «қанча керак бўлса, шунча вақт» давом эттирилишини маълум қилган.

Фото: Prime Minister's Office

Исроил жумага ўтар кечаси Эрондаги нишонларга зарба бера бошлади. Мамлакат расмийлари Эрон ядро дастурига ҳужум қилганини маълум қилди ва Теҳроннинг жавоб зарбаларига тайёрланиб, фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Бинямин Нетаняҳунинг сўзларига кўра, Теҳрон тўққизта атом бомбасини ишлаб чиқариш учун етарли даражада юқори бойитилган уранга эга бўлган, сўнгги ойларда эса бу уранни ядро қуролига айлантириш учун «қадамлар қўйган».

«Биз Эрон ядровий дастурининг юрагига зарба бердик. Биз Натанздаги уранни бойитиш бўйича асосий объектни нишонга олдик. [...] Шунингдек, биз Эроннинг баллистик ракеталар яратиш дастурининг юрагига зарба бердик», – деган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу видеомурожаатида ва ҳарбийлар Эроннинг ядровий олимларини ҳам аниқ нишонга олганини қўшимча қилган.

Нетаняҳунинг сўзларига кўра, операция Эрон томонидан таҳдидни бартараф этиш учун қанча кун керак бўлса, шунча давом этади.

«Агар Эрон тўхтатилмаса, у жуда тез орада ядро қуролига эга бўлиши мумкин. Бу бир йил бўлиши мумкин, бир неча ой бўлиши мумкин. Бу Исроилнинг мавжудлигига тўғридан тўғри ва аниқ таҳдиддир», – дейди Нетаняҳу.

Операция бошланганини эълон қиларкан, Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац мамлакатда «алоҳида фавқулодда ҳолат» жорий этилгани ва Эрон тез орада жавоб ҳужуми бошлаши кутилаётганини айтди.

«Исроил давлатининг Эронга превентив зарбасидан сўнг яқин вақтлар ичида Исроил ва унинг тинч аҳолисига ракета ва дронлар билан ҳужум қилиниши кутилмоқда», – дейилади баёнотда.

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Исроил Теҳрон ва бошқа шаҳарлардаги турар жойларга зарбалар бергани ҳақида ёзган.

Зарбалар оқибатида Теҳронда вайрон бўлган турар жой бинолари тасвирлари эълон қилинган.

Аввалига Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг Эрон пойтахтидаги штаб-квартирасига зарба берилгани хабар қилинганди.

Кейинроқ зарба оқибатида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий ҳалок бўлгани маълум бўлди. Корпус Исроилдан унинг ўлими учун қасос олишга ваъда берди.

Ундан ташқари яна икки юқори мартабали ҳарбий қўмондон – Эрон қуролли кучлари бирлашган штаб бош қўмондони генерал Муҳаммад Бағирий ва Эрон қуролли кучлари қўмондони ўринбосари – «Хатам-ал-Анбия» марказий штаби қўмондони, генерал Ғулом Али Рашид ҳам ҳалок бўлган.

ОАВ маълумотларига кўра, олти нафар ядрочи олим, хусусан Эрон атом энергетикаси ташкилотининг собиқ раҳбари Фариддун Аббосий ва физик Муҳаммад Маҳдий Теҳрончи ҳам ўлдирилган.

Теҳронда нишонга олинган ҳарбийлардан бирининг квартираси жойлашган кўп қаватли уйда зарба оқибатлари

Биринчи босқич

Исроил мудофаа кучлари вакилининг айтишича, Исроил ҳарбийлари Эрон ядровий дастурига зарба бериш бўйича «олдини олувчи, аниқ ва аралаш операция» бошлаган.

Унинг қўшимча қилишича, зарбалар «Эрон режимининг Исроилга қарши давом этаётган тажовузи»га жавобан берилган.

Қайд этилишича, Эроннинг турли ҳудудларига зарба бериш бўйича операциянинг биринчи босқичида Исроилнинг 200 та қирувчи самолётлари иштирок этган, улар нишонлар томон 330 дан ортиқ ракеталар учирган.

«Бугун Эрон ядро қуролига эга бўлишга ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ. Эрон режими қўлидаги оммавий қирғин қуроли Исроил давлати мавжудлигига таҳдид солади ва бутун дунё учун жиддий хавф туғдиради», – дейди ҳарбийлар.

Баёнотда армия «зарурат туғилганда ҳаракат қилишни давом эттиришга тайёрлиги» таъкидланган.

Reuters агентлиги Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига таяниб хабар беришича, Теҳрон шимоли-шарқида портлаш овозлари эшитилган. BBC журналистларига Теҳрон аҳолиси вакилларидан ҳам портлашларни тасдиқловчи маълумот келиб тушган.

Reuters’нинг Эрондаги манбаси Теҳрондан 200 км узоқликда жойлашган Натанз шаҳридаги завод ҳудудида ҳам портлашлар содир бўлганини маълум қилди. Эроннинг юқори мартабали мулозимининг агентликка маълум қилишича, мамлакат раҳбарияти фавқулодда йиғилиш ўтказмоқда.

Эрон ОАВ маълумотларига кўра, Теҳрон халқаро аэропортида парвозлар тўхтатилган.

Исроилда эса тунда ҳаво тревогаси сигналлари янгради.

Исроил расмийлари ҳам мамлакат ҳаво ҳудудини ёпди. Flightradar24 сервиси маълумотларига кўра, Бен-Гурион аэропортига йўл олган самолётлар бошқа аэропортларга йўналтирилган.

Тунги Теҳрондан кадрлар. Фото: EPA

«Ҳаммаси барбод бўлади»

Бир неча соат олдин АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон дипломатик келишувга умид қилаётганини айтиб, Исроилни Эронга зарба бермасликка чақирганди.

«Мен буни муқаррар демоқчи эмасман, лекин афтидан, бу содир бўлиши мумкин», – деди АҚШ президенти Оқ уйда журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, Эрон ядровий дастури бўйича «анча яхши» келишув яқин, бироқ Исроилнинг Эронга ҳужуми келишувга эришиш имкониятларини йўққа чиқариши мумкин.

«Мен уларнинг можарога киришишини истамайман, чунки бу ҳаммасини барбод қилади, деб ўйлайман», – деб қўшимча қилган Трамп.

Wall Street Journal эса манбаларга таяниб, Исроил якшанба куни Эронга зарба бериши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.

Axios нашри манбалари таъкидлашича, АҚШ Исроилга зарбаларда бевосита иштирок этмаслигини маълум қилган.

Исроил зарбалари бошланганидан кейин АҚШ Давлат котиби Марко Рубио баёнот бериб, ҳужумларда АҚШ иштирок этмаганини билдирди.

«Тунги ҳужумда Исроил мустақил ҳаракат қилди. АҚШ бу ҳужумларга алоқаси йўқ ва устувор вазифамиз минтақадаги америкалик ҳарбийларни ҳимоя қилишдир», – деган АҚШ бош дипломати. Шунингдек, Рубиони Эронни АҚШ манфаатлари ёки ходимларига ҳужум қилмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Унинг сўзларига кўра, Исроил АҚШни Эронга «ўзини ҳимоя қилиш мақсадида» бериладиган зарбалар ҳақида хабардор қилган.

BBC’нинг Оқ уйдаги мухбирлари хабар беришича, Трамп ҳозирча сўнгги воқеаларга изоҳ беришни режалаштирмаяпти.

CNN маълумотларига кўра, у Яқин Шарқдаги вазият муносабати билан ўз маъмуриятининг фавқулодда йиғилишини ўтказган.

Мавзуга оид