Ўзбекистон | 21:27 / 12.06.2025
9632
6 дақиқада ўқилади

Прописканинг қайтиши, кутилганидан тезроқ инфляция — маҳаллий дайжест

Таксичилар ўзлари хоҳлаган ҳудудда киракашлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Пулнинг қадрсизланиш даражаси расмийлар кутганидан кўра баландроқ бўляпти. Афғонистон билан янги битим тузилди, Қирғизистон билан тузилган шартнома ратификация қилинди. Кун давомида Kun.uz'да ёритилган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Таксиларга прописка чеклови

Куннинг бош мавзуси – таксичиларга нисбатан прописка чекловининг киритилгани бўлди. Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамаси 2 апрел кунги қарори билан ҳайдовчиларни лицензия олиш пайтида қаерда таксичилик қилишни эркин танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган. Эндиликда автомобилнинг давлат рақами қайси ҳудудга оид бўлса, лицензия фақат ана шу ҳудуд ва унга туташ ҳудудда таксичилик қилиш учун берилади.

Бу дегани мисол учун, Сурхондарё вилоятида берилган, шу сабабли “75” ҳудудий кодига эга авторақам тақилган машинада фақат Сурхондарёнинг ўзида ва унга туташ Қашқадарё вилоятидагина таксичилик қилиш мумкин. Лицензия талабини бузганлик ёки лицензия олмасдан таксичилик қилганлик учун – жавобгарлик бор.

Қарор амалиётда ижрога қаратилгунга қадар лицензия олганлар ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар ўзлари хоҳлаган жойда таксичилик қилишлари мумкин. Лекин янги лицензия олмоқчи бўлганларда танлаш имконияти йўқ. Бу ҳолат айниқса Тошкент шаҳрига энг кўп таъсир қилади: пойтахтга вилоятдан келиб қонуний киракашлик қилувчилар камайиши ортидан такси нархлари ошиши мумкин.

Бир қатор жамоатчилик фаоллари бу қарорнинг Конституцияга зидлигини айтмоқда. Халқ демократик партияси ҳам шундай фикрда эканини билдирди. Партия баёнотига кўра, таксичилар фаолиятига ҳудудий чекловлар қўйиш – Ўзбекистон Конституциясининг 67- ва 42-моддаларига зид. Партия шу муносабат билан транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга сўров юборди ва уни парламентдаги ҳукумат соатига чақирди.

Пулнинг қадрсизланиши

Тошкентда охирги 1 йилда пул 18,5 фоизга қадрсизланиб кетди. Марказий банк ўтказган сўровда қатнашган пойтахтликлар ана шундай фикрда. Наманган, Сирдарё ва Жиззахда яшовчилар эса сўнгги бир йиллик инфляцияни ўртача 15 фоиздан баландга баҳоламоқда. Республика бўйича аҳоли ўртасида сезилган инфляция кўрсаткичи 14,5 фоизни ташкил этди.

Марказий банк бугунги баёнотида пулнинг қадрсизланиш даражаси кутилганидан кўпроқ бўлаётганини тасдиқлади. Маълум қилинишича, умумий инфляция прогноз қилинган траекториядан юқорироқ шаклланмоқда. Шу муносабат билан регулятор асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Изоҳланишича, бу – энергетика нархлари ошишининг иккиламчи таъсирларини пасайтириш ва умумий инфляциянинг барқарор пасаювчи трендга ўтишини таъминлаш билан боғлиқ.

“Энергия нархлари оширилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши инфляцион босимларнинг узоқроқ давом этишига ишора беради”, – дейилади Марказий банк баёнотида. Регуляторга кўра, иқтисодиётдаги ялпи талаб ва иккиламчи таъсирларнинг нархларга оширувчи босимлари келгуси ойларда кутилганидан кўра кучайиши бўйича эҳтимоллар юзага келган тақдирда, асосий ставка оширилиши мумкин.

Фермерларга босим

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ургут тумани ҳокими ўринбосари томонидан фермерларга босим ўтказилаётганини қоралаб баёнот берди. Вазирликнинг маълум қилишича, “экишни хоҳламаган фермерларнинг ери хитойликларга берилади” деган огоҳлантириш қонунчиликка зид. Ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилаётгани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, Ургут тумани ҳокими ўринбосари Зуҳриддин Амоновнинг ҳаракатлари ҳақида аввалроқ Kun.uz хабар берган эди. Амонов пилла, ғалла ва пахта режасини бажармаган, солиқларни тўламаган фермер хўжаликларининг ерлари хитойлик инвесторларга берилишини айтган. У ўз видеомурожаатида Хитойдан келган инвесторлар аллақачон ҳудуддаги ерлар билан таништирилаётганини маълум қилган.

Афғонистон билан битим

Ўзбекистон ва Афғонистон имтиёзли савдо тўғрисида битим тузди. Битимни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида икки мамлакатнинг савдо-саноат вазирлари имзолади. Келишув тафсилотлари ҳозирча маълум эмас. Давлатлар ўртасида, шунингдек, 2025-2026 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва саноат соҳаларида ҳамкорлик дастури ҳам тасдиқланган.

Тошкент инвесфорумида қатнашиш ва шу келишувларни имзолаш учун келган Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий президент Шавкат Мирзиёев қабулида ҳам бўлди. Учрашувда савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, энергетика ва аграр соҳаларда, шунингдек, геология-қидирув ва фойдали қазилмалар борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Қирғизистон билан битим

Ўзбекистон Қирғизистон билан маҳкумларни алмашиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди. Президент Шавкат Мирзиёев тегишли қонунга имзо чекди.

Бу шартнома Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг 2024 йил июл ойида Тошкентга ташрифи доирасида имзоланган эди. Келишувга кўра, энди икки давлатдаги маҳбуслар жазонинг қолган қисмини ватанида ўташ имконига эга бўлади. Маҳбусларни алмашиш “Дўстлик/Достук” ўзбек-қирғиз чегара ўтказиш пункти орқали амалга оширилади.

Маълумотларга кўра, ҳозир Қирғизистонда 100 нафарга яқин ўзбекистонлик, Ўзбекистонда эса 50 нафарга яқин қирғизистонлик маҳбус жазони ўтамоқда.

Мавзуга оид