Жаҳон | 17:51 / 12.06.2025
16703
2 дақиқада ўқилади

«Ўргимчак тўри» операциясидан сўнг Россия бомбардимончи самолётларини Узоқ Шарққа кўчирди

Сунъий йўлдошдан олинган суратлар шунга далолат қилмоқда.

Украинанинг «Павутина» («Ўргимчак тўри») операцияси оқибатида Россия Аэрокосмик кучлари 20 тагача стратегик бомбардимончи самолётни йўқотган эди. Шундан сўнг, Россия мудофаа вазирлиги Ту-160, Ту-95МС ва Ту-22М3 бомбардимончи самолётларни Иркутск ва Мурманск областларидаги аэродромлардан бошқа ҳаво базаларига, биринчи навбатда, Узоқ Шарққа кўчирди. Бу ҳақда Украинанинг AviVector лойиҳаси сунъий йўлдошдан олинган суратларга таяниб хабар берди.

Шундай қилиб, Иркутск областидаги Белая аэродромидан еттита Ту-160 бомбардимончи самолёти, Мурманск областидаги Оленя авиабазасидан учта Ту-160 самолёти кўчирилди. Кейинчалик, Анадирда иккита самолёт, Татаристондаги Борисоглебское ва Камчаткадаги Елизово аэродромида учта Ту-160 пайдо бўлди.

Аввалроқ AviVector Украина дронлари томонидан қилинган ҳужумнинг эртасига Оленя авиабазасидан Амур областига 11 та Ту-22М3 бомбардимончи самолёти кўчирилгани ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, у ерга Саратов областидаги Энгелс-2 ҳарбий аэродромидан тўртта Ту-95МС бомбардимончи самолёти ҳам юборилган. Яна тўртта самолёт Моздок авиабазасига юборилган, у сўнгги пайтларда Россия авиацияси томонидан фойдаланилмаяпти. Сунъий йўлдошлар Борисоглебское аэродромида тўртта Ту-22М3 самолётларини суратга олди.

1 июн куни Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) «Павутина» деб номланган мисли кўрилмаган операцияни амалга оширди - Россия ҳудудидаги стратегик ҳаво базаларига дронлар ҳужуми уюштирилди. Украина оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, операция 18 ойдан ортиқ вақт давомида тайёрланган ва президент Володимир Зеленский томонидан шахсан назорат қилинган.

Украина томонига кўра, операция натижасида Россия стратегик авиациясининг 41 та ҳарбий самолёти йўқ қилинган. Бироқ, бошқа мустақил манбаларга кўра, йўқ қилинган самолётларнинг сони 12 дан 23 тагача бўлиши мумкин.

Мавзуга оид