Жаҳон иқтисодиётини 2008 йилдан бери энг секин ўсиш кутмоқда — Жаҳон банки
Жаҳон банкининг «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» ҳисоботи сўнгги нашрига кўра, савдодаги кескинлик кучайиши ва иқтисодий сиёсатнинг ноаниқлиги жорий йилда жаҳон иқтисодиёт ўсиш суръатларининг, тўлиқ глобал рецессия даврларини ҳисобга олмаганда, 2008 йилдан бери энг паст даражагача секинлашишига олиб келиши мумкин.
Ушбу салбий омиллар туфайли барча иқтисодиётларнинг қарийб 70 фоизи — барча минтақалар ва даромадлар бўйича мамлакатлар гуруҳларида иқтисодий ўсиш прогнозлари пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди.
Прогнозларга кўра, 2025 йилда жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари 2,3 фоизгача пасаяди, бу йил бошида прогноз қилинган даражадан деярли ярим фоиз пунктга паст. Шу билан бирга, глобал рецессия бўлиши кутилмаяпти.
Бироқ, агар келгуси икки йил учун прогнозлар амалга ошса, 2020-йилларнинг дастлабки етти йилида жаҳон иқтисодиётининг ўртача ўсиш суръатлари 1960-йиллардан кейинги барча ўн йилликлар ичида минимал бўлади.
2025 йилда ривожланаётган иқтисодиётларнинг қарийб 60 фоизида иқтисодий ўсишнинг секинлашиши кутилмоқда. Ўртача йиллик ўсиш 3,8 фоизни ташкил этади, 2026 ва 2027 йилларда эса бироз ошади —3,9 фоизгача.
Хитойдан ташқари, ривожланаётган иқтисодиётлар ялпи ички маҳсулотнинг умумий ўсишини 4 фоиз даражасида сақлаб қолиши мумкинлиги тахмин қилинса (2027 йилга мўлжалланган суръатлар), уларга пандемиядан олдинги иқтисодий ўсиш траекториясига қайтиш учун тахминан 20 йил керак бўлади.
Агар энг йирик иқтисодиётлар савдо кескинлигини пасайтира олса, жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари кутилганидан тезроқ тикланиши мумкин, бу эса иқтисодий сиёсатнинг умумий ноаниқлиги ва молиявий тебранишларнинг камайишига олиб келади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, агар жорий савдо низолари тарифларни май ойи охиридаги даражадан икки баробар пасайтириш тўғрисидаги келишувлар билан ҳал этилганда эди, 2025 ва 2026 йилларда жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари ўртача 0,2 фоиз пунктга юқорироқ бўлар эди.
Ҳисоботда қайд этилишича, ривожланаётган иқтисодиётлар савдо тўсиқлари ошиб бораётган шароитда бошқа мамлакатлар билан стратегик савдо-инвестициявий шерикликларни йўлга қўйиш ва савдони диверсификация қилиш, шу жумладан минтақавий битимлар тузиш орқали янада кенгроқ либераллаштиришга интилиши лозим.
Мавзуга оид

18:06
Ўзбекистон МДҲнинг исломий молия марказига айланиш потенциалига эга — экспертлар билан суҳбат

15:54 / 04.06.2025
Ўзбекистонда кредит олганларнинг 40 фоизи ойлик даромадининг ярмидан кўпини кредит тўлашга сарфламоқда

11:02 / 03.06.2025
Чет элдан олинган пул ўтказмаси солиққа тортиладими?

11:37 / 31.05.2025