Ғарб Исроил Эронга зарба беришидан хавотирда. Бу ҳақда нималар маълум ва оқибатлар қандай бўлиши мумкин?
Исроил Эроннинг ядровий объектларига зарба беришга тайёрланмоқда, бу яқин кунлардаёқ амалга оширилиши мумкин, деб хабар бермоқда Америка матбуоти АҚШ расмий доираларидаги манбаларга таяниб. Афтидан, Исроил айни вақтда Эрон ядровий дастури бўйича Теҳрон билан музокаралар олиб бораётган Вашингтоннинг қўлловисиз ҳаракатланмоқчи.

ISRAEL DEFENSE FORCES
Музокаралар Эрон билан келишув тузиш нияти ҳақида очиқ гапирган Доналд Трампнинг шахсан назоратида бўлиб турибди.
Апрел ойи ўрталаридан буён Америка-Эрон музокараларининг бир неча раунди ўтказилди.
Хабар қилишларича, икки ҳафта муқаддам Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Америка томони «самарали» деб атаган музокаралар давом этаётган бир вақтда Эронга қарши ҳарбий куч ишлатишдан тийилиш лозимлиги ҳақида огоҳлантирган.
Шу тариқа, агар Исроилнинг нияти ҳақидаги маълумот тўғри бўлиб чиқса, у энг қудратли иттифоқчисини ўзидан узоқлаштириш хавфи остида мустақил ҳаракатланади.
Исроил ҳукумати нега бундай таваккалчиликка тайёр ва нега айнан ҳозир?
Исроил нимадан хавфсирамоқда?
Исроил Эрон бўйлаб сўнгги бор ёпирилма зарбани ўтган йил октябрида амалга оширган ва шундан кейин АҚШга Эрон масаласини дипломатик йўл билан ҳал қилишга уриниш имкониятини тақдим этган.
Нима нотўғри кетди?
Америка томони Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокаралар кутилганидан самаралироқ ва тезроқ кечаётганини яширмаяпти (лекин Трамп яқинда жараён бироз секинлашаётганидан шикоят қилганди).
Бундай секинлашишнинг ўзиёқ Исроилни сергаклантирди. Трамп маъмурияти йиллар давомида ўжарлик қилиб келаётган Эрон режимига энди шахдам қадамлар ташлаш учун нима таклиф қилгани номаълум.
Хабар қилишларича, томонлар дастлабки келишувни тузишга яқин турибди, унинг асосий бандларидан бири – Эрон томони уранни бойитиши бўйича қоидалардир.
Шу банд Исроилни ташвишга солмоқда.
АҚШ Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига ҳеч қандай шароитда йўл қўймаслигини таъкидласа-да, Исроил эҳтимолий Эрон-Америка битимида ўзи учун таҳдид кўрмоқда.
Бу хавотирлар Исроил бу масалада иккинчи ўринга суриб қўйилгани билан боғлиқ.

Исроил манбалари таъкидлашича, Эрон билан музокараларга бошчилик қилаётган АҚШнинг Яқин Шарқдаги махсус элчиси Стив Уиткофф ва Исроил стратегик режалаштириш вазири Рон Дермер ўртасида қизғин мулоқот бўлаётганига қарамай, Америка томони Исроил билан асосий масалалар бўйича етарлича маълумот алмашмаяпти.
Исроилнинг фикрича, бу Исроил манфаатлари музокараларда ҳисобга олинмагани (ёки етарлича ҳисобга олинмагани) туфайли содир бўлмоқда.
BBC рус хизматининг Қуддусдаги манбаларига кўра, апрел ойи охиридан ҳозирги вақтгача бош вазир Бинямин Нетаняҳу, мудофаа вазири Исраэл Кац ва номи ЦАҲАЛ қўмондонлигининг номи ошкор этилмаган вакили бир нечта маслаҳатлашувлар ўтказган, улар доирасида Эронга зарба беришни назарда тутувчи Б режаси пайдо бўлган бўлиши мумкин.
«Нетаняҳу дипломатик ёндашувни қўллаб-қувватлайди, бироқ бўлажак келишув Эрон ядро дастуридан асар ҳам қолдирмаслиги шарти билан. У Трампга ҳам шундай деган. Бошқа ҳар қандай битимни Исроил ёмон битим деб тушунади» – деди BBC манбаси.
Исроил зарбаси қанчалик эҳтимолли?

BBC рус хизмати Қуддусдаги манбалари орқали Эронга зарба беришга тайёргарлик кўрилаётганини тўғридан тўғри тасдиқлай олмаган.
Исроил одатда Эронга қарши амалиётларини унгача ҳам, ундан кейин ҳам изоҳламайди.
Бу ҳақдаги маълумотлар Американинг NBS ва CBS телеканаллари томонидан тарқатилди, улар ўз хабарларида Вашингтондаги манбаларга таянган.
Одатда, Америка разведкаси Исроилнинг режаларидан етарлича хабардор бўлади. Исроилнинг АҚШ рухсатисиз амалга оширган (уларнинг қўллаб-қувватлаши шарт бўлмаган) операциялари сонини мамлакатнинг бутун замонавий тарихи давомида бир қўлнинг бармоқлари билан санаш мумкин.
АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси ходимлари қисман эвакуация қилиниши Оқ уйнинг хавотирини тасдиқлайди.
Америка манбаларига кўра, Эроннинг Исроил зарбасига эҳтимолий жавоби қўшни Ироқда жойлашган АҚШ ҳарбийларига қарши қаратилиши мумкин, бу эса Давлат департаменти ва Пентагонни эвакуацияни бошлашга ундади.
Хабар қилишларича, Баҳрайн ва Кувайтдаги айрим кичик даражали ходимларга ҳам уйга қайтиш таклиф этилган.
«Уларни олиб чиқишмоқда, чунки [Яқин Шарқ] хавфли жой бўлиб қолиши мумкин, кўрамиз, нима бўларкан», – деди Трамп чоршанба куни кечқурун.
«Фақат икки вариант бор»

Эрон – Доналд Трампнинг Яқин Шарқ режаларидаги асосий зирапча.
У биринчи президентлик муддати давомида бу муаммони ҳал қила олмаганди, бу масала ҳозир ҳам уни тинч қўймаяпти.
NBC хабарида ҳозирда АҚШ Исроилга Эронга эҳтимолий зарба беришда қандайдир тарзда ёрдам беришни режалаштираётгани ҳақида ҳеч қандай белги йўқлиги айтилади. Одатда бундай амалий ёрдам ҳавода ёнилғи қуйишни таъминлаш ва разведка маълумотларини тақдим этишдан иборат бўлади.
Бироқ, экспертлар таъкидлашича, АҚШ ўз дипломатларини эвакуация қилишини ҳам Вашингтон Исроилга халақит бермоқчи эмаслигининг белгиси сифатида баҳолаш мумкин.
Зарба бўладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум, аммо Америка томони у ҳақидаги миш-мишларнинг ўзидан ўз фойдаси йўлида фойдаланиши мумкин, дейди Вашингтон Яқин Шарқ сиёсати институти эксперти Майкл Найтс.
Воқеаларнинг бундай ривожланишнинг олдини олишнинг иложи йўқлигини ва бунга жиддий тайёргарлик кўриш кераклигини кўрсатиш орқали Оқ уй Эрондан «кеч бўлмасдан» музокаралар столида жиддий ён беришни талаб қилиши мумкин.
«Гап Эронни Америка президенти иродасини ҳурмат қилишга мажбурлашга уриниш ҳақида кетмоқда», – деб ҳисоблайди Найтс.
Эҳтимол (гарчи эҳтимолдан йироқ бўлса-да), бундай вазиятда АҚШ яқин соатлар ёки кунлар ичида Теҳронни Исроилга ёқадиган шартлар бўйича келишувдан маҳрум қилиши мумкин ва у ўз режаларидан воз кечади.
Агар Исроил барибир Эронга зарба берса, Яқин Шарқдаги вазият энг ёмон сценарий бўйича кетади.
Доналд Трампнинг ўзи ҳам Эрон ядро қуролини ишлаб чиқишни давом эттириш истагида яна ўжарлик қиладиган бўлса, унга қарши ҳарбий ҳаракатларни истисно қилмаган.
«Фақат иккита вариант бор. Улардан бири умуман яхши вариант эмас», – деганди у апрел ойи охирида Овал кабинетда журналистлар билан учрашувда Теҳронга босим ўтказишнинг эҳтимолий ҳарбий усулини назарда тутиб.
Ўшанда у бунга ҳожат йўқлиги, чунки «кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қоладиган жуда-жуда яхши ечим деярли қўлда экани»ни қўшимча қилганди.
Якшанба куни минтақада катта урушнинг олдини олишга яна бир уриниш амалга оширилади: Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф АҚШнинг сўнгги таклифлари рўйхатига эронликларнинг жавобини олиш учун Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи билан учрашиш учун Ўмонга боради.
Эрон ядровий дастури ва уни жиловлашга уринишлар

Эрон ўз ядровий дастури фақат тинчлик мақсадларида эканини таъкидлаб келади.
У ядро қуроли яратишга интилмаётганини таъкидлайди, бироқ кўплаб давлатлар, шунингдек, Халқаро атом энергетикаси агентлиги бундай эмаслигига амин.
Эроннинг ниятига гумонлар 2002 йилда мамлакатда махфий ядровий объектлар топилганидан кейин пайдо бўлган.
Бу Эрон ва деярли барча бошқа давлатлар томонидан имзоланган Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг бузилиши эди.
2010 йилда БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи Эрон ядровий дастуридан бомба яратиш учун фойдаланилгани ҳақидаги шубҳалар асосида Эронга қарши кенг кўламли иқтисодий санкциялар жорий қилди.
Эрон нефтини сотиш имкониятидан маҳрум бўлди, унинг хориждаги 100 млрд долларлик активлари музлатиб қўйилди. Мамлакат иқтисодий инқирозга юз тутди, миллий валюта курси рекорд даражада пасайиши инфляциянинг кескин ўсишига туртки бўлди.
Эрон санкцияларни бекор қилишни талаб қила бошлади. Бир неча йиллик музокаралардан сўнг, 2015 йилда Эрон ва дунёнинг олтита давлати – АҚШ, Хитой, Франция, Россия, Германия ва Буюк Британия 15 йилга мўлжалланган Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини келишиб олди.

Келишув Эроннинг ядровий соҳадаги ҳаракатларини чеклаб қўйди ва Халқаро атом энергетикаси агентлиги инспекторларига Ғарб санкцияларининг катта қисмини бекор қилиш эвазига Эроннинг барча ядровий объектларига кириш имконини берди.
2018 йилда ўзининг биринчи президентлик даврида Доналд Трамп АҚШни (асосий ўйинчи) келишувдан чиқариб, уни танқид қилди ва санкцияларни қайтадан жорий этди.
Бу қадамни ҳар доим Эронга ишониб бўлмаслигини таъкидлаб келган Исроил қўллаб-қувватлади. Исроил томони фикрича, санкциялар бекор қилиниши Теҳронга ядровий ишланмаларни давом эттириш имконини берди.
Ўшандан бери Эрон ва Ғарб ўртасида янги келишувга эришиш учун бир неча бор уринишлар бўлди, аммо ҳеч бири муваффақиятли чиқмади.