Жамият | 12:30
9721
8 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги маҳалла ичида 5 қаватли меҳмонхона қурилиши мумкин. Аҳоли бунга қарши чиқмоқда

Яккасарой туманининг ҳовлилардан иборат Тўқимачи маҳалласида яшовчилар маҳалла ҳудудидаги 6 сотихли майдонда котлован қазиш бошлангач, бу ерда 5 қаватли офис ва меҳмонхона қурилишидан хабар топди. Аҳоли вакиллари отел келажакда нобоп масканга айланиши, маҳалланинг тинчини ўғирлашидан хавотирда. Уларнинг даъвосини кўриб чиқаётган судя қурилиш жойига келиб, ҳолатни ўрганди. Ўрганиш жараёнида Kun.uz мухбири ҳам қатнашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкентнинг Яккасарой тумани “Тўқимачи” МФЙ Жамбул кўчасида 5 қаватли меҳмонхона қурилиши мумкин. Ҳозирча котлован ҳолатида турган объект маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

“Toshneftgazishchita’minot” МЧЖ Жамбул кўчаси 2-уй манзилида офис ва меҳмонхона қуриш учун 2024 йил 15 июлда Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасидан ижобий хулоса олган. Шу ерда яшовчи аҳоли вакиллари эса бу лойиҳадан 2025 йил май ойига келиб, яъни қурилиш ишлари бошлангач хабар топганини айтмоқда.

Бир гуруҳ фуқаролар қурилиш бошқармасининг хулосасини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича Тошкент туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритган. 2025 йил 20 май куни судя Олим Шамсиев аризачиларнинг илтимосномасини қаноатлантириб, объектнинг қурилиш-монтаж ишларини вақтинча тўхтатиш бўйича ажрим чиқарди.

Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, аҳоли вакилларини тинглади. Уларнинг айтишича, 6 сотихлик ер майдони қўлдан қўлга ўтиб келган, меҳмонхона қурилишидан қўни-қўшниларнинг хабари бўлмаган.

Ака-укалар турарди. Ота-онаси ўтгандан кейин сотиб кетишди. Ундан кейин жой яна икки марта сотилди. Кейин бу келди. Унга айтдим, ота-онанг борми сени дедим. Бор деди. Ота-онанг бўлса дедим, икки қаватли қурасан дедим. Беш қаватли қурмайсан дедим. Бу бизга тўғри келмайди. Пешонамда туради. Фоҳишахона бўладими дедим. Йўқ, хола, қуриб бераман, олиб келаман деди. Шу бўйича йўқ бўлиб кетганди”, – дейди фуқаролардан бири.

Жамбул кўчасида яшовчилардан яна бири охирги пайтлар атрофда меҳмонхоналар кўпайиб кетгани, шу сабаб маҳалладан осудалик ариганини айтди. Бир ҳолатда, отеллардан бирининг мижозлари машинада ички ишлар ходимларидан қочиб, маҳалла ичидан юриб, йўл четида турган машиналарни қириб ўтиб кетган.

Мана шуларнинг дастидан машина кўп. Юриб бўлмайди. Кўчага чиқа олмаймиз. Болалар кўчага чиқиб, шу машина туртиб юбормасин деб эшикни қулфлаб ўтирамиз. Яна отишмалар бўлиб кетди, ҳамма ёқ милицияга тўлиб кетди. Жуда хавотирга тушиб яшаяпмиз. Маҳаллани ичи тинч бўлади деймиз-у, тинчлигимиз йўқолди-да. Кўчани нариги юзи меҳмонхона. Ҳамма ёқни меҳмонхона босиб кетди. Энди буниси жуда ортиқча бўлди. Светимизга, сувимизга таъсири бўляпти”, – дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган аёл.

Суд ишида асосий даъвогар бўлган Санобар Раҳимова ҳам меҳмонхона керак эмаслигини айтди. “Ҳеч ким келишувга имзо чекмади. Улар бизни эшитмаяпти”, – дейди даъвогар.

Kun.uz'га берилган маълумотга кўра, лойиҳани амалга ошираётган “Toshneftgazishchita’minot” вакиллари 2024 йил 16 ноябрда маҳаллада йиғилиш ўтказиб, 2-уй манзилида нималар бўлиши ҳақида маълумот берган. Шундан кейин маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва бошқа фаоллар йиғилиш баёнини муҳр ва имзо билан тасдиқлаб беришган. Санобар Раҳимованинг ишончли вакили, адвокат Фаррух Сайфуллаевга кўра, қурувчи қўшниларнинг розилигини олмаган, хулосани эса ноқонуний қўлга киритган.

Ҳимоям остидаги шахс 17-уйда яшаб келади. Тадбиркор беш қаватли меҳмонхона қуриш жараёнида котлован ишларини олиб борган. Шу жараёнда мана шу уйда деворларда силжиш, полларда уйнинг ичида трешина бериш ҳолатлари юзага келган. Аҳолининг жуда ҳам кўп норозилигига олиб келяпти. Аҳоли розилигини олиш керак деган шарти бор. Чунки Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасини ижобий хулосасини бандида ён қўшниларнинг розилигини олиш тавсия этилади деб белгилаб кетилган. Ўндан зиёд фуқаролар норози”, – дейди адвокат.

3 июн кунги суд мажлисида судя Олим Шамсиев масалани жойига чиқиб ўрганиш бўйича қарор чиқарган. 4 июн куни судя манзилга келиб, лойиҳа билан танишди. Санобар Раҳимованинг уйи ва объектнинг оралиқ масофаси 6 метр чиқди. Судя автотураргоҳ қаерда бўлиши ва нечта машинага мўлжалланаётгани билан ҳам қизиқди. МЧЖ вакилига кўра, тураргоҳ кўчага қилинмайди. Шундан сўнг, судя асосий даъвогар Санобар Раҳимованинг уйини кўздан кечириб, уйнинг шикастланган деворини суратга туширди.

“Toshneftgazishchita'minot” МЧЖнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Марат Ҳайитов аҳоли таклиф берса, келишиш масаласи кўриб чиқилишини билдирди.

“Бу уйнинг деворлари хом ғиштдан ёки лойдан терилган. Бу айнан биз томонимиздан қурилиш хавфсизлигига риоя қилинмагани натижасида девори зах тортиб кўчганини билдирмайди. Тепасидан сув ўтган бўлиши мумкин. Ичкаридан ҳам қарасангиз, деворни йиқитадиган ёки бирор нарса эмас. 6,4 метр қочирилган. Ернинг ўзи ҳозир 5 метр турган бўлса, 1 метри котлован очилиб қолдирилади, яна қайтадан засипка қилинади, яъни қайта кўмилади. Бу дегани 200-сонли қарор бўйича 6 метрдан ҳам кўпроқ дегани. Санитария органлари томонидан хулоса берилганки, биз томонимиздан, яъни барпо этилаётган бино қўшни, ёндош, қўшни яшаётган бошқа одамларнинг ҳуқуқларига дахл қилмайди. Иккинчидан, ёнғин хавфсизлиги бўйича 6 метрдан кўп масофа қолдирилса, бошқаларнинг ҳуқуқини бузмайди. Таклиф берсин, келишиш масаласини кўриб чиқамиз. Таклиф маъқул келса. Агар таклиф маъқул келмаса, бизга номаъқул таклиф келадиган бўлса, унда келишишга ҳожат ҳам йўқ”, – дейди у.

Адвокатнинг сўзларига кўра, электр энергияси тармоғига тушадиган юклама ҳам ҳисобга олинган. Бунда тегишли электр тармоқлари корхонасидан техник шарт олинади.

Ҳайитовга кўра, тегишли ҳужжатларда аҳолидан рухсат олиш талаби йўқ.

Булар қўшни бизга. Йўлнинг нариги бетида. 14 метр масофаси бор экан у томонигача, Лекин қонунда ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорида, борингки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатда йўқ талабни бизга қўйишга ҳеч кимнинг ваколати, ҳаққи йўқ”, – дейди у.

Kun.uz ижобий хулоса қандай берилгани, объектга яқин қўшниларнинг розилиги қанчалик инобатга олинганини билиш учун Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси билан боғланди. Матбуот хизматининг маълум қилишича, янги таҳрирдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига асосан, қўшни участкалардан розилик ёки рухсат олиш банди олиб ташланган.

Юқоридаги каби ҳолатларда бино-иншоотлар санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериши ёки жавоб бермаслиги нуқтайи назаридан лойиҳа-смета ҳужжатлари тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилади ва хулоса берилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалигида назорат қилиш инспекцияси матбуот хизмати эса қурилиш бошламасдан олдин камида 10-15 та аҳолининг розилигини олиб келишиш кераклигини билдирди.

Ҳолат бўйича суд иши давом этмоқда.

Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz

Мавзуга оид