Ўзбекистон | 15:50
1953
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда дорилар Қозоғистонга қараганда қиммат – фармацевтика бозорига қандай омиллар таъсир қиляпти?

Kun.uz билан суҳбатда бўлган ҳам божхона, ҳам фармацевтика соҳасидан бохабар мутахассис буни сотиш билан боғлиқ монополия юзага келгани билан боғламоқда. Унинг айтишича, импорт дориларнинг катта қисми фақат бир гуруҳ етказиб берувчилар томонидан чакана сотувчиларга тақсимланади. Қолаверса, мамлакатда белгиланган референт нархларининг ўзи арзон эмаслиги сабаб ҳам одамлар дориларни қиммат олишга мажбур экани айтилмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жорий йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонга олиб кирилаётган дори воситаларини улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорларга фақат импорт қилувчи ташкилот ёки унинг расмий дилерлари электрон ҳисобварақ-фактура асосида сотиши мумкин бўлади.

Шунингдек, дориларни маркировкадан ўтказиш ҳам мажбурий қилиб белгиланди. Kun.uz билан суҳбатда бўлган ҳам божхона, ҳам фармацевтика соҳасидан хабардор мутахассис Элдор Аъзамов сотиш билан боғлиқ талаблар ҳужжат имзоланишидан аввал ҳам амалда бўлиб келганини айтмоқда. Таҳририят бу галги суҳбатдоши орқали Ўзбекистонда дори воситалари нима сабаб қиммат эканини тушунишга уринди.

Маълумот учун, Элдор Аъзамов 2016 йилда Олий ҳарбий божхона институтини тамомлаган, бир муддат чегара божхона постида ишлаган. Кейинроқ эса Фармацевтика институтида таҳсил олган. Ҳозирда дорихонада сотувчи сифатида фаолият юритади.

Четда дори арзон, нега?

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистон чегара божхона постларида бошқа маҳсулот, товарлар сингари дори воситаларининг олиб келиниши ҳам унинг четга чиқиб кетишидан кўра кўпроқ учрайди. Аъзамов бу ҳолатни бошқа давлатлардаги дори нархлари арзон экани билан изоҳлади.

Масалан, Ўзбекистонга дорилар Европадан, Ҳиндистон, Туркия, Россия каби бир қатор давлатлардан кириб келади. Лекин бизлардаги нарх билан қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистонни солиштирсангиз, нархлар баланд. Мисол учун, Plavix деган таблетка 75 мг, 28 дона Ўзбекистонда ўртача нархи 19 доллардан 23 долларгача атрофида туради. Қозоғистонда 15 доллар атрофида, Тожикистонда 11-18 доллар атрофида, Россияда 9 доллар, Туркияда бор-йўғи 7,5 доллар атрофида туради. Бу – ўртача тахминий нарх.

Бундан ташқари, NovoRapid FlexPen деган шу препарат мавжуд, қандли диабетда қўлланади. Унинг нархи Ўзбекистонда ҳозирги кунда 40-50 доллар атрофида, Қозоғистонда 16-40 доллар атрофида, Тожикистонда 5 доллардан 29 долларгача, Россияда 22 доллар, Туркияда 20 доллар. Бу – очиқ манбалардан олинган маълумотлар”, – дейди у.

Аъзамовнинг айтишича, Ўзбекистонга оригинал дори препаратлари деярли импорт қилинмайди, асосан женерик, яъни оригинал дориларнинг нусхалари олиб келинади. Сифат ва таркиб жиҳатдан бу турдаги дорилар аслидан фарқланмайди, қолаверса, нарх жиҳатдан ҳам анча афзал. Шу сабабли мамлакатлар уни импорт қилишдан кўра, кўпроқ ишлаб чиқаришга эътибор қаратади.

Бу борада бир қанча давлатлар олдинлаб кетган. Яъни женерик маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича Европада масалан Словения деган давлат бор, КРКА компаниясининг дорилари женерик, улар бизга импорт қилинади.

Бундан ташқари, Туркия, Ҳиндистонда ҳам женерик дори воситалари ишлаб чиқарилади. Бу ҳеч қанақа оригиналдан фарқ қилмайди, фақатгина ишлаб чиқаришнинг қайсидир жараёнларида фарқ қилиши мумкин. Бу инсон саломатлигига бир катта хавф туғдирадиган нарса эмас. Лекин нархда, нарх белгилашда жуда муҳим омил ҳисобланади. Масалан, оригинал доридан кўра униси бир неча баробар арзон тушади.

Санаб ўтдик-ку, Туркия, Ҳиндистон каби давлатларда женерик дори воситаларини ишлаб чиқаришга талаб қўйилган. Яъни у ерда агар бирор ким Европа мамлакатидан Туркияга импорт қилишни хоҳлаган бўлса, шунақа шартлар қўядики, ундан кўра Туркия билан келишиб, ўша дорини ишлаб чиқариш афзалроқ ҳисобланади. Яъни шунақа муҳит яратилган. Шунинг ҳисобига Туркияда айнан бир хил номдаги ва айнан бир хил, ҳатто брендлари ҳам бир хил бўлган товарлар арзон чиқади”, – дейди дорихоначи.

Унинг қўшимча қилишича, Россияда эса Европадан импорт қилинадиган дорилар дистрибюторлар кўплиги ҳисобига арзон. Қозоғистонда бўлса, давлат дориларни тендер асосида харид қилади. “Яъни бир маълум нарх белгилайди, ўша нархда давлат сотиб олишга мажбур. Бу нарса иқтисодиётни ривожлантиришга, дорилар бирмунча арзон бўлишига хизмат қилади”, – дейди у.

Импортдаги монополия

Ўзбекистонда сотиладиган дори воситаларининг жуда катта қисми импорт қилинади, ишлаб чиқариладиганлари кам. Буни рақамлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Kun.uz'га берган маълумотига кўра, 2025 йил 1-чорагида (январ-март ойларида) Ўзбекистонда жами 211,2 млн қадоқ дори воситалари қайд этилган, шулардан 40 фоизи, 84,61 млн қадоғи маҳаллий, 60 фоизи 126,59 млн қадоғи эса импорт дори воситалари ҳисобланади.

Элдор Аъзамовга кўра, дори нархларининг қиммат эканига таъсир қилувчи омиллар бир нечта. Шулардан бири импорт бозори тор доира қўлида қолгани билан боғлиқ.

Кўп фирмаларни яхши кўрамиз, масалан KRKA, Berlin Chemiye, Sandoz ва ҳоказо. Булар ишлаб чиқарувчилар, яъни Европадаги ишлаб чиқарувчилар ёки импортёрлар ҳисобланади. Булар ўз навбатида келишувга эришган, шартномаси бор, дистрибюторлар орқали Ўзбекистон бозорларига товарларни сотишади. Ундан кейин улгуржи деймиз, улгуржидан чакана савдога товарлар етиб келади.

Энди бу ерда битта нарса бор. Юқорида санаб ўтган фирмалар, компаниялар – буларнинг кўплари женерик маҳсулот [сотишади], оригиналлари ҳам ичида бўлиши эҳтимоли бор. Бир қарашда буларнинг ҳаммаси қонуний, рисоладагидек Ўзбекистонга импорт бўлаётгандек туюлади. Лекин буни кўриб чиқиш керак бўлган, монополия бўлиши эҳтимоли бўлган жиҳатлари бор.

Дистрибютор, импортёр бир-бири билан келишади ва масалан ундан бошқа ҳеч ким бу дорини Ўзбекистонга олиб кира олмайди. Яъни мен шахсан 100 та дорихонам бўлган тақдирда ҳам борсам-да, Европага бориб юқорида санаб ўтган корхоналарга “менга дори сотинглар” десам, “йўқ, Ўзбекистонда вакилимиз бор, шундан олаверинг” дейди. Яъни улар нархни баланд ушлаб туриш учун сунъий тўсиқлар қўйган бўлиши мумкин.

Божхонада ишлаганимда кўрганман, бор-йўғи 10 га яқин, максимум қўл билан санайдиган асосий дистрибюторлар бор. Масалан, бу ерда кўп дистрибютор йўқ. Бўлиши мумкин, масалан импортёрлар кўп, 100 дан ошиқ балки бордир. Лекин улар ҳам маълум бир дориларни олиб келади. Ўзбекистонда кўп сотиладиган, айнан талабгир дори воситалари дейлик, шуларга нисбатан вазият шундай”, – дейди у.

Референт нархлар

Президентнинг 2019 йилдаги “Фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 4554-сонли қарорига кўра, 2020 йил 1 июлидан бошлаб Ўзбекистонда босқичма-босқич дори воситаларининг референт, яъни чекланган нархлари жорий этила бошланган.

Элдор Аъзамов нархлар қиммат эканига иккинчи сабаб сифатида референт нархларни кўрсатмоқда. Яъни унинг фикрича давлат томонидан белгиланган чекланган нархнинг ўзи арзон эмас.

Масалан, бутун дунёда, тажрибада референт нархлар ўзининг мавқейидаги давлатларнинг референт нархлари асосида энг паст миқдорда, энг паст нарх танланиб, шундан қиммат олиб келиш мумкин эмас деб белгиланса, бизда импорт шартномаларига асосан белгиланади. Яъни кимдир импорт қилмоқчи, юқоридаги фирмалар ёки корхона, ташкилотлар импорт нархни белгилайди ва импорт нархда улар хоҳлаган нарх белгилаши мумкин-да. Бу шубҳали. Натижада Ўзбекистон бозорларида дориларнинг нархи кескин баланд”, – деди у.

Аъзамовга кўра, бунга параллел импорт ечим бўла олади. У буни ҳукумат амалга ошира олишига ишонмоқда.

Буни 2020 йилда ўзимизда пандемия пайтида қўллашди. Яъни параллел импорт дегани, масалан, юқорида санаб ўтган корхоналардан биттаси бир давлатда эмас, бир нечта давлатда ишлаб чиқаришни амалга оширади. Жумладан, Туркия, Ҳиндистон каби давлатларда ҳам ишлаб чиқаришни амалга оширади ва у ерда бир неча баробар арзон нарх. Европада 10 доллар турса, Туркияда 1 доллар туради. Шу 1 долларликдан ҳам олиб келиб сотишга рухсат бериш орқали нархларни тушириш мумкин.

Ёки худди Ҳиндистон ёки Туркия тажрибаси каби ўзимизда ҳам ўша дориларни ишлаб чиқаришга рағбат қилиш мумкин. Ҳозир масалан бир дорини ишлаб чиқараман деса, уни рўйхатга олиш жуда ҳам қимматга тушади. Яъни янги бўлгани учун. Ундан кўра, импортёрлар билан келишган ҳолда женерик дори воситасини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш самаралироқ бўлиши мумкин”, – деди у.

Маркировкалаш дорихоначиларга юк бўляптими?

Шунингдек, суҳбатдошимиз бугунги кунда дорихоналар дуч келаётган муаммолар, хусусан, яқинда бошланган мажбурий маркировкалаш жараёнига тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, жараён чакана савдо билан шуғулланувчиларга юк бўлмоқда.

2022 йилда президент фармонига асосан Ўзбекистонда 2022-2026 йилларда ҳар бир соҳада амалга оширилиши керак бўлган 100 та мақсад белгиланган. Шундан 58- ва 62-мақсадларда бевосита шу дори воситаларини маркировкалаш тизимига оид электрон рецепт тизими, дори воситаларини етказиб бериш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган масалалар келтириб ўтилган.

Чакана савдодаги ходим сифатида шуни айтмоқчиманки, нимагадир фақат шу маркировкалашнинг ўзи амалга ошириляпти-да. Бу билан дорилар нархини аксинча туширишмас. Яъни бу импортёрга ҳам, дистрибюторга ҳам қўшимча харажат, қўшимча вақт талаб қиладиган нарса. Яъни бу билан дори нархи тушмайди. Буни тушириш учун ишлаб чиқариш ва онлайн рецепт бирга бўлиши керак.

Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни 2026 йилгача 80%га етказиш белгиланган. Энди билмадим, бу қанчалик амалга ошади, чунки 2024 йил якунига нисбатан ҳам импорт ҳажмида умуман ўзгариш кузатилмаган. Яъни 1,57 миллиард долларда импорт бўлган. 2020 йилдан бери ҳеч қанақа ўзгариш кузатилмаган. Ҳозир биз биринчи ўринда маркировкалашга ўтишимиз яхши, лекин бу нарса дорихона фаолиятига бевосита таъсир қилиши керак эмас. Чунки маркировкалаш тизимини жорий қилишда энг аввало дистрибютор, импортёр масъул. Лекин жавобгар ҳозирги кунда дорихона бўлиб қоляпти. Чунки келади, эртага маркировкалаш тизими якуни бўйича сизга келади-да, дорихонада қанақадир маркировкаланмаган товар бўлса, жаримага дорихона жавобгар бўлади”, – деди у.

Маълумотларга кўра, ҳозирда маркировка учун бир нечта дорихоналар жаримага ҳам тортилган. Суҳбатдошимизга кўра, маркировка талаби чакана савдо билан шуғулланувчилар, яъни дорихоначилардан олиб ташланиши керак. Импортчи ва етказиб берувчиларга эса янги тартибга мослашиш учун кўпроқ муддат берилиши лозим.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид