Ўзбекистон | 10:21
5412
13 дақиқада ўқилади

Орзудаги мундиал йўлланмаси ва қонун устуворлигида пасайиш — ҳафта дайжести

Ўзбек халқи 34 йиллик орзусига эришди: энди навбатдаги орзунинг ушалиши – мундиалда плей-оффга чиқишимиз нимага боғлиқ? Халқаро рейтингдаги хавотирли қулаш: Ўзбекистон судларида адолат камайиб боряптими? Тошкентга 360 кило эшак гўштининг кириб келиши тўхтатилди: тўхтатилмаганда нима бўларди? Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид муҳим воқеалари шарҳи – Kun.uz дайжестида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбек футболи катта довондан ошди

2025 йилнинг 5 июни. Шу куни оқшом дунёда биздан-да бахтлироқ халқ йўқ эди. Шу куни том маънода бутун Ўзбекистон қувонч кўз ёшларини тия олмади. Жуда узоқ, жудаям узоқ – нақ 34 йил орзиқиб кутган, ҳар сафар энг охирги лаҳзаларгача умид қилган, ҳар сафар ширин хаёлларга берилиб, охирида юрак тўла алам билан қолиб кетган ўзбек мухлиси, 5 июн куни қалбининг туб-тубида ётган азалий орзусига эришди. Ҳар бири алоҳида оғриқли ҳикоя, аламли драмаларга айланиб кетган еттита саралаш циклидан кейин, саккизинчи уринишда Ўзбекистон ниҳоят мундиал йўлланмасини қўлга киритди.

БАА билан 0:0 ҳисобида якунланган сафардаги ўйин – аввалига, амирликда яшовчи ватандошларнинг чипталари бекор қилингани, кейин Ўзбекистондан борган мухлислар аэропортдаги паспорт назоратида муаммоларга учрагани билан бошланиб, ўйин асосан мезбонларнинг устунлиги билан кечгани, Ўзбекистон яратган кам сонли хавфли вазиятлардан бирида тўп дарвоза устунига тегиб қайтгани, ўйиннинг энг яхши футболчиси Ўткир Юсуповнинг сейфлари, йигитлар тарихий натижани бир-бирига сув сепиб нишонлагани ва албатта, қувонч кўз ёшлари билан ёдда қолди.

Мундиал йўлланмасини ҳайитдан кейинги Қатар билан ўйинга қолдирмай, айни ўз вақтида – арафа кунида совға қилган қаҳрамонлар Тошкентда тантанали тарзда кутиб олинди. Президент Шавкат Мирзиёев уларни орден ва медаллар билан тақдирлади, жамоа аъзоларига BYD электромобиллари совға қилинди. Лекин шак-шубҳасиз бу жамоа қўлга киритган энг олий мукофот – бу ўзбек халқининг меҳри бўлди. Бу жамоанинг ҳар бир аъзоси – чин маънода юлдуз, эл-у юртнинг эрка ва ёқимтой фарзандларига айланишди.

Биз Ўзбекистон спортидаги бу тарихий ютуқни ёритишда, холис ОАВ сифатида, мавзунинг бошқа муҳим жиҳатларини ҳам айтиб ўтишимиз керак. Бу сафарги Жаҳон чемпионатидан бошлаб, иштирокчилар сони 32 тадан 48 тага, яъни 1,5 баробарга кўпайтирилган, Осиёга ажратилган ўринлар эса 4,5 тадан 8,5 тага ошган. Натижада биздан ташқари ҳатто Иордания ҳам муддатидан олдин мундиал йўлланмасини нақд қилди. Айни шу омил сабаб, ўзбек мухлисларининг бир қисми қаттиқ ҳаяжонга берилгани йўқ. Боз устига, БАА билан ўйинда голлар ҳисобидан бошқа барча статистик кўрсаткичлар бўйича ютқазганимизни тан олиш зарур. Яъни мундиалгача Тимур Кападзе олдида жамоа ўйинини жиддий яхшилаш вазифаси турибди. Кападзе ўйиндан кейинги интервюсида жамоа Жаҳон чемпионатига футбол ўйнаш учун боришини, Ҳожибой Тожибоев айтган музқаймоқни эса мухлислар ейиши мумкинлигини айтди. Лекин шуниси аниқки, мухлислар ҳам фақат музқаймоқ ейиш учун эмас, жамоанинг камида битта ғалабали ўйинини кўриш учун боради.

Эндиги вазифа – жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқиш. Лекин бунга фақат спортга оид масала деб эмас, балки ундан каттароқ, сиёсий вазифа сифатида ҳам қараш керак. Чунки мундиалларда плей-оффга чиқиш билан, жамиятдаги эркинлик даражаси ўртасида катта боғлиқлик бор. Масалан, сўнгги мундиалда гуруҳ босқичидан чиқа олган 16 та давлатнинг барчаси Freedom House рейтингида эркин давлатлар қаторида туради. Улар орасида Сенегал мисолини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Бу давлат 2000-йиллар бошидан демократияга ўта бошлаган, шундан кейин илк марта жаҳон чемпионатига чиқиб, икки марта ҳатто мундиалнинг гуруҳ босқичидан ҳам ўта олган; яна бир сафар фақат сариқ карточкалари сонига кўра плей-оффга чиқа олмай қолган.

Бошқача айтганда, жамият қанчалик эркин бўлса, жамоавий спорт турларида муваффақият қозониши шунча осонроқ бўлади. Шу тариқа, агар биз ҳам кейинги ўн йилликларда доимий равишда жаҳон чемпионатларининг плей-оффида ўйнаш мақсадини олдимизга қўйсак, у ҳолда мунтазам равишда ижтимоий-сиёсий эркинликларни кенгайтириб боришимиз керак бўлади.

Судларда “телефон ҳуқуқи” давом этмоқда

Суд тизимининг адолатли ва холис ишлаши – Ўзбекистондаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб қоляпти. Мамлакатимиз ўтган йили Жаҳон одил судлов лойиҳасининг ҳуқуқ устуворлиги индексида беш поғонага пасайди. Бу хавотирли тенденцияга Сенат ялпи мажлисида сенатор Абдураҳим Эркаев эътибор қаратди.

“Беш поғонага пастладик. Беш поғона кўтарилганимизда бошқа гап эди. Энди ҳудди шу индекснинг таркибига кирувчи фуқаролик одил судловига эришиш даражасининг юқорилиги субиндикаторида мамлакатимиз ўрни ўтган йилда 10 поғонага пасайди ва 96-ўриндан 106-ўринга тушдик. Африканинг айрим мамлакатларидан ҳам орқадамиз.

Бу ҳолат низоларни ҳал қилишда одил судловга эришиш қийинлиги, суд тизимига ишончнинг сусайиб бораётгани, мурожаатларни кўриб чиқишда адолат ва холислик принциплари аҳоли томонидан сезилмаётганидан далолат беради. Кўп ҳолатларда суд қарорларининг ижроси кечиктирилади ёки бажарилмайди”, деди сенатор.

Абдураҳим Эркаевнинг айтишича, суд-ҳуқуқ тизими бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни пасайгани учта омилга бориб тақалади.

Биринчиси, бизда ҳалигача, афсуски, “телефон ҳуқуқи” давом этяпти. Илтимослар ва ҳоказолар бор. Иккинчиси, коррупция ҳолатларининг мавжудлиги. Учинчиси, айрим судяларимизнинг малакаси паст”, – деди Сенат аъзоси.

Собиқ ҳоким – панжара ортида

Суд тизимига ишончнинг пасайиши судлардаги очиқлик даражаси билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки амалдорлар устидан бўлаётган судлар жонли эфирга узатилиши кераклиги ҳақида қонунчиликда белгиланган талаб амалда ишламаяпти. Жамоатчилик аксарият ҳолатларда у ёки бу амалдор судлангани ҳақида суд ҳукми эълон қилинганидан кейингина хабар топяпти. Шундай ҳолатлардан охиргиси – Ховос тумани собиқ ҳокимининг қамалгани билан боғлиқ.

Kun.uz'нинг аниқлашича, 2020-2023 йилларда Сирдарё вилоятининг Ховос туманига ҳокимлик қилган Учқун Камолов ишдан бўшатилганидан кейин саноқли кунлар ўтиб, қамоққа олинган. Кейинчалик Сардоба туман суди уни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ва ер бериш тартибини бузиш каби жиноятларда айбдор деб топган, лекин жарима қўллаш билан кифояланган. 2025 йилга келиб, Учқун Камолов қамоққа қайтарилган: кейинги инстанция судларида коррупционер ҳоким албатта “ўтириб чиқиши” керак деган қарорга келинган ва у 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ҳафта давомида яна бир коррупцион кейс Фарғонада кузатилди. ДХХ хабарига кўра, Ўзбекистон туманида маҳалла банкири ва банк бошқарувчисининг ўринбосари қўлга олинган. Улар кредит чиқартириб бериш эвазига одамлардан пул олгани, яна бир ҳолатда ҳоким ёрдамчилари билан ҳам тил бириктириб, 153 млн сўм кредитни еб кетгани айтилмоқда. Эътиборлиси, бу – Халқ банкининг Ўзбекистон туманидаги бошқарувчисига ўринбосар бўлиб ишлаб келган шахснинг учинчи марта судланиши бўлади. У аввал ҳам фирибгарлик ва порахўрлик моддалари билан икки марта жавобгарликка тортилган.

Шу пайтгача ҳокимлар, ҳоким ўринбосарлари ва ҳоким ёрдамчилари тез-тез коррупция билан қўлга тушиб турган бўлса, бундан кейин Фарғонадаги каби ҳолатларда маҳалла банкирларининг қўлга тушиб туриши ҳам одатий ҳолга айланиши мумкин. Чунки имтиёзли кредит бор жойда, коррупция ҳам бўлади. Шу ҳафта Самарқанд вилоятидаги йиғилишда бу борада вилоятга оид айрим рақамлар очиқланди. Маълум бўлишича, жорий йилнинг 1-чорагида вилоятда 80 нафардан ортиқ ҳоким ёрдамчиси ва бошқа масъулларга нисбатан интизомий, маъмурий ва жиноий ишлар қўзғатилган. 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилган.

Эшак гўштидан сомса?

Ҳафта давомида эшак гўшти ҳақидаги хабарлар жамоатчиликни энг кўп ташвишлантирди. “Миллий” телеканалининг хабар беришича, 25 май куни Қашқадарёдан Тошкентга номаълум ҳайвоннинг гўштини олиб кетаётган Lacetti Сирдарё туманида тўхтатиб қолинган. Бу 361 кило гўшт лабораторияда текширилганида, эшак гўшти экани маълум бўлган. Ҳайдовчи машинасидаги юк ўзиники эмаслиги, уни айтилган манзилга олиб кетаётганини билдирган. Ички ишлар ходимлари уни кўндириб, эшик гўшти таъминотидаги кейинги занжирларни аниқлаш учун тезкор тадбир ўтказиш чорасини кўрганми-йўқми, буниси маълум эмас. Kun.uz воқеа тафсилотларини ўрганишга уриняпти.

Ҳозирча биз аниқлаган маълумотларга кўра, бу – охирги вақтларда Тошкент атрофида кузатилган эшак гўшти билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Маълум бўлишича, 2025 йил 7 январ куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Оҳангарон туманида жойлашган қаровсиз дала шийпонида 23 та тирик ва 15 та сўйилган ҳолдаги эшак сақланаётганини аниқлаган. Шундан кейин суриштирув бошланиб, уч киши ҳибсга олинган. Суд ҳукмида ёзилишича, улардан бири – 30 ёшдаги эркак одамлардан жами 57 та эшакни сотиб олиб, улардан 32 тасини сўйиб, шеригига сотган. Шериги эса гўштларни сомсапаз танишига ўтказган. Суд эшак гўштини сотган икки эркакни 2 йилга озодликдан маҳрум этди, Паркент туманининг Гулистон маҳалласида сомса сотган шахсга эса 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар 10 фоизга оширилиши эълон қилинди. Президент фармонига кўра, пенсия ва нафақалар 1 июлдан бошлаб, ойликлар ва стипендиялар эса 1 августдан бошлаб ошади. 1 августдан базавий ҳисоблаш миқдори ҳам 10 фоизга кўтарилиб, 412 минг сўм деб белгиланади. Статистика қўмитасига кўра, 1 майдан энергетика нархларининг ошиши фонида, май ойида инфляция 1,5 фоизгача тезлашган. Расмий статистика охирги 1 йилда Тошкент шаҳрида пулнинг қадрсизланиши 9,5 фоиз бўлганини кўрсатмоқда.

Марказий банк Ўзбекистон аҳолисининг қарз юкига оид маълумотларни эълон қилди. Маълум бўлишича, 2024 йилда банклардан қарздор аҳоли қатламида ойлик даромадига нисбатан қарз юки даражаси ўртача 34 фоизни ташкил этган. Кредити бор одамларнинг 40 фоизи ойлик даромадининг ярмидан кўпини кредит тўлашга сарфлаяпти. Айниқса, кредитга автомобил олганларнинг вазияти ҳавас қиларли эмас: ўртача ҳисоблаганда, улар расмий даромадининг 61 фоизини кредит тўлашга ишлатяпти. Қарз устига яна қарз олувчилар сони ҳам ортиб бормоқда: 2024 йилда кредит олган жисмоний шахсларнинг 68 фоизи биттадан ортиқ кредит мажбуриятига эга бўлган.

Humans компанияси Ўзбекистонга қарши халқаро арбитражга даъво киритди. Ўзбекистондаги энг ёш алоқа операторининг Сингапурдаги таъсисчиси Марказий банк ва “Ўзбектелеком”нинг ҳаракатларидан шикоят қилиб, суддан етказилган зарарни ундириб беришни сўрамоқда. Ҳар икки ташкилот ҳам айбловларни рад этди. Марказий банкка кўра, Humans'нинг UPay тўлов операторига чеклов киритилганига сабаб – у мижозларига онлайн қиморга пул тикиш имкониятини яратиб берган. “Ўзбектелеком” эса Humans тармоқдан фойдалангани учун жуда катта қарздорликни тўламай келаётганини маълум қилди. Бир неча ой қарзда бўлиб қолган абонентларини блоклаб қўядиган компания “сингапурлик” мижозининг йиллар давомида миллиардлаб қарз бўлишига имконият яратиб бергани – қизиқ ҳолат.

Ўзбекистонликлар яна бир изоҳсиз хусусийлаштиришга гувоҳ бўлди. Бирлашган Араб Амирликларининг TAQA ва Mubadala компаниялари Талимаржон энергетика мажмуасидаги 874 мегаваттлик ИЭСнинг 80 фоиз ҳиссасини сотиб олганини эълон қилди. Битим қиймати ва бошқа шартлар маълум эмас. Ўзбекистон расмий идоралари бу хусусийлаштиришни эълон қилгани йўқ, ОАВ саволларига ҳам жавоб берилмаяпти. Инвесторларга кўра, давлат улардан электр энергиясини 25 йил давомида кафолатли сотиб олиш мажбуриятини олган. Ҳар бир киловатт энергия қанча нархдан сотиб олинади – бу ҳам номаълум. Бундай мавҳумлик ва ёпиқлик расмийларнинг “энергетика ислоҳоти” ҳақидаги баёнотларига фон вазифасини бажариб беряпти.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳрузбек Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид