Лос-Анжелесда миграция хизмати рейдлари туфайли норозилик намойишлари авж олди

Фото: Reuters
6 июн куни кечқурун Калифорния жанубидаги Лос-Анжелесда ICE иммиграция хизматининг кенг кўламли рейдлари туфайли норозилик намойишлари бошланди..
Шу кун аввалида ноқонуний муҳожирларни тутиш ва депортация қилиш билан шуғулланувчи ICE 44 кишини қўлга олган, яна бир киши агентларга қаршилик кўрсатгани учун ушланганди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ICE инспекторлари рейдлар давомида кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталардан фойдаланган. Шундан сўнг, шаҳар марказида ICE’нинг шафқатсиз усулларини қоралаган 300 дан ортиқ намойишчилар тўпланди.
АҚШ президенти Доналд Трампнинг ноқонуний иммиграцияга қарши кенг кўламли кампанияси доирасида АҚШнинг қатор шаҳарларида мигрантларни қўлга олиш бўйича рейдлар ўтказилмоқда.
Лос-Анжелес полицияси намойишчиларни кечки соат еттигача тарқалишга чақирди, аммо вазият кескинлашишда давом этди, деб ёзади Los Angeles Times.
Тўқнашувлар федерал бино яқинида ҳам содир бўлган. Полицияга кўра, намойишчилар бетон бўлакларини улоқтира бошлагач, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига «ўлимга олиб келмайдиган воситалар»дан фойдаланишга рухсат берилган.
Намойишлардан олинган кадрларда полиция намойишчиларни калтаклаб, кўздан ёш оқизувчи газ қўллаётганини кўриш мумкин. Шаҳар марказидаги тартибсизликлар ярим тундан кейин ҳам давом этмоқда.
Рейдлар чоғида ICE агентлари Халқаро хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари касаба уюшмаси (SEIU) президенти Дэвид Уэртани қўлга олди ва ярадор қилди, деб хабар бермоқда Reuters.
Касаба уюшмаси вакилларининг сўзларига кўра, у «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатларини кузатиш ва ҳужжатлаштириш бўйича Биринчи тузатиш ҳуқуқидан фойдаланганида» шундай бўлган.
Уэрта қанчалик оғир яралангани ва унга қандайдир айбловлар қўйилгани ҳозирча номаълум.
Лос-Анжелес мэри Карен Басс иммиграция рейдларини қоралаб баёнот берди. «Бу тактика жамоаларимизда даҳшат уйғотади ва шаҳримиздаги асосий хавфсизлик тамойилларига путур етказади», – деди у.
Мавзуга оид

15:59
Трамп Лос-Анжелесга Миллий гвардия аскарларини юбормоқда

21:56 / 04.06.2025
Россияда мигрантлар учун ижтимоий пенсияларни бекор қилиш таклиф этилди

18:19 / 04.06.2025
Санкт-Петербургдаги рейдда 200 нафардан ортиқ мигрант қўлга олинди

15:50 / 03.06.2025