Зеленский: «Ким Россияга босим ўтказмаса, у шерикдир»
Украина президенти халқаро ҳамжамиятни Россияга босимни кескин оширишга чақирди. Бир кечанинг ўзида Россия Украинага 400 дан ортиқ дрон ва 40 дан ортиқ ракета учирди, деди Володимир Зеленский.

Фото: AP
Россиянинг янги оммавий ҳужуми фонида Украина президенти Володимир Зеленский халқаро ҳамжамиятни Москвага босимни кескин оширишга чақирди. «Бугунги ҳужумда жами 400 дан ортиқ дрон ва 40 дан ортиқ ракеталар, жумладан баллистик ракеталар қўлланди. 49 киши жароҳатланди. Ҳозиргача уч кишининг ўлими тасдиқланди. Россия бунинг учун жавоб бериши керак», деб ёзди у 6 июн, жума куни Х платформасидаги микроблогида.
«Ушбу урушнинг дастлабки дақиқалариданоқ Россия шаҳар ва қишлоқларга зарба бериб, барча тирик мавжудотни йўқ қилмоқда. Украина ўзини ҳимоя қилиши учун биз аллақачон дунё билан кўп иш қилдик. Аммо ҳозир Америка, Европа ва бутун дунё Россияга босимни кучайтириб, бу урушни тўхтатиши мумкин бўлган пайт. Агар кимдир босим ўтказмаса ва урушга одам ўлдириш учун вақт берса, бу - содир бўлаётган ишларга шериклик ва масъулият. Қатъий ҳаракат қилиш керак», — дейди у.
Украина Ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Россия Украина ҳудудига тунги зарбалар беришда жами 452 та учувчисиз учоқ ва турли ракеталардан фойдаланган: 407 та Shahed ҳужумкор учувчисиз учоғи, олтита «Искандер-М/KN-23» баллистик ракеталари, 36 та Х-101 қанотли ракеталари, иккита «Искандер-К» қанотли ракетаси ва битта Х-31П радиолокацияга қарши ракетаси. Шу билан бирга, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари радиоэлектрон уруш воситалари ёрдамида 406 нишонни йўқ қилди ёки бостирди.