Жаҳон | 21:42 / 05.06.2025
2745
2 дақиқада ўқилади

Трамп ва Си Жинпинг телефон орқали гаплашди

АҚШ президентининг сўзларига кўра, суҳбат «деярли тўлиқ» савдога бағишланди.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой раҳбари Си Жинпинг телефон орқали мулоқот қилди. Хитойнинг «Синхуа» ахборот агентлиги хабарига кўра, суҳбат Америка томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган.

Трампнинг сўзларига кўра, икки етакчи ўртасидаги суҳбат тахминан бир ярим соат давом этган. АҚШ президенти суҳбатни «жуда яхши» деб атади.

«Биз яқинда тузилган ва келишилган савдо битимининг айрим тафсилотларини муҳокама қилдик. Суҳбат тахминан бир ярим соат давом этди ва ҳар икки давлат учун жуда ижобий якунланди», деди Трамп.

Си Жинпинг Трампни Хитойга таклиф қилди ва АҚШ президенти бунга рози бўлди.

«Суҳбат деярли тўлиқ савдога бағишланди. Россия, Украина ёки Эронга оид ҳеч нарса муҳокама қилинмади», деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги постида.

Хитой томони ҳозирча суҳбат тафсилотларини маълум қилмади.

Трамп маъмурияти ҳокимиятга келганидан сўнг АҚШ Хитой билан савдо урушига киришди. Вашингтон ушбу мамлакатдан импорт қилинадиган барча товарларга тарифларни 145 фоизга оширди, Пекин эса 125 фоиз миқдорида симметрик чораларни жорий қилди. Май ойида Женевада бўлиб ўтган учрашувларда томонлар Хитой товарларига АҚШ тарифларини 145 дан 30 фоизга камайтиришга ва аксинча, Хитойнинг АҚШ маҳсулотларига божларни 90 кунга 125 дан 10 фоизга туширишга келишиб олган эди. Шундан сўнг Пекин Вашингтонни савдо келишувини «жиддий бузганликда» айблади ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўришга ваъда берди.

Мавзуга оид