Ўзбекистон | 14:00 / 05.06.2025
1277
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Сув — ҳаёт, сув — барака. Энди эса — билим манбаи

Агробанк томонидан қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланишга бағишланган “Сув китоб” тўплами нашр этилди. Бу тўплам фермерлар, деҳқонлар ва аграр мутахассислар учун сувни тежаш, ҳар томчисини самара билан бошқаришга оид энг зарур билимларни ўз ичига олган. Илм ва амалиёт уйғунлигида яратилган қўлланмалар тўплами — сувнинг ҳақиқий қийматини англашга чорлайди.

“Сув текин эмас!” — бу энди шиор эмас, амалий қўлланма бўлиб, 30 та қўлланмадан иборат “Сув китоб” тўплами Хитой ва Туркиянинг илғор тажрибаси асосида, 50 нафар маҳаллий мутахассис ва муҳандислар иштирокида тайёрланган. Уларда сув тежамкор технологиялар, ирригация тизимлари ва замонавий ечимлар ҳақида аниқ, лўнда ва амалиётга мос маълумотлар берилган.

Мазкур методик тўплам Агробанк, Сув хўжалиги вазирлиги ва “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ҳамкорлигида яратилди.

Бу тўплам “Agrobooks” лойиҳасининг навбатдаги босқичидир. Илгари ушбу лойиҳа доирасида Туркия тажрибаси асосида “100 китоб тўплами” ва “Ўсимликлар ҳимояси” бўйича 40 та методик қўлланма тайёрланиб, мамлакат бўйлаб бепул тарқатилган. Фақат ютуқларга эмас, билимга ҳам суянаётган қишлоқ хўжалиги бугун янги босқичга чиқмоқда.

Қўлланмаларни яратишда 120 дан ортиқ мутахассислар, олимлар, агроинженерлар ва ўқитувчилар иштирок этди. Агробанк қошидаги илмий гуруҳ ҳар бир тавсияни амалиёт билан уйғунлаштирди. Чоп этиш харажатлари тўлиқ банк томонидан молиялаштирилди — билим, ҳақиқатан ҳам, қимматли сармоя эканини кўрсатди.

“Сув китоб” тўплами йил охирига қадар юртимиздаги барча фермер ва деҳқонларга бепул тарқатилади. Электрон, аудио ва видео шаклларда ҳам тақдим этилади. Бу фақат китоб эмас — ҳар бир деҳқоннинг қўлидаги сувни бахтга айлантирувчи йўл харитасидир.

Агробанк қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларга бағишланган лойиҳаларни амалга оширишда давом этади.

Мавзуга оид