Спорт | 12:26 / 05.06.2025
8985
9 дақиқада ўқилади

Сон ҳам, сифат ҳам етарли. Легионерлар муҳим ўйинларга қандай ҳолатда етиб келди?

Фото: Tribuna.uz

Бугун Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихидаги энг муҳим ўйинлардан бирида майдонга тушади. БАА вакилларига қарши ўйиндаги ижобий натижа (ғалаба ёки дуранг) Ўзбекистонни шу куниёқ расман ЖЧ-2026 иштирокчилари сафига қўшиши мумкин.

Темур Кападзе навбатдаги ўйинларга жалб қилган футболчилар маълум ва уларнинг фаолияти мунтазам кузатувимиз остида. Албатта, легионерларнинг ҳолати ва айни пайтдаги ўйин амалиёти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Табиийки, Суперлигада майдонга тушаётган футболчилардан кўнглимиз тўқ, зеро агар етарли спорт формада бўлмаса мураббий томонидан жалб қилинмаслигини ҳам биламиз. Шунинг учун қуйида асосан хорижда тўп сураётган футболчиларимизнинг клубдаги фаолиятига тўхталиб ўтилган.

Ўткир Юсупов («Фулад», Эрон)

Дарвозабон Эрон чемпионати пешқадамларидан бири, айни дамда 4-ўринда бораётган «Фулад» сафида асосий таркибда тушишда давом этмоқда. Миллий жамоадаги сўнгги йиғинлардан сўнг у клубида 6 учрашувда дарвозани қўриқлади ва 5 гол ўтказиб юборди. Юсупов ўз спорт формасини ўйин амалиёти билан сақлаб келмоқда ва кузги ўйинлар қаҳрамони ҳал қилувчи паллаларда ҳам ўз вазифасини аъло даражада бажаради, деб умид қиламиз.

Элдор Шомуродов («Рома», Италия)

Айтиш мумкинки, сўнгги йиғинлардан кейинги даврни энг яхши ўтказган футболчимиз Элдор бўлди. Мавсумнинг иккинчи даврасида  у «Рома»нинг асосий таркиб футболчисига айланиб олди ва бир қатор муҳим учрашувларда ҳал қилувчи ролларни ижро этди. Жумладан «Верона» дарвозасига ғалаба голи, «Ювентус»га қарши мағлубиятдан қутқарувчи голни урганини эслаш мумкин. «Интер» ва «Фиорентина» билан ўйинларда айнан Шомуродов узатган паслар голга айланиб, 1:0 ҳисобидаги ғалабалар қайд этилди.

Элдор 2024/25 йиллар мавсумини 7 гол ва 5 ассист билан якунлаб, Европа майдонларидаги энг яхши натижасини янгилади. Бундан олдин у «Рома»даги илк мавсумида (2021/22) 5 гол ва 6 ассист қилишга муваффақ бўлганди. Сардоримизнинг яхши спорт формаси ва кайфияти муҳим баҳсларда ҳал қилувчи аҳамият касб этса ажаб эмас.

Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА, Россия)

Файзуллаев ЦСКА сафида мунтазам ўйнаб келмоқда – сўнгги икки ойда у 5 ўйинда илк дақиқалардан ҳаракат қилган бўлса, 3 ўйинда захирадан майдонга тушди. Файзуллаев «Нижний Новгород» қарши кечган ўйиннинг охирги 14 дақиқасида ўйнаган бўлишига қарамай, бир ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Умуман олганда, Файзуллаев бу мавсум ЦСКА таркибида 39 ўйинда қатнашиб, 3 гол ва 5 ассист амалга оширган ва армиячиларнинг бронза медали учун ўз ҳиссасини қўшди.

Дарвоқе, уч кун олдин ЦСКА Россия кубоги финалида «Ростов»ни пеналтилар сериясида мағлуб этгач, Файзуллаев Россиядаги ўзининг илк совринини ютиб олди. Ушбу учрашувда ҳамюртимиз 73-дақиқадан майдонда ҳаракат қилган. Москваликлар жамоасида 4 ўйинни гол ёки ассистсиз ўтказган Аббосбек ўз голларини БАА ва Қатарга қарши ўйинларга олиб қўйган, деб умид қиламиз.

Абдуқодир Ҳусанов («Манчестер Сити», Англия)

Ҳусанов Эрондаги учрашувдан сўнг Манчестерга боргач, фақат бир ўйинда майдонга тушди. Жамоанинг танаффусдан кейинги илк учрашуви Англия кубоги доирасида «Борнмут»га қарши кечди ва танаффусда алмаштирилди. Шундан сўнг бир қатор ўйинларда Абдуқодир учрашув қайдномасидан жой олган бўлса-да, майдонга туширилмади. Бу мавзу ҳақида жуда кўп ёзилди, ортиқча тўхталиш шарт эмас, аммо шуни таъкидлаш керакки, Пеп Гвардиола жамоасида қайдномадан ўрин олиш учун ҳам катта рақобат бор, демак Ҳусанов сўнгги икки ой ўйин амалиётисиз қолиб кетган бўлса-да, БААга қарши ўйин учун етарли даражада тайёргарликка эга бўлиши керак.

Отабек Шукуров («Ал Файҳа», Саудия Арабистони)

Отабек Саудия Арабистонининг «Ал Файҳа» жамоаси сафида мунтазам равишда асосий таркибда тушиб келмоқда. У деярли барча ўйинларда мутахассислар томонидан юқори баҳога лойиқ кўрилмоқда ва эътиборли томони, «Ал Иттиҳод», «Ал Шабоб» ва «Ал Аҳли» каби кучли жамоаларга қарши мағлубиятга учралган ўйинларда Отабек Шукуров жамоаси таркибида энг кўп балл олган футболчи бўлди. Шунингдек, «Ал Аҳдуд»га қарши ғалаба қозонилган учрашувда (2:0) энг яхши футболчилардан бири бўлди – ўша ўйинда унинг паслари аниқлиги 99 фоизни ташкил этган. БАА билан тўп назорати ва хотиржамлик муҳим саналишини эътиборга олсак, тажрибали футболчининг яхши формада экани хурсанд қилади.

Рустам Ашурматов («Рубин», Россия)

Яна бир марказий ҳимоячимиз ўз клубида кўп вақтни захирада ўтказишига тўғри келди. Рустам ўтган йил охирида «Рубин»да деярли асосий таркиб ўйинчисига айланиб қолганди, аммо баҳорда ҳаммаси ўзгарди. 30 март куни «Зенит»га қарши баҳсда Рашид Раҳимов уни 63-дақиқада, «Рубин» майдонда ўн киши қолгач, майдонга туширди. Сабаби, бошқа бир марказий ҳимоячи Алексей Грицаненко қизил карточка олганди ва жамоада бу позицияни тўлдиришга эҳтиёж пайдо бўлганди. Шундан сўнг «Локомотив» ва «Криля Советов» жамоаларига қарши ўйинларда Рустам фақат сўнгги дақиқада туширилган бўлса, сўнгги турда «Оренбург»га қарши 18 дақиқа ўйнаш имконига эга бўлди.

Остон Ўрунов («Персеполис», Эрон)

Остон жароҳатлар сабаб миллий жамоанинг охирги 5 ўйинини ўтказиб юборганди. Унинг тўлиқ тикланиб сафга қайтгани ва «Персеполис» таркибида голлар ура бошлагани яхши хабар. У май ойида аввал «Хейбар» дарвозасига сўнгги дақиқаларда гол уриб жамоасига ғалаба олиб келган бўлса, кейинги турда «Хаводар» билан ўйинда ҳам ҳисобни очди. Бу гол ҳам якунда жамоасининг ғалабасига сабаб бўлди.

Остоннинг халқаро майдондаги тажрибаси ва ҳужумда ностандарт ҳаракатлар билан рақибларни шошириб қўйиш қобилияти – охирги икки ўйинда ҳам бизга керак бўлади.

Ҳожимат Эркинов («Ал Ваҳда», БАА)

БАА клуби «Ал Ваҳда»да тўп сурадиган вакилимиз Ҳожимат Эркинов асосан захирадан майдонга тушиб турибди. Сўнгги 4 учрашувда унда ўзини кўрсатиш учун 15-20 дақиқа бўлган. Мавсумнинг биринчи ярмида у жамоасининг асосий ўйинчиларидан бири бўлган ва анча сермаҳсул (4 ассист) ҳаракат қилганди. Март ойидаги йиғинларда аввал Кападзе уни таркибга қўшмагач, футболчида жароҳат бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам миш-мишлар тарқалганди.

Эркинов Эронга қарши ўйинда кутилмаганда асосий таркибда пайдо бўлиб ҳисобни очганди. Кападзе қўлида ўзига хос «жокер»га айланган Ҳожимат миллий жамоада клубдаги ҳолатидан қатъи назар ўзини кўрсатишига умид қиламиз.

Ҳусниддин Алиқулов («Ризаспор», Туркия)

Алиқулов сўнгги турда «Бешиктош»га қарши ҳисоб 1:1 эканида ҳимояни кучайтириш учун туширилди, аммо у майдонга тушганидан кейин аксинча, «Ризаспор» ғалаба голини урди. Умуман олганда, Алиқулов жамоа таркибида деярли ҳамма ўйинда асосий таркибда майдонга тушиб келмоқда – 6 ўйин тўлиқ, икки марта захирадан таркибга қўшилган.

Жалолиддин Машарипов (Истиқлол, Эрон)

Жалолиддин Машарипов ҳам мавсумни кўтаринки руҳда якунлаб, май ойи охирида Эрон кубоги соҳиби бўлди.

Жалолиддин шундай футболчики, клубдаги ҳолати, қаерда, нима қилиб юрганидан қатъи назар миллий жамоада етакчимизга айланади. Машарипов Эрон чемпионатида 4 ўйинда асосий таркибда ҳаракат қилди, икки марта захирадан туширилди. Охирги икки учрашувда эса майдонга тушмади. Лекин у миллий жамоага келгач, бошқа футболчига айланади.

Мавзуга оид