Жамият | 10:45 / 04.06.2025
1692
2 дақиқада ўқилади

Фуқароларни ноқонуний йўллар билан Ҳажга юбормоқчи бўлганларга жиноят иши қўзғатилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Фото: ДХХ

Унда, Андижон шаҳрида яшовчи, муқаддам бир неча маротаба судланган шахс алдов йўли билан ўзгаларнинг ишончига кириб, ҳозирда фаолият юритмаётган Андижон шаҳридаги туристик фирма номидан 10 нафар фуқарони Ҳаж зиёратига юборишини айтиб, эвазига ҳар бири учун 5 минг АҚШ долларидан жами 50 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди

Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда Қарши шаҳрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс фирибгарлик йўли билан фуқаронинг ишончига кириб, у ва унинг қариндошини пойтахтдаги танишлари орқали Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 14 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

Наманган шаҳрида қайд этилган ҳолатда эса маҳаллий туристик фирмалардан бирининг менежери 2 нафар фуқарони Саудия Арабистонига Ҳаж амалларини адо этиш учун юбориш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва ички ишлар органлари томонидан ушланди. 

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма ишчиси Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, уни Ҳаж зиёратига юбориш эвазига Қўқон шаҳрида 9 минг АҚШ доллари олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди. 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид