Неймар қўл билан гол урмоқчи бўлди ва қизил карточка олди
Марадонанинг трюкини такрорлашнинг имкони бўлмади — VAR барчасини кўриб турганди. Футболчи «Сантос» фанатларидан узр сўрашига тўғри келди.

Фото: Reuters
2 июнга ўтар кечаси Бразилия А сериясининг 11-тури доирасида «Сантос» ва «Ботафого» ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди (0:1), унда Неймар яна бир бор диққат марказида бўлди. Мезбонлар ҳужумчиси қўл билан гол уришга ҳаракат қилгани учун қизил карточка билан жазоланди, кейин эса бу қилиғи учун узр сўрашга мажбур бўлди.
Ўзи нима бўлди?
Ўйиннинг 76-дақиқасида, ҳисоб 0:0 эканида форвард чап қанотдан оширилган тўпни қасддан қўл билан ўйнаб, уни дарвоза тўрига тўғрилаб юборди. Бош ҳакам Дависон де Оливейра дарҳол голни бекор қилиб, Неймарга иккинчи сариқ карточкани кўрсатди ва уни майдондан четлатди. Бу унинг профессионал фаолиятидаги 15-бор четлатилиши, «Сантос»га қайтганидан буён биринчиси бўлди.
Эпизод дарҳол Диего Марадонанинг 1986 йилги жаҳон чемпионати чоракфиналида урган афсонавий голини ёдга солди. Ўшанда аргентиналик футболчи Англия дарвозасига қўл билан гол урган — бу ҳолат тарихга «Худонинг қўли» сифатида кирган. Ўша ҳолатдан фарқли ўлароқ, бу сафарги ўйинда VAR ишлаётганди ва Неймарнинг айёрона ҳаракатини пайқамай бўлмасди.
Юлдузли футболчининг четлатилиши ўйиннинг бурилиш нуқтасига айланди. 86-дақиқада «Ботафого» сон жиҳатдан устунликдан фойдаланди: Артур Жаирнинг узатмасини голга айлантириб, жамоаси учун муҳим ғалаба келтирди. Бу натижа Рио-де-Жанейродан бўлган жамоага А серия турнир жадвалида 15 очко билан тўққизинчи ўринга кўтарилишга имкон берди, «Сантос» эса саккиз очко билан хавфли зонада қолмоқда.
Неймар нималар деди?
Учрашув якунлангач, бразилиялик футболчи ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида «Сантос» мухлисларидан узр сўради: «Гол уриш истаги баъзида бизни хато қилишга мажбур қилади... Жамоадошларимдан, шунингдек, мухлислардан узр сўрамоқчиман. Мен хато қилдим, мени кечиринг. Бугун ўйиндан четлатилмаганимда, ишончим комилки, уч очкони қўлга киритган бўлардик... Мана шу уч очкони менинг ҳисобимга ёзишингиз мумкин».
Шунингдек, у ҳакамликдан шикоят қилган. Унинг сўзларига кўра, ҳакам унга биринчи сариқ карточкани кўрсатмаслиги керак эди.
«Иккинчи сариқ карточка ҳақли эди, лекин биринчисини... Ҳакам шунчаки кулди. Қоидани буздим ва дарҳол сариқ карточка олдим. Ёмон ҳакамлар бор... Бу менинг фикрим, илтимос, мени яна бир бор жазоламанг», – дея якунлайди бразилиялик.
У билан шартнома узайтириладими?
«Сантос» учун бу мағлубият қийин мавсумдаги навбатдаги оғир зарба бўлди. Неймарни таркибга қўшиб олганига қарамай, жамоа чемпионатдаги 11 ўйиндан фақат иккитасида ғалаба қозонган ва юқори дивизионни тарк этиш хавфи остида қолган.
Шу билан бирга, ҳужумчи фақат тўртта ўйинда қатнашган ва бирорта голли ҳаракат амалга оширмаган. Ватанига қайтганидан кейин Неймар иккинчи бор можаро марказида қолмоқда: апрел ойида «Флуминенсе»га қарши ўйинда у рақибнинг юзига ургани учун сариқ карточка олганди.
Форвард энди дисквалификация қилиниши, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати арафасида лигада бир ойлик танаффус юзага келиши ҳисобга олинса, «Ботафого» билан ўйин футболчининг «Сантос» сафидаги охирги ўйини бўлиб қолиши мумкин. Футболчи Европадаги ўн йиллик фаолиятидан кейин февралда ватанига қайтганди, аммо унинг шартномаси 30 июнгача тузилган. Кўрсатган ҳаракатлари туфайли у билан шартнома янгиланиши — катта савол остида қолган.
Мавзуга оид

19:54 / 12.02.2025
Неймар яна «Сантос»да: футбол ниҳоят бойликни енгди

22:32 / 31.01.2025
Бразилиянинг «Сантос» клуби Неймар қайтганини эълон қилди

05:19 / 28.01.2025
Расман: «Ал Ҳилол» ва Неймар ўзаро келишувга кўра шартномани бекор қилишди

16:11 / 21.08.2023