Жаҳон | 12:59 / 03.06.2025
1457
2 дақиқада ўқилади

Дамашқ фонд биржаси қайта очилди

Сурияда «Баас» режими қулаганидан кейин иқтисодий институтларни тиклаш жараёни бошланди.

Фото: Anadolu Agency

Сурия пойтахти Дамашқ «Баас» режими ағдарилганидан сўнг ўз биржасини қайта очди. Бу ҳақда Сурия ахборот агентлиги хабар берди.

Очилиш маросимида иқтисодиёт ва саноат вазири Нидал Шаар, алоқа ва ахборот технологиялари вазири Абдусалом Ҳайкал, молия вазири Муҳаммад Юср Бернийе, Марказий банк раиси Абделқодир Ҳасрие, шунингдек, қатор компаниялар вакиллари иштирок этди.

Очилишда сўзга чиққан молия вазири Бернийе биржанинг қайта очилиши мамлакатда иқтисодий тикланиш бошланганидан далолат эканини айтди. Унинг қайд этишича, Дамашқ фонд биржаси хусусий компания сифатида фаолият юритади, ҳақиқий иқтисодий марказга айланади ва рақамли трансформацияга мослашади.

Бернийенинг таъкидлашича, уларнинг иқтисодий қарашлари адолат, тенглик, хусусий сектор етакчилиги ва сармоя жалб этишга асосланган. «Биз ишбилармонлик муҳитини соддалаштириш устида ишлаймиз. Бизни рағбатлантирувчи сармоявий истиқболлар кутиб турибди», деди у.

Шунингдек, у биржа хусусий сектор учун рақобатчи бўлиб қолмаслигини, аксинча, бирлаштирувчи ва қўллаб-қувватловчи рол ўйнашини қўшимча қилди.

Вазирнинг аниқлик киритишича, очилиш фақат синов босқичи бўлиб, тўлиқ ишга тушириш фонд бозори, инвестициялар ва компаниялар фаолиятини тартибга солувчи тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин амалга оширилади.

Маросим якунида Бернийе ва бошқа расмий шахслар биргаликда биржа қўнғироғини уриб, рамзий маънода очилишни нишонладилар.

Мавзуга оид