Ўзбекистон | 14:57 / 02.06.2025
18842
5 дақиқада ўқилади

Яна ўзбекистонликлар ажратилди: БАА аэропортида 100 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ушлаб турилди

2 июн куни Жаҳон чемпионати саралаши доирасида БАА–Ўзбекистон ўйинини кўриш учун борган юзлаб ўзбекистонлик мухлислар Шаржа аэропортида 6-7 соат давомида ушлаб турилди. Ватандошларнинг сўзларига кўра, фақат Ўзбекистон фуқароларининг паспортлари олиб қўйилган, улардан анкета тўлдириш, меҳмонхона банд қилгани ҳақида ҳужжат ва қайтиш чиптасининг нусхаси сўралган.

Фото: Шохрух Ҳайдаров

Тошкент—Шаржа рейси билан футбол бўйича ЖЧ саралаши доирасидаги БАА–Ўзбекистон ўйинини томоша қилиш учун 2 июн куни амирликка учиб келган юзлаб ўзбекистонликлар Шаржа аэропортида ушлаб турилибди. Бу ҳақда БААга киритилмай турган Ўзбекистон ОАВ вакиллари ва блогерлар ёзмоқда.

Шаржа аэропортида бўлиб турган Gazeta.uz мухбирининг хабар беришича, дастлаб аёллар ва ёши катта инсонларни ўтказишган, қолган эркаклардан қўшимча ҳужжатлар сўрашган.

«Қолган эркак ва йигитлардан биринчи марта келаётгани учун анкета тўлдириш, меҳмонхона банд қилгани ҳақида ҳужжат ва қайтиш билетлари нусхаси сўралди. Барчанинг ҳужжатлари олиб борилганда, улардан нусха кўчириб, шу билан барча ҳужжатларни олиб кириб кетишди ва қайтиб чиқишмади. Шаржа вақти билан 06:05 да қўнган бўлсак, ҳозир 11:05. Айтарли гап йўқ. Нима учунлиги ва қачон қандай жавоб берилиши умуман номаълум», — дея таъкидлаган журналист.

Фото: Gazeta.uz

Ижтимоий тармоқдаги яна бор фойдаланувчи Ўзбекистон фуқароларининг паспортлари олиб қўйилганини ва мажбурий кутишаётганини ёзган.

«Шаржа аэропортида бизни чиқармай ушлаб ўтиришибди. 5-соат кетяпти. Сабабини сўрасак, просто … кутишимизни айтишди. 100 киши, нега, қачон чиқамиз, билмаймиз. Билганимда, келмасдим лекин рости. Дарвоқе, паспортлар олиб қўйилган, фақат ўзбек паспорти борларники», дейди Шерзод Ражабов исмли Ўзбекистон фуқароси.

Тошкент вақти билан 14:30ларда Ўзбекистон фуқаролари аэропортдан ўтказиб юборилгани айтилди. Уларнинг қанчаси ўтказилгани маълум эмас.

Маълум бўлишича, БААга ўзбекларнинг киритилмаслиги ҳолати кеча, 1 июн куни ҳам содир бўлган. Хусусан, журналист Нодирхўжа Йўлдошев 1 июн кунги рейс билан БААга борган ўзбекистонлик журналистлар ҳам 8 соатга яқин аэропортда ушлаб турилганини ёзган.

«Абу-Даби ва Шаржа рейсларида сўнгги пайтларда доимий муаммо мавжуд. Асосан 25−35 ёш оралиғидаги туристларни ушлаб қолишяпти. Оилавий ёки ёши катталарга индашмаяпти. Маслаҳатим, ўйин куни Шаржа ва Абу-Дабидан келманг, улгурмаслигингиз мумкин. Дубайдан муаммо йўқ», — деб ёзган у.

Тармоқларда, шунингдек, Тошкент шаҳар туризм бошқармаси пойтахтда туризм соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектларига жўнатган хати тарқалди.

Хатда Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаментининг мурожаати ҳақида сўз боради. Унда Ўзбекистондан бораётган 5 минг футбол мухлислари стадионга сиғмаслик эҳтимоли юқори экани, бу эса хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги айтилади. Шу сабаб турфирмаларга «БАА аэропортларида хавфсизлик идоралари Ўзбекистон фуқароларнинг қайтариб юборилиши асос сифатида тахмин қилинаётгани инобатга олиниб, бу кунларда БААга турпакетлар орқали туристларни юбормаслик чораларини кўриш» тавсия этилган.

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш, Ўзбекистон фуқароларига қилинаётган бундай камситиш ҳолатига Ташқи ишлар вазирлиги ва БААдаги дипломатик ваколатхоналар кўраётган чоралар ҳақида маълумот олиш учун ТИВ матбуот котибига сўров юборди.

ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов яқин вақтларда бу масала юзасидан расмий муносабат берилишини айтди.

Бир неча кун аввал, ушбу ўйинга чипта харид қилган БАА ID картасига эга ўзбекистонликларнинг электрон почтасига чипта бекор қилингани ва харид учун сарфланган пул қайтарилиши ҳақида хабар келганди.

Жорий йил 5 июн куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралаши 3-босқичи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари жамоаси билан ўйнайди. Учрашув Абу-Дабидаги «Ал-Наҳян» стадионида бўлиб ўтади.

Айни вақтда Ўзбекистон терма жамоаси ўрин олган А гуруҳида Эрон терма жамоаси етакчилик қилмоқда ва улар жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилиб бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси йўлланмани кафолатлаши учун БАА билан сафарда камида дуранг ўйнаши ёки Тошкентда Қатарни мағлуб этиши лозим бўлади. Шунда терма жамоа рақибларининг ўйинларидаги натижадан қатъи назар мундиалга боради. Ўз навбатида БАА ўз майдонида Ўзбекистонни мағлуб эта олмаса, тўғридан тўғри йўлланмадан қуруқ қолади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 21 ноябр куни БААнинг Ал-Айн амирлигида Исроил ва Молдова фуқароси, БАА резиденти бўлган роҳиб Цви Коганнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилди. Яҳудий роҳибнинг ўлимида Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси айбдор деб топилиб, ўлимга ҳукм қилинди.

Ушбу ҳолат ортидан Ўзбекистон фуқароларининг БААга кириши, меҳнат фаолияти ва виза олишида кўплаб муаммолар бошланди. Хусусан, ўтган йили 25 ноябр куни Ўзбекистоннинг Дубайда меҳнат қилаётган бир гуруҳ фуқаролари полиция томонидан олиб кетилганди. Кейинроқ уларнинг айримлари қўйиб юборилгани, айримлари депортация қилингани ҳамда яна 5 кишига нисбатан жиноий иш очилгани маълум бўлди.

Мавзуга оид