Жаҳон | 22:49 / 02.06.2025
7867
3 дақиқада ўқилади

Россиялик олимлар чигирткалардан нон ёпишни тавсия қилди

Мутахассисларнинг таъкидлашича, чигиртка унининг тахминан 60 фоизи оқсиллардан иборат. Бундай ундан фойдаланиш тавсияси мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қимматлашиб бораётган бир пайтда илгари сурилди.

Фото: Getty images

Қора чигирткалар каби «ноанъанавий оқсилли материаллар» қўшилган нон Россия аҳолиси рационига кириб бориши мумкин. Бу аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг тез суръатлар билан ўсишидан азият чекаётган бир пайтда юз бермоқда. Бундай ун маҳсулотининг фойдаси ҳақида Жанубий Урал давлат университети олимлари маълумот берди.

Олийгоҳ ходимлари оддий буғдой унига уваланган чигиртка хомашёсини қўшиш орқали янги нон ёпиш усулини ишлаб чиқди. Университетнинг Спорт, туризм ва сервис институти профессори, техника фанлари доктори Абдували Тошевнинг сўзларига кўра, чигиртка унининг тахминан 60 фоизи оқсиллардан иборат бўлиб, оддий буғдой унида бу кўрсаткич 10 фоиздан ошмайди. Бундан ташқари, бу каби уннинг эрувчанлик индекси уч баравар юқори, эмулсия ҳосил қилиш фаоллиги 55,2 фоизга етади (оддий унда бу кўрсаткич — 12,3 фоиз), кўпик ҳосил қилиш хусусияти эса 67,4 фоиз — бу буғдой унидан тўрт баравар юқори.

Тошевнинг таъкидлашича, ҳатто чигиртка хомашёсининг оз миқдордаги аралашмаси ҳам нон маҳсулотларини микроэлементлар билан бойитади, таъми ва бошқа хусусиятларини яхшилайди. Унинг сўзларига кўра, янги турдаги нонлар таркибидан сув ўтлари ва қўзиқоринлар аралашмасидан тайёрланган ун ҳам ўрин олиши мумкин.

Тошевнинг айтишича, 5–15 фоиз чигиртка уни, 2–6 фоиз спирулина (сув ўтлари) аралашмаси ҳамда 10–20 фоиз қўзиқорин кукуни қўшилган маҳсулотлар «оптимал» таъм ва ҳидга эга бўлган.

Нон — 2024 йил якунларига кўра Россия дўконларида нархи сезиларли даражада ошган ва 2025 йилда ҳам ошишни давом этаётган маҳсулотлардан биридир. Росстат маълумотларига кўра, май ойи охирига келиб, ноннинг чакана нархи йиллик ҳисобда 15 фоизга қимматлашган. Умуман олганда, 2024 йилдаги озиқ-овқат инфляцияси сўнгги тўққиз йилдаги энг юқори даражага — 11,05 фоизга етган.

«Ромир» ҳолдинги ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил апрелида россияликлар озиқ-овқатга сарфлайдиган харажатлари Украина уруши бошланганидан буён энг юқори даражага чиққан. Ўртача озиқ-овқат харажатлари истеъмолчилар бюджетининг 34,6 фоизини ташкил этмоқда (йил бошида 33 фоиз, 2024 йил апрелида эса 28,6 фоиз эди). Бу рақамлар «Ромир» томонидан сўнгги 5 йил ичида қайд этилган энг юқори кўрсаткич бўлди.

2025 йил бошларида қатор нон ишлаб чиқарувчилар улгуржи нархларни 10–12 фоизга оширишларини эълон қилганди. Таъкидланишича, нон маҳсулотлари нархининг ошишига омбор ва транспорт логистикаси харажатлари, солиқ юки ортиши, хомашё нархининг ошиши ва бошқа омиллар сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид