Жаҳон | 14:30 / 02.06.2025
2915
8 дақиқада ўқилади

Ғазоликларни ўққа тутган Исроил, Украинанинг «Ўргимчак тўри» операцияси ва Париждаги тартибсизликлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил танклари Ғазодаги ёрдам тарқатиш марказини ўққа тутди: 26 киши ҳалок бўлди

Маҳаллий аҳоли Исроил танклари Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрида жойлашган гуманитар ёрдам тақсимлаш марказига қарата ўт очганини маълум қилди. Гувоҳлар ва шифокорларнинг айтишича, камида 26 киши ҳалок бўлган, 150 киши яраланган.

Рафаҳдаги журналист Муҳаммад Ғарибнинг BBC’га маълум қилишича, танклар АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватловида очилган гуманитар ёрдам тақсимлаш маркази яқинида минглаб фаластинликлар тўпланганида ўт очишни бошлаган. Маҳаллий журналист ва фаоллар одамлар ҳалок бўлаётгани ва яраланганлар эшак араваларда Қизил Хоч госпиталига олиб кетилаётгани тасвирланган кадрларни эълон қилди. Таъкидланишича, фавқулодда хизмат ходимлари ўққа тутилган жойга ўтиб бора олмаган.

Муҳаммад Ғарибнинг сўзларига кўра, танклар ёрдам тақсимлаш марказига маҳаллий вақт билан соат 04:30 ларда яқинлашган ва ўт очган. «Ўлдирилганлар ва яраланганлар узоқ вақт ерда ётди. Қутқарув хизмати бу ҳудудга ўта олмади, у Исроил назорати остида. Натижада одамлар эшак араваларда ярадорларни дала госпиталига олиб боришга мажбур бўлди», — дейди журналист. Қизил Хоч шифохонаси ходимлари 26 киши ҳалок бўлгани ва 150 киши яраланганини тасдиқлади.

Иркутск области илк бор дронлар ҳужумига учради

Украина Хавфсизлик кучлари 1 июн куни «Ўргимчак тўри» операциясини амалга оширди. Унинг доирасида Россиянинг 40 дан ортиқ ҳарбий самолётлари, жумладан, А-50, Ту-95 ва Ту-22 М3 стратегик бомбардимончилари яксон қилинди.

Иркутск области аҳолиси дронлар ҳужуми уюштирилгани тўғрисида хабар берди. Уруш бошланганидан бери Усолский тумани илк бор учувчисиз бошқариладиган аппаратлар ҳужумига учради.

Маълумотларга кўра, Средний ва Новомалтинск посёлкалари ҳудудларига зарбалар берилган. Усолский туманида «Белая» ҳарбий аэродроми жойлашган бўлиб, у ерда Ту-22М3 бомбардимончилари сақланади.

Украинанинг «Бабел» нашрига кўра, Украина Хавфсизлик кучлари бошлаган «Ўргимчак тўри» операцияси доирасида Россиянинг 40 дан ортиқ ҳарбий самолётларини, жумладан, А-50, Ту-95 ва Ту-22 М3 стратегик бомбардимончилари яксон қилинган.

Украина маҳаллий нашрлари, ушбу ҳужум натижасида Россия армиясининг, умумий қиймати 7 миллиард доллардан ошадиган 41 та техникаси йўқ қилинганини ёзмоқда. Ҳозирча бу маълумотлар расман тасдиқланмаган.

«Белая» базасига ҳужум — уруш бошланганидан бери биринчи марта Сибирда амалга оширилган дрон зарбасидир. Иркутск области Украина билан уруш зоналаридан қарийб 4,5 минг километр узоқликда жойлашган. Бундан ташқари, Мурманск вилоятидаги Оленя базаси ҳам ҳужумга учради — бу Россиянинг ядровий қурол ташишга қодир авиацияси жойлашган стратегик объектларидан биридир.

Украина хавфсизлик хизмати расмийсига кўра, Украина дронлари Россия ҳудудига юк машиналарида яширинча олиб кирилган ва айнан ўша машиналардан учирилган. Бу даъво ҳозирча тасдиқланмаган. Россия Мудофаа вазирлиги эса дронлар айнан ҳаво базаларига яқин ҳудудлардан учирилганини маълум қилди.

Украина президенти Володимир Зеленский бу амалиётга тайёргарлик бир ярим йил олдин бошланганини ва ҳужумда қатнашган кучлар зарбалар бошланишидан олдин Россиядан олиб чиқилганини айтди. У уларни «мутлақо аъло даражадаги натижа» деб атади ва қўшимча қилди: «Украина ўзини ҳимоя қилмоқда ва бу тўғри – биз Россияни урушни тўхтатишга мажбур қилиш учун барча чораларни кўряпмиз».

Россиялик ҳарбий блогерлар бу ҳужумларни ҳаво мудофааси учун катта муваффақиятсизлик деб аташди. «Бугунги кун Россиянинг узоқ масофали авиацияси учун қора кун деб аталади. Ва кун ҳали тугамаган», дейди улардан бири.

Парижда тартибсизликлар юзага келди

Якшанбага ўтар кечаси Франция полицияси Парижда «Пари Сен-Жермен» футбол клубининг Чемпионлар лигаси финалидаги ғалабасини нишонлаш тўқнашув ва тартибсизликларга айланиб кетганидан кейин 550 дан ортиқ кишини қўлга олди.

Шанба куни «Пари Сен-Жермен» Мюнхендаги ўйинда Миланнинг «Интер» клубини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва ўз тарихида илк бор Европа клублари футболидаги энг нуфузли кубок соҳибига айланди. Ўйинни томоша қилиш ва кейин ғалабани нишонлаш учун Париж марказидаги Елисей майдонлари ва «Пари Сен-Жермен»нинг уй аренаси бўлган «Парк де Пренс» стадиони ёнида 50 мингга яқин мухлис йиғилди.

Байрамни нишонлаётган баъзи мухлислар мушакбозлик, машиналарга ўт қўйиш ва автобус бекатларини бузишга киришди. Полиция билан тўқнашувлар бошланди. Франция пойтахти кўчаларида 5,4 мингга яқин полициячи бўлган. Ҳибсга олинган 559 кишининг аксарияти тартибсизликларда, шунингдек, мушакбозлик уюштиришда гумон қилинмоқда.

«Елисей майдонларида тартибсизликлар уюштиришга уринганлар полиция билан доимий равишда тўқнашувларга киришган, катта мушакбозлик ва бошқа объектларни улоқтиришган», – дейилади полиция хабарида. Расмийларга кўра, тартибсизликлар чоғида камида 192 киши, жумладан 22 нафар хавфсизлик ходими ва етти нафар ўт ўчирувчи жароҳатланган. Полиция ўт қўйиш билан боғлиқ 692 та ҳолатни қайд этган, жумладан 264 та транспорт воситаси ёқиб юборилган. Икки киши ҳалок бўлди.

Исроил асирлари учун АҚШда ўтказилаётган митингда олти киши яраланди

1 июнь куни АҚШнинг Колорадо штатида «Run for their lives» номли кўнгиллилар гуруҳи Ғазодаги исроиллик асирларга бағишлаб ўтказган тадбирда содир бўлган ҳужумда камида олти киши яраланди. Полиция 45 ёшли эркак – Муҳаммад Сабрийни ҳибсга олди. FBI бу ҳодисани «нишонли террор ҳужуми» сифатида баҳоламоқда.

Al Jazeera нашрининг FBI’га таяниб ёзишича, Сабрий ҳужум чоғида «Free Palestine» («Фаластинга озодлик») деб бақирган ва қўлда ясаган олов пуркагич қурилмасидан фойдаланган. У шунингдек, яраланиб, шифохонага олиб кетилган, бироқ жароҳатларининг ҳолати очиқланмаган. Ҳозирча унга қарши расмий айблов қўйилмаган, аммо расмийлар уни «тўлиқ жавобгарликка тортиш» ниятида эканини билдирди.

Ҳужум натижасида жабрланганлар 67 ёшдан 88 ёшгача бўлиб, уларга енгил ва оғир даражада куйиш ташхиси қўйилган. Воқеа АҚШда Исроил-Ғазо уруши туфайли кучайган кескинлик фонида юз берди. Сўнгги ойлар ичида нафақат яҳудийларга, балки мусулмонларга нисбатан ҳам зўравонлик ҳолатлари кўпайган.

Россияда террорчилар учун ўлим жазосини жорий этиш таклиф қилинди

«Адолатли Россия — Ҳақиқат учун» партияси раиси Сергей Миронов Россияда террорчилар учун ўлим жазосини жорий этиш таклифини илгари сурди.

«Қотил террорчилар учун ҳақиқий адолатли жазо бу фақат ўлим бўлиши мумкин. Фракциямиз бир неча бор террорчилар ҳамда уларнинг шериклари учун ўлим жазосини тиклашни талаб қилган ва биз ушбу қарорга эришамиз. Террорчилик актини содир этганлар билан инсонпарварлик ўйнашни бас қилишимиз керак», — дейди Миронов.

Унинг таъкидлашича, «даҳшатли ва ноинсоний ҳаракат» Володимир Зеленский режимининг асл моҳиятини очиб берган. «Барчамиз болаларимиз келажаги ҳақида гапиришимиз керак бўлган кунда бандерачилар бегуноҳ одамларга оғриқ-мусибат олиб келди», — деди у.

Мироновнинг фикрича, Зеленский режими бутунлай йўқ қилиниши, «Украина можаросининг асосий сабаблари илдизи қуритилиши» ва Украинанинг нейтрал мақоми таъминланиши керак.

Мавзуга оид