Исроил танклари Ғазодаги ёрдам тарқатиш марказини ўққа тутди: 26 киши ҳалок бўлди
Маҳаллий аҳоли Исроил танклари Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрида жойлашган гуманитар ёрдам тақсимлаш марказига қарата ўт очганини маълум қилди. Гувоҳлар ва шифокорларнинг айтишича, камида 26 киши ҳалок бўлган, 150 киши яраланган.

Фото: REUTERS
Рафаҳдаги журналист Муҳаммад Ғарибнинг BBC’га маълум қилишича, танклар АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватловида очилган гуманитар ёрдам тақсимлаш маркази яқинида минглаб фаластинликлар тўпланганида ўт очишни бошлаган.
Маҳаллий журналист ва фаоллар одамлар ҳалок бўлаётгани ва яраланганлар эшак араваларда Қизил Хоч госпиталига олиб кетилаётгани тасвирланган кадрларни эълон қилди. Таъкидланишича, фавқулодда хизмат ходимлари ўққа тутилган жойга ўтиб бора олмаган.
Ғарибнинг сўзларига кўра, танклар ёрдам тақсимлаш марказига маҳаллий вақт билан соат 04:30 ларда яқинлашган ва ўт очган. «Ўлдирилганлар ва яраланганлар узоқ вақт ерда ётди. Қутқарув хизмати бу ҳудудга ўта олмади, у Исроил назорати остида. Натижада одамлар эшак араваларда ярадорларни дала госпиталига олиб боришга мажбур бўлди», — дейди журналист.
Қизил Хоч шифохонаси ходимлари 26 киши ҳалок бўлгани ва 150 киши яраланганини тасдиқлади.
BBC исроиллик ҳарбийлар, шунингдек, АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватловида гуманитар ёрдамни тақсимлаш учун ташкил этилган Ғазо Гуманитар фондига изоҳ сўраб мурожаат қилган.
Ғазо фуқаролик мудофааси расмий вакили Маҳмуд Бассалнинг AFP’га маълум қилишича, «Исроил ҳарбийларининг минглаб одамлар томон ўт очиши натижасида» 100 дан ортиқ одам яраланган.
Сулҳ музокаралари қандай кечмоқда
Рафаҳдаги ҳодиса ҲАМАС гуруҳи АҚШнинг Ғазо секторида ўт очишни 60 кунга тўхтатиш тўғрисидаги таклифига жавобини эълон қилганидан кўп ўтмай содир бўлди.
Ҳаракат Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинлик маҳбуслар эвазига гаровдаги 10 нафар исроилликни озод этиш ва ҳалок бўлган 18 нафарининг жасадини қайтаришга рози бўлган. Аммо АҚШ президенти вакили Стив Уиткофф гуруҳнинг қарши шартларини номақбул деб атаган ва Исроил ҳукумати ҳам уларни рад этган.
Халқаро гуманитар ташкилотлар Ғазодаги вазият кескин ёмонлашганини айтмоқда, чунки Исроил армиясининг ҳарбий операцияси туфайли маҳаллий аҳоли озиқ-овқат ва тиббий ёрдамни ололмаяпти.
Ғазо Гуманитар фондига (GHF) кўра, унинг сектордаги бир нечта тақдимлаш пункти жорий ҳафта фаластинликларга 2 миллион порция овқат тарқатган.
GHF — Америка—Исроил ташаббуси. БМТ ва бошқа ташкилотлар фонд «ёрдамдан қурол сифатида фойдаланиши» мумкинлиги сабаб у билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган. Ўз навбатида Исроил ҲАМАС Ғазога етказилаётган гуманитар ёрдамни ўғирлаётганини билдирган.
Исроил Ғазога гуманитар ёрдам етказилишини 2 мартда блоклаган. Май ўрталарида эса GHF’нинг схемаси ишлаб чиқилган ва озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган илк юк машиналари Ғазога 20 майда етиб келган эди.
Мавзуга оид

11:09 / 02.06.2025
Трамп махсус вакили ҲАМАСнинг АҚШга жавобини «мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб атади

10:17 / 02.06.2025
Мерц Нетаняҳуни Ғазога ёрдамни кучайтиришга чақирди

08:15 / 02.06.2025
Исроил гуманитар ёрдам юкланган 3000 та юк машинасининг Ғазога киришини тўсиб қўйди

14:42 / 31.05.2025