Жамият | 19:29 / 31.05.2025
10440
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўлбўйи пулли автотураргоҳлар ишга тушди. Аҳоли қандай фикрда?

Дунё тажрибасида одатий ҳолга айланиб улгурган, одамларни жамоат транспортидан фойдаланишга ундайдиган йўлбўйи пулли автотураргоҳлар Тошкентда ҳам пайдо бўлди. Тарифлар – соатига 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача. Kun.uz мухбири аҳоли вакилларидан бу янгиликка ва белгиланган нархларга муносабатини сўради. Нархларни Олмаота билан таққослаганда, Тошкентда анча қимматлиги маълум бўлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

8 майдан бошлаб Тошкентда илк йўлбўйи пулли автотураргоҳлар иш бошлади. Ҳозирча бундай тураргоҳлар шаҳар марказида: Амир Темур хиёбони айланмаси, Миробод, Истиқлол, Истиқбол, Содиқ Азимов, Шаҳрисабз ва Глинка кўчаларининг айрим қисмларида ишлаб турибди.

Жаҳон тажрибасида автомобил тўхтаб туриш жойларининг пулли бўлиши – аҳолини жамоат транспортидан фойдаланишга рағбатлантириш чораси сифатида кўрилади.

Режага кўра, сентябрга қадар Тошкентдаги пулли тўхташ жойлари жами 86 та кўчага ёйилади. Тарифларни пойтахт ҳокими тасдиқлаган: соатига 5 мингдан 12 минг сўмгача – шаҳар марказига яқинлашган сари нархлар ошиб боради. Қизил зона учун – 12 000, оловранг зона – 10 000, яшил зона – 8000, кўк зона – 6 000, бинафшаранг зонада – 5 000 минг сўм тариф белгиланган.

Йўлбўйи автотураргоҳлар ташкил этиш ҳуқуқини аукционда Streetpark Systems ютиб олган.

Хўш, бу янгиликка ҳайдовчиларнинг муносабати қандай, белгиланган нарх қанчалик маъқул? Kun.uz мухбири Амир Темур хиёбони айланмасида бу пулли хизматдан фойдаланаётган ҳайдовчиларга микрофон тутди.

Айримлар автомобилини қўйган жой пулли эканидан бехабарлигини айтди. Аксарият респондентлар эса пулли тўхташ жойининг 1 соати 12 минг этиб белгиланганига эътироз билдирди.

“Соатига 12 минг сўм – бу Европа даражасидаги нарх. Аҳолимизнинг ойликларига билан мос эмас. Тахминан 5-7 минг сўм бўлса, ёмон бўлмасди. Францияда яшаганман, у ердаги шаҳарларда аллақачон қонга сингиб кетган одат. Агар сиз шаҳарнинг қоқ марказида бўлсангиз, соатига камида 2,7–3 евро атрофида, сўмга ҳисоблайдиган бўлсак, 45-50 минг бўлади. Маҳаллий кичик шаҳар ёки қишлоқларда пулли парковкалар бўлса, унда 1 евро атрофида бўлади”, – дейди суҳбатдошлардан бири.

Автотураргоҳ назоратчисининг сўзларига кўра, белгиланган жойларда ҳайдовчилар 5 дақиқагача бепул тўхтаб туриши мумкин. Амир Темур хиёбони айланмасида 1 кунда юздан ортиқ ҳайдовчилар автотураргоҳдан фойдаланса-да, хизмат пулини тўламай кетяпти, дейди у.

Streetpark Systems'нинг Kun.uz'га маълум қилишича, шаҳар ҳокимининг 2024 йил 16 октябрдаги қарори билан тасдиқланган тарифларни ишлаб чиқишда халқаро амалиёт, автомобиллар ҳаракати зичлиги ва шаҳарнинг марказий ҳудудларида автотураргоҳларнинг мавжудлик даражаси ҳисобга олинган.

Мавжуд автотураргоҳларни онлайн топиш ва тарифлар ҳақида маълумот олиш учун “Poytaxt parking” мобил иловаси ишга туширилган. Ҳозиргача иловада 5 мингдан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган фуқаролар иловани такомиллаштириш, тўлов учун инфокиосклар қўшиш кераклигини айтди.

Айни дамда инспекторлар тўлов мавжудлигини олдиндан планшет ёрдамида текширмоқда. Агар тўлов амалга оширилмаса, ҳақ тўлаш зарурлиги тўғрисида автомобилнинг олд ойнасига хабарнома жойлаштиряпти.

Кun.uz'га берилган маълумотларга кўра, оператор компания транспорт воситаларини автоматик қайд этиш ва тўлов мавжудлигини текшириш имконини берувчи мобил ва стационар фото-видео қайд этиш комплексларини жорий этиш устида ишлаяпти. Улар нафақат тўловларни амалга оширмаслик, балки тўхташ қоидаларини бузиш ҳолатларини ҳам қайд этади.

Бошқаларда қанақа: Олмаота ва Москва мисолида

Олмаотада йўлбўйи автотураргоҳлар соатига 100 тенгени ташкил қилади. Бу ўзимизнинг пулга 2500 сўм дегани. Пулли автотураргоҳни топиш ва банд қилиш осон: махсус сайт ёки мобил дастур орқали зарур автотураргоҳларни белгилаш ва автомобилнинг давлат рақамини киритиб, маълум муддатни танлаш мумкин. Автотураргоҳлардан 15 дақиқагача бепул фойдаланса бўлади. Агар бу хизмат учун тўлов амалга оширилмаса ёки кўрсатилган суммадан кам тўланса ҳамда йўл ҳаракати билан боғлиқ қоидалар бузилса, Қозоғистон қонунчилигига кўра, 3 932 тенге жарима солинади. Бу – 98-99 минг сўмни ташкил этади.

Олмаотада пулли автотураргоҳлардан тушган маблағлар “Жамоат иштирокидаги бюджет” дастури бўйича ободонлаштириш учун туман ҳокимликларига тақсимланади.

Москвада пулли автураргоҳлар оддий ва дифференциал тарифларга бўлинган. Оддий тарифнинг доимий қиймати кеча-ю кундуз бир хил. Дифференциал тарифлар эса куннинг вақтига боғлиқ: автотураргоҳ қанчалик банд бўлса, нарх ҳам шунча қимматроқ бўлади. Нархлар соатига 40 рубл (6600 сўм)дан бошланиб, 800 рубл (132 минг сўм)гача бориши мумкин. Шу билан бирга, тўхташ жойининг нархи минимал бандлик билан 0 рублдан бошланадиган кўчалар ҳам бор. Динамик тариф ҳайдовчиларга тўхташ жойининг тахминий нархини ҳисобга олган ҳолда ўз йўналишини олдиндан ўйлаб кўриш имкониятини беради.

Мавзуга оид