Жамият | 20:37 / 31.05.2025
5224
2 дақиқада ўқилади

«Миллий тиббиёт техникуми» да касбий таълим бериш ва диплом тақдим қилиш ҳуқуқи йўқ — Вазирлик

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги «Сино тиббиёт билим юрти» («Миллий тиббиёт техникуми» МЧЖ) номи остида фаолият юритаётган муассаса лицензиясиз тарзда абитуриентларни ўқишга қабул қилаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий маълумот берди.

Унда мазкур муассаса ўқувчиларга диплом тақдим этиш ҳуқуқига эга эмаслиги қайд этилган.

«„Сино тиббиёт техникуми“ МЧЖ профессионал таълим хизматларини кўрсатиш учун 217206-сонли лицензияга эга бўлиб, мазкур лицензияга асосан Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри, „Шодиёна“ МФЙ, Соҳибқирон Темур кўчаси, 245-уйда фаолият юритмоқда ҳамда «Миллий тиббиёт техникуми» МЧЖ да профессионал таълим хизматларини кўрсатиш учун лицензияси мавжуд эмас.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, „Кўҳна қалъа“ МФЙ, Тинчлик кўчаси 29-уй манзилида фаолият юритаётган тегишли лицензияга эга бўлмаган „Миллий тиббиёт техникуми“ МЧЖ касбий таълим бериш ва таҳсил олган ўқувчиларга диплом тақдим этиш ҳуқуқига эга эмас», – дейилади муносабатда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Урганч шаҳрида нодавлат тиббиёт техникуми лицензия олмасдан фаолият кўрсатгани ҳақида маҳаллий блогер тайёрлаган видео тарқалганди. Унда блогер «Сино тиббиёт билим юрти» ёки «Миллий тиббиёт техникуми» МЧЖ номи остида фаолият юритаётган муассаса лицензиясиз тарзда абитуриентларни ўқишга қабул қилаётгани ҳақида фикр билдирган.

Блогер кейинги видеосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъулларидан жавоб хати олганини айтиб, мазкур ҳужжатда лицензияга эга бўлмасдан тарғибот олиб борган айрим муассасалар огоҳлантирилгани қайд этилганини маълум қилган.