Жаҳон | 17:16 / 30.05.2025
3891
9 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Ғазо бўйича сулҳ битими ва Россиянинг Киевга янги таклифи – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил АҚШнинг сулҳ битимини қабул қилди. Ҳамас таклифни ўрганмоқда

Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит Исроил АҚШ томонидан таклиф этилган сулҳ режимини қўллаб-қувватлагани ва маъқуллаганини тасдиқлади. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса гаровдагиларнинг оилаларига Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича битимни қабул қилишга тайёрлигини айтган.

ҲАМАС расмийлари эса Исроил томонидан маъқулланган ушбу лойиҳага совуққонлик билан муносабат билдирди, бироқ уни расмий жавоб беришдан аввал батафсил ўрганмоқчи эканликларини айтди. «Ционистик жавоб – амалда ишғолни давом эттириш, ўлдириш ҳамда очарчиликни сақлаб қолиш дегани”, деди ҲАМАСнинг юқори мартабали расмийси Бассем Наим Associated Press агентлигига. Унинг айтишича, «бу таклиф халқнинг уруш ва очарчиликни тўхтатиш каби талабларига жавоб бермайди".

Шунга қарамай, у ташкилот ушбу таклифни «миллий масъулият билан ўрганиб чиқишини» таъкидлади.

Аввалроқ ҲАМАС Уиткофф билан «доимий сулҳга, Исроилнинг Ғазодан тўлиқ чиқиб кетишига, ёрдам оқимини йўлга қўйиш ва ҳокимиятни мустақил фаластинлик сиёсий қўмита зиммасига ўтказишга» олиб борувчи умумий асосий келишув доирасида рози бўлганини билдирган эди.

Стив Уиткофф ўзининг янги таклиф тафсилотларини оммага ошкор қилмаган, бироқ ҲАМАС расмийси ва мисрлик расмий айрим тафсилотларни мустақил тарзда тасдиқлаган. Уларнинг айтишича, янги таклиф қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • 60 кунлик жанговар ҳаракатларни тўхтатиш;
  • доимий сулҳга олиб борувчи жиддий музокараларга кафолат;
  • Исроил гаровдагилар озод қилингандан кейин урушни қайта бошламаслиги ҳақида кафолат.

Шунингдек, Исроил армияси март ойидаги сулҳ пайтидаги позицияларига қайтади. ҲАМАС бу 60 кунлик танаффус давомида 10 нафар тирик гаровдаги кишини ва бир нечта жасадни озод қилади. Бунинг эвазига Исроил томонидан 1100 дан ортиқ фаластинлик маҳбус озод қилинади.

Бу муддат давомида ҳар куни юзлаб гуманитар ёрдам юк машиналари Ғазога киришига рухсат берилади. Мутахассисларнинг айтишича, Исроил томонидан деярли уч ой давомида давом этган блокада — гарчи сўнгги кунларда бироз юмшатилган бўлса-да — аҳолини очлик ёқасига олиб келган.

Россия Киев билан музокаралар янги раундининг жойи ва вақтини таклиф қилди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинага музокараларнинг иккинчи раундини 2 июн куни Истанбулда ўтказишни таклиф қилди. ТИВ сайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, Россия бу учрашувда Киевга тинч йўл билан келишув шартлари тўғрисидаги меморандумни тақдим этишга тайёр, бу «инқироз сабабларини ишончли тарзда бартараф этишнинг барча жиҳатлари бўйича позицияни белгилаб беради».

«В.Р.Мединский бошчилигидаги делегациямиз ушбу меморандумни Украина делегациясига тақдим этишга ва келаси душанба, 2 июн куни Истанбулда қайта тикланадиган тўғридан-тўғри музокараларнинг иккинчи раунди давомида зарур тушунтиришларни беришга тайёр», — дейилади Лавров баёнотида. У Туркияга «меҳмондўст турк платформаси» тақдим этгани учун миннатдорчилик билдирди.

Истанбулдаги музокаралар ҳақида чақириққа қарамай, Россия Украинада янги ҳужум операцияларини бошлаган. Таҳлилчиларга кўра, рус қўшинлари май ойида тез суръатда олдинга силжимоқда, ҳужумларини кучайтирган ҳамда Украина шаҳарларига ҳам йирик зарбалар беришдан тийилмаяпти.

Маълумот учун, 16 май куни Истанбулда Москва ва Киев ўртасида сўнгги уч йил ичида биринчи тўғридан тўғри музокаралар бўлиб ўтди. Россия делегациясига президент ёрдамчиси Владимир Мединский, Украина делегациясига эса мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилди. Музокаралар тахминан икки соат давом этди ва бир нечта келишувлар билан якунланди: «1000 га 1000» формуласи бўйича ҳарбий асирларни алмашиш, ўт очишни тўхтатиш бўйича режалар тақдимоти ва янги учрашув бўйича принципиал келишув.

АҚШ минглаб хитойлик талабаларнинг визаларини бекор қилмоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти ХХР Коммунистик партиясига алоқадор ёки «ўта муҳим соҳаларда» таҳсил олаётган хитойлик талабаларнинг визаларини чақириб олиш ниятида.

Хусусан, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Хитой Халқ Республикаси ва Ҳонгконгдан келадиган барча виза аризаларини синчиклаб текшириш учун виза мезонлари кўриб чиқилишини айтган. Аввалроқ, Давлат департаменти АҚШнинг барча элчихона ва консуллик бўлимларига талабалар визаси учун янги суҳбатлар тайинлашни вақтинча тўхтатишни буюрган эди.

Рубио баёнотида «ўта муҳим соҳалар» дейилганда айнан нима назарда тутилганига ойдинлик киритилмаган. New York Times'нинг ёзишича, гап табиий фанлар соҳасидаги тадқиқотлар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Чунки сўнгги йилларда Америка расмийлари Хитой ҳукумати Қўшма Штатларда таълим олган олимларни ёллаётгани борасида бир неча бор хавотир билдирган. Шунингдек, АҚШ расмийлари талабалар билан Хитой Коммунистик партияси ўртасидаги алоқани қандай аниқлаши ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Айни вақтда Америка олийгоҳларида 277 мингга яқин ХХР фуқароси таҳсил олади. Талабалик визаларининг бекор қилиниши Трамп маъмуриятининг савдо уруши фонида Хитойга қарши олиб бораётган кенг кўламли кампаниясининг бир қисми бўлиши мумкин. Трамп президентликнинг биринчи муддати — 2020 йилда, Хитойнинг ҳарбий университетларига алоқадор мингдан ортиқ хитойлик аспирант ва тадқиқотчиларнинг визаларини бекор қилган эди.

ХХР Ташқи ишлар вазирлиги хитойлик талабаларнинг визалари чақириб олиниши мумкинлиги сабаб АҚШ ҳукуматига эътироз билдирди. Идора матбуот котиби Мао Ниннинг сўзларига кўра, бундай қадам ўқиётганларнинг қонуний ҳуқуқини бузади ва икки мамлакат ўртасидаги маданий алмашинувга халақит беради.

Фаластинликлар Ғазодаги БМТ омборига бостириб кирди

БМТ Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтида хабар беришича, «очликдан азоб чекаётган бир гуруҳ одамлар» БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Ғазо секторидаги омборига бостириб кирди.

Ҳодиса оқибатида, дастлабки маълумотларга кўра, икки киши ҳалок бўлган. Яна бир неча киши жароҳат олган. «Озиқ-овқат ва бошқа ёрдамлар тўхтатилган Ғазода 80 кунлик тўлиқ блокададан сўнг, инсонпарварлик эҳтиёжлари назоратдан чиқиб кетди», — дейилади Жаҳон озиқ-овқат дастури аккаунтида. Унда Ғазо секторида озиқ-овқат маҳсулотларини тартибли равишда тарқатиш учун «дарҳол «гуманитар ташкилотларнинг хавфсиз ва тўсиқсиз кириши» талаб қилинган.

Исроил мудофаа кучлари ўз навбатида, 27 май куни ижтимоий тармоқларида 400 та юк машинаси инсонпарварлик ёрдами билан «Ғазода БМТ уларни тарқатишини кутаётганини ҳамда БМТ ўз ишини бажаришдан бош тортишда давом этаётгани” ҳақида ёзди.

Шарқий Осиёда COVID яна кенг тарқала бошлади

Осиёнинг баъзи мамлакатлари ҳукумати аҳолини COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши сабабли яна ниқоб тақишга чақирди. Хусусан, Сингапур Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Юқумли касалликлар агентлиги шундай чақириқ билан мурожаат қилди.

«Бошқа эндемик респиратор касалликларда бўлгани каби, COVID-19 даврий тўлқинлари йил давомида бўлиши кутилмоқда», дейилади департамент хабарида. Сингапур Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бошқа тавсиялари қаторида 60 ёшдан ошган одамларни, шунингдек, «тиббий нуқтайи назардан» заиф бўлганларни қайта эмлаш, бошқа одамлар билан учрашув ва алоқаларни минималлаштириш, саёҳатларни чеклаш кабилар бор. Апрель ойи охирида Сингапурда 14200 та инфекция ҳолати аниқланган.

Хитойда ҳам COVID-19 билан касалланиш тўлқини кузатилди, апрель ойида қарийб 169 мингта тасдиқланган ҳолат, шу жумладан 340 та оғир ҳолат бўлган. 9 киши вафот этган. Хитой ҳукумати ҳам хавотирда ва янги пандемиянинг олдини олиш учун фуқаролардан узоқ масофаларга саёҳат қилганда ниқоб тақишни сўрамоқда.

Таиланд январдан май ойининг ўрталарига қадар 187 мингдан ортиқ COVID-19 билан боғлиқ ҳолат ва ушбу касалликдан 46 та ўлим ҳолатлари ҳақида хабар берди. Биргина 18 майдан 24 майгача яна 53 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. Таиланд ҳукумати барча керакли дори-дармонлар арзон бўлишини таъминлаш учун юз ниқоблари, антиген тест тўпламлари ва бинт дезинфекциялаш воситаларининг тақсимланишини назорат қилмоқда.

Мавзуга оид