Ўзбекистон | 21:47 / 27.05.2025
1251
3 дақиқада ўқилади

Юк темирйўл станциялари пойтахт ҳудудидан кўчирилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев 27 май куни темир йўлларни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Қайд қилинишича, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибий жиҳатдан ўзгартирилиб, носоҳавий бино, ёндош ер ва ортиқча вазифалар қисқартирилди. Натижада илгари зарар билан ишлаган компания ўтган йили 47 миллиард сўм соф фойда билан чиқди. «Темирйўлкарго» компанияси ташкил этилгач, юк вагонларидан фойдаланиш самарадорлиги 2 карра ошди.

Тақдимотда соҳа инфратузилмасини ривожлантириш ва даромадни ошириш вазифалари кўрсатиб ўтилди. Хусусан, транзит юкларини ташиш қувватидан тўлиқ фойданилмаяпти. Буни келгуси йилларда 40 фоизга ошириш орқали даромадни 2 карра кўпайтириш мумкин.

Масалан, илк бор Хитой – Туркия йўналиши бўйича юк поездлари қатнови йўлга қўйилди. Янги поездлар келтирилмоқда, қатновлар йилдан йилга кўпаймоқда. Шу боис темир йўл инфратузилмаси ўтказувчанлигини изчил ошириб бориш зарурлиги таъкидланди.

Бу масала, айниқса, Тошкент атрофида долзарб. Ҳозир ташқи юкларнинг 70 фоизи «Чуқурсой» станцияси орқали ташилмоқда. Баъзан бунга бир неча кун вақт сарфланиб, ортиқча харажат ва навбатга сабаб бўлаяпти.

Шу боис юк станцияларини пойтахт ҳудудидан ташқарига чиқариш, Янгийўл тумани ва Янги Тошкент яқинида йирик станциялар барпо этиш таклиф қилинди. Шунингдек, пойтахтни айланиб ўтувчи «Озодлик – Янгиер» темирйўли қурилиши кўзда тутилган. Натижада Фарғона водийси билан бошқа вилоятлар ўртасидаги юк ташувлари Тошкент шаҳрига кирмасдан амалга оширилади.

Янги лойиҳалардан яна бири Самарқанд – Ургут йўлидир. Ҳозир ишлар бошланиб, 7 километр темир излар ётқизилган. Бу йўналиш узунлиги жами 54 километр бўлиб, 2 та вокзал, «Ургут» иқтисодий зонасида 2 та юк станцияси қурилади.

Вокзалларга кириб-чиқиш тартиби, хизматлар сифати масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Йўловчилар ҳаракатига қулайлик яратиш, туристлар учун шароитни яхшилаш, автотураргоҳларни кенгайтириш вазифалари қайд этилди.

Мутасаддилар, шунингдек, электропоездлар олиб келиш, хизмат сифатини яхшилаш режалари бўйича ахборот берди.

Мавзуга оид