Учқўрғон ҳокимлиги ходими икки аёлидан фарзандларига бир неча йиллик алимент қарзини тўламаяпти
Наманган вилояти Учқўрғон тумани ҳокимлигида ишловчи Темурмалик Рустамов суд қарори бўлишига қарамай, 2 та турмушидан бўлган 2 нафар фарзандига анчадан бери алимент тўламаган. Айни вақтда унда 19,4 млн сўм қарздорлик мавжуд. Номида мулк йўқлиги сабабли МИБ қарздорликни ундира олмаяпти, маошидан эса ойлик алимент тўловлари ушлаб қолинмоқда.

Kun.uz'га Наманган вилояти Учқўрғон туманида яшовчи фуқаро Н.Бурҳонова мурожаат қилиб, фарзанди учун алимент тўловларини ололмаётганини билдирди. Мурожаатчига кўра, Учқўрғон тумани ҳокимлигида ишловчи Темурмалик Рустамов 3 ёшли фарзанди учун бир неча йиллик алимент тўловларини тўламасдан юрибди.
«Фарзандим туғилганидан кейин узоқ вақт бирга яшолмадик. 2022 йилда ота уйимга қайтдим, сентябр ойида алимент учун ариза бердим. Алиментга берганимдан кейин иш бир ойда МИБга чиқди.
Мени яна қайтариб олиб кетишди, октябрдан алимент иши тўхтатилди. Кейин яна уйимга қайтариб юборди. Бундан кейин ҳам бир неча марта уйига олиб кетиб, уйларни йиғиштиргизиб, қайтариб юборди. Шундан кейин Учқўрғон туман МИБ раҳбарига учрадим, олдинги вақтлар учун ҳам алимент қарздорлигини тикладик. Шундан сўнг машинасини сотиб юборди. Ўзи ва оиласининг моддий аҳволи яхши, Темурмалик Рустамовнинг номида ҳеч қандай мулк йўқ», дейди мурожаатчи.
Н.Бурҳонованинг айтишича, Учқўрғон туман ҳокимлигига мурожаатдан сўнг ҳокимлик ходими 2024 йил август ойидан бери алимент тўлашни бошлаган. Лекин унинг бўйнида 16 миллион сўмдан ортиқ алимент қарздорлиги бор.
«Темурмалик Рустамовнинг алиментдан қарздорлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда бир нечта хабарлар чиқарганимдан кейин собиқ қайнонам Қ.У. менинг устимдан Чуст туман ИИБга шикоят қилибди», дейди мурожаатчи.
Чуст тумани «Бирлик» МФЙ профилактика инспектори, катта лейтенант Анвар Абдураҳимов ҳақиқатда ҳам Н.Бурҳонова устидан 102 рақами орқали шикоят келиб тушганини тасдиқлади. Лекин шикоят мазмунини очиқлай олмаслигини билдирди.
Учқўрғон тумани ҳокимлиги матбуот котиби Расулжон Мадраҳимовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Темурмалик Рустамов ҳақиқатда ҳокимликда ишлайди.
"У 2020 йилда ўша вақтда туман ҳокимлиги масъул бўлган 1-секторда ишлаган. Кейин ишончни оқламагани учун сектордан олиниб, тумандаги маҳаллалардан бирида ёшлар етакчиси этиб тайинланган. У жойда ҳам 2 ой давомида ишлаб, ишдан олинган. У 2020 йилда ёшлар етакчилигидан кетгач, ишсиз юрди.
Темурмаликнинг болалари учун алимент қарздорлиги борлигидан хабаримиз бор. Фарзандларига алимент тўлаши кераклиги учун 2024 йил ноябр ойида ҳокимликка жамоатчилик асосида ишга олдик. Ишлаб, ойлигидан алиментга бериб туради. Туман ҳокимлигидаги декретга чиққан котиба ўрнига ишлаяпти. Котиба қайтса, бу ишидан ҳам кетади», дейди ҳокимлик расмийси Расулжон Мадраҳимов.
Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, Учқўрғон тумани ҳокимлиги ходими Темурмалик Рустамовда суд қарорига кўра белгиланган, бир-биридан алоҳида 2 та турмушдан бир нафардан вояга етмаган фарзандлари учун алимент қарздорлиги мавжуд.
«Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг буйруғига асосан қарздор Т.Рустамовдан ундирувчи Ф.О. фойдасига 1 нафар фарзанди учун ҳар ойда барча топган даромадининг 25 фоизи миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Шунингдек, шу суднинг буйруғига асосан қарздор Т.Рустамовдан ундирувчи Н.Бурҳонова фойдасига ҳам 1 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойда барча топган даромадининг 25 фоизи миқдорида алимент ундириш белгиланган.
2025 йил 1 июн ҳолатига Темурмалик Рустамовнинг ундирувчи Ф.О. дан 2 миллион 498 минг сўм ва ундирувчи Н.Б. дан эса 16 миллион 946 минг сўм қарздорлиги мавжуд» дейилади МИБ баёнотида.
Маълум қилинишича, мазкур ижро ҳужжатлари бюронинг Учқўрғон туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хусусан, 2020 йил 16 апрелдан қарздор Темурмалик Рустамовнинг Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган. Шунингдек, қарздорнинг иш жойи – Учқўрғон тумани ҳокимлигига ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида ушлаб қолиш мақсадида МИБ талабномаси юборилган.
МИБ матбуот котибидан ҳокимлик расмийси қарийб 20 миллион сўмлик қарздорлигини ундириш ҳақидаги саволга: «Демак, унинг номида мулки бўлмаган», дея жавоб берди.
Мавзуга оид

14:15 / 09.04.2025
Тошкент шаҳрида ота 1,7 млрд сўм алимент тўлади

12:28 / 26.12.2024
Навоийда 2,5 йилдан бери қидирувда бўлган ота “дача”дан топилди

16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди

17:12 / 30.10.2024