Ўзбекистон | 17:00 / 27.05.2025
15708
4 дақиқада ўқилади

Бозор – гўшт нархи ҳақида: “Ем-хашак қиммат, мол боқиш осон бўлмай қолди”

Йил бошидан буён энг кўп қимматлашган озиқ-овқат маҳсулоти бу – гўшт. Kun.uz мухбири Бўстонлиқ чорва бозорида бўлиб, қорамол ва қўй олди-берди қилаётган савдогарлар билан гўшт нархи борасида суҳбатда бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистонда 2025 йилнинг бошидан буён гўшт нархлари сезиларли ошди. Сўнгги ҳафталарда Тошкентда суякли мол гўшти чакана савдода 140 минггача нархда сотилмоқда.

Чорсу бозорида бўлган Kun.uz мухбирига кўра, Ўзбекистонга бевосита қўшни бўлмаган мамлакатлардан импорт қилинаётган гўштлар нисбатан арзон, лекин харидорларнинг бир қисмида уларга нисбатан ишончсизлик бор.

Kun.uz мухбири маҳаллий гўшт нархига таъсир қилаётган омилларни ўрганиш учун 18 май куни Тошкент вилоятидаги Бўстонлиқ чорва бозорида бўлди.

Бозор иштирокчиларига кўра, ем маҳсулотлари нархи ошгани, чорва учун яйловлар қисқариб бораётгани фонида, якка тартибда чорва боқишнинг афзаллиги камайиб боряпти.

Бекободлик чорвадорнинг айтишича, битта мол бир ойда 800 минг сўмлик ем ейди. Хумсонлик чорвадорга кўра, битта новвос учун хашакларидан ташқари ем учун бир ойда 4-5 млн сўм кетяпти.

“Олдинги бозорга қараганда, нарх-наво тушган. Ҳозир май, деҳқонларга пул керак, молини сотиб деҳқончиликка уриши керак. Лекин бозорларда гўшт қиммат. Мол нархи гўштга нисбатан арзон. Ҳозир битта ҳўкизни 18 миллион сўмга савдо қиляпти, гўшт ҳисобига ҳисобласангиз, тўғри келмайди. Мен Тўйтепа туманидан келганман, бизда яйловлар йўқ: ҳамма қўлда боқади, далага чиқаролмайди, даланинг ҳаммаси фермерларга берилган. Ем нархлари эса баланд”, – дейди чорвадорлардан бири.

“Емхонадан ем олиб боқсанг, бу шунчаки топган-тутган озгина пулингни йиғиб беради. Ўша учун боқилади. Яйлов йўқ, фермер яқинига йўлатмайди. Халқда пул йўқ, гўшт ея олмаяпти, товуққа ўтиб кетган... Олдин ем, шулха, кунжаралар арзон эди. Ана ўша пайтда яхши фойда қоларди”, – дейди чорвадорлардан бошқа бири.

“Бозор бугун сал қайтиб қолди, савдо йўқроқ. Олдин ем арзон пайтда ҳамманинг уйида мол бўларди. Шаҳар томонларда ҳам боқишарди иккита-учталаб. Ҳозир йўқ-да, фақат чет эл молларни катта “обёмчи”лар боқяпти. Битта-иккита боқаётган одам фойда қилмаяпти. Нимага? Сабаби ем қиммат. 6 300 сўмдан кунжара сотишяпти. У ўхшамайди-да. Нархни тушириш керак”, – дейди олибсотарлардан бири.

“Мен Бўстонлиқданман. Яйловлар деярли қолмади. Фақат уйда боқяпмиз, емлаб. Озгинани кўчага олиб чиқсак олиб чиқамиз, бўлмаса унга ҳам тақиқ қўйишяпти”, – дейди бошқа бир суҳбатдош.

Kun.uz мухбири Бўстонлиқ чорва бозорига яқин жойлашган, ем маҳсулотлари сотиладиган кичик бозорчада кунжара 6 500 сўм, буғдой ёрмаси 3000-3500 сўмдан сотилаётганига гувоҳ бўлди. 50 минг сўм бўлган 25 килоли кепак 65 минггача ошган. Беда пичанлари 26-27 мингдан сотиляпти. Оққўрғонлик тадбиркорнинг сўзларига кўра, беда майдонлари қисқариб кетгани нархга таъсир қиляпти.

Ем сотувчиси емнинг устига унча кўп қўйилмаслигини айтади: “Қиммат олиняпти-да, шунга қимматроқ сотиляпти. Биз деҳқонлардан оламиз. Озгина қўйиб сотамиз. Дорилар, ерлар қиммат. Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ-да”.

8 май куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гўшт нархи ошишига таъсир қилган омилларни санаб ўтганди. Маълум бўлишича, охирги 7 ой ичида шрот нархи 2,3 баробарга, шелуха 43 фоизга, омухта ем 28 фоизга, буғдой 59 фоизга, маккажўхори силоси қарийб 2 баробарга, сомон 67 фоизга, беда эса 80 фоизга қимматлаган.

Марказий банкка кўра, Ўзбекистонда гўшт қимматлашишига қўшни давлатлардаги чекловлар ва импорт нархларининг ошиши ҳам таъсир қилмоқда.

Мавзуга оид