Ўзбекистон | 21:22 / 27.05.2025
720
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда 1619 км ичимлик суви тармоқларини тортиш режалаштирилган

Президент Шавкат Мирзиёевга 27 май куни ичимлик суви ва оқова тармоқларини кенгайтириш борасидаги ишлар юзасидан ахборот берилди.

Қайд қилинишича, бу йил 1 минг 619 километр ичимлик суви, 521 километр оқова сув тармоқларини тортиш, 162 та иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Буларнинг натижасида 715 минг аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етиб боради, яна 400 минг нафари оқова хизмати билан қамраб олинади.

Мутасаддилар шу борадаги ишларнинг бажарилиши бўйича ахборот берди. Халқаро молия институтлари иштирокида 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу йил 800 миллион долларлик ишларни бажариб, 138 та сув иншоотини ишга тушириш режалаштирилган.

Осиё тараққиёт банки ва Германия таррақиёт банки билан лойиҳа олди молиялаштириш бўйича яхши тажриба йўлга қўйилди. Бунда пудратчи ва лойиҳачи олдиндан танлангани учун амалий ишлар бошланиши тезлашди. Келгусида барча лойиҳаларда шу тартибни қўллаш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

Сув таъминоти тизимини рақамлаштириш учун Осиё тараққиёт банкидан 125 миллион доллар жалб қилинган. Бу лойиҳа доирасида беш йилда йирик сув иншоотлари ва магистрал қувурларга 4 минг 800 та «ақлли» ҳисоблагич ва қарийб 3 мингта телеметрия тизими ўрнатилади.

Соҳада халқаро ҳамкорлик ва хусусий шериклик ривожланиб бораётганидан келиб чиқиб, ушбу талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Мавзуга оид