Жаҳон | 13:31 / 26.05.2025
6308
9 дақиқада ўқилади

Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Россия ва Украина: дронлар уруши ва асирлар алмашинуви

Истанбулдаги тинчлик музокаралари деярли муваффақиятсизликка учрагач, икки томон ўзаро зарбаларни кучайтирмоқда. Хусусан, Россия ҳарбийлари 25 майга ўтар кечаси Украина бўйлаб баллистик ракеталар ва дронлар қўллаган ҳолда ёпирилма ҳужум амалга оширди. Энг йирик ҳаво ҳужумларидан бирида 300 га яқин дрон ва 70 та ракета қўлланган.

Зарбалар оқибатида мамлакат бўйлаб камида 12 киши ҳалок бўлиб, 60 дан ортиқ киши яраланган. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизматига кўра, 13 регион зарбалар остида қолган.

«Бу комбинациялашган, тинч аҳолига қаратилган шафқатсиз зарба бўлди. Душман яна бир бор шуни кўрсатди: унинг мақсади – қўрқув уйғотиш ва ўлдириш», – деган Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко.

Украина президенти Володимир Зеленский РФ қўшини «онгли равишда оддий шаҳарлар бўйлаб зарбалар» бераётгани ва бундай террорчилик зарбаси Россияга қарши янги санкциялар учун етарли сабаблигини айтди.

Ўз навбатида, РФ мудофаа вазирлиги 24 май куни кечқурун ва эрталаб ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари Россиянинг олти областида украинларнинг юздан ортиқ дронлари уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Тун давомида Украинанинг 110 та дрони уриб туширилди ва тутиб олинди, жумладан 13 таси Москва области ҳудудида, дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, 25 май куни Россия ва Украина «1000 га 1000» форматида асирлар алмашинувини якунлади. Алмашинув уч кун давом этди.

Мувофиқлаштирувчи штабга кўра, музокаралар жараёни ва алмашинувлар доирасида 2022 йил март ойидан буён Украинанинг жами 5757 нафар фуқароси озод қилинган. Яна 536 нафар украиналик айирбошлашсиз қайтарилган.

Ҳамаснинг ҳарбий операцияси

ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти «Ал-Қассам» бригадаси Ғазо жанубидаги ҳужумлар чоғида Исроил аскарлари ўлдирилган ва яраланганини маълум қилди. Anadolu нашрининг Ал-Қассамга таяниб хабар беришича, «мураккаб ҳарбий операция» Хон-Юнус шаҳрида амалга оширилган.

Маълумотларга кўра, Ҳамас жангчилари Исроил аскарлари яширинган уйга портловчи мослама қўллаган. Шунингдек, у ерга Исроил ҳарбийлари ва вертолётлари етиб келган пайтда яна бир туннель портлатилган. Исроил армияси ҳозирча бу маълумотга изоҳ бермаган.

Айни вақтда кучли халқаро босимлар бўлишига қарамай Исроил Ғазодаги урушни тўхтатмаяпти, бу эса тинч аҳоли орасида қурбонлар сонининг ортишига олиб келмоқда. Хусусан, Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир сутка ичида бомбардимонлар натижасида 38 киши ҳалок бўлган, яна 204 киши жароҳат олганини билдирди.

2023 йил 7 октябрдан бери Исроил армиясининг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 53 939 кишига етди, жароҳат олганлар сони эса 122 минг кишидан ошиб кетади.

Трамп Евроиттифоққа эълон қилган 50 фоизлик божларни 9 июлгача кечиктирди

АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба куни Европа Иттифоқидан олиб кириладиган барча маҳсулотларга 50 фоизлик бож жорий этишни 9 июлгача кечиктиришини эълон қилди. Бу қарор савдо музокараларига яна бироз вақт бериш мақсадида қабул қилинди.

Truth Social ижтимоий тармоғидаги хабарида Трамп Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан суҳбатлашганини маълум қилди. Трамп илгари, агар бир ҳафта ичида савдо битимига эришилмаса, 1 июндан божлар кучга киришини айтган эди.

Трамп Европа Иттифоқи билан олиб борилаётган музокаралардан норозилигини билдириб, 90 кунлик муроса ойнаси давомида Иттифоқ томонидан етарли ён беришлар бўлмаганини танқид қилган эди. Бироқ кескин божлар таҳдиди дунёнинг энг йирик иқтисодиётларидан бири билан савдо урушига олиб келиши хавфини оширди.

Якшанба куни Трамп бу масалада вақтинчалик орқага чекинди, деб ёзмоқда New York Times.

Фон дер Ляйен эса алоҳида ижтимоий тармоқдаги баёнотида Трамп билан «яхши суҳбат» бўлганини, савдо битими тузиш учун Европа томонига қўшимча вақт кераклигини билдирган. У музокаралар «тез ва қатъий» тарзда давом эттирилишини айтди.

Трампнинг Европага қарши бож таҳдиди, у Хитой импортларига қўйилган 145 фоизлик божларни вақтинча юмшатишга рози бўлганидан бир неча ҳафта ўтиб эълон қилинди.

Иқтисодчилар бундай божлар ва у билан боғлиқ ноаниқликлар дунё бўйлаб бизнес сармояларининг сусайишига ва таъминот занжирларининг бузилишига олиб келаётганини огоҳлантириб келмоқда. Кўплаб таҳлилчилар глобал инқироз эҳтимолини ошган деб баҳоламоқда.

Путин Курскка борганида вертолёти дронлар ҳужуми марказида бўлган

Владимир Путиннинг Курск областига сафари чоғида унинг вертолёти «Украина дронларининг кенг кўламли ҳужуми марказида бўлди», деб хабар берди ҳарбий хизматчи Юрий Дашкин «Россия» давлат телеканали эфирида.

«Олий бош қўмондон бўлган бортнинг Курск области осмонидаги парвози чоғида ҳужум интенсивлиги сезиларли даражада ошди. Шунинг учун биз бир вақтнинг ўзида ҳаво ҳужумига қарши жанг олиб бордик ва президент вертолётининг ҳаводаги хавфсизлигини таъминладик. Вазифа бажарилди: душман дронларининг ҳужуми қайтарилди ва барча ҳаво нишонлари йўқ қилинди», – деган Дашкин.

У президент Курск областида ишлаётган вақтда душман дронлар билан мисли кўрилмаган ҳужум уюштиргани, бу ҳудуддаги ҳаво ҳужумидан мудофаа гуруҳи самолёт типидаги 46 та дронни йўқ қилгани ҳақида гапирган. «[Президент вертолёти] амалда душман дронларининг оммавий ҳужумини қайтариш марказида эди», – дея қўшимча қилган у.

Путин 20 май куни Курск областига ташриф буюрганди, бироқ унинг ташрифи ҳақида фақат кейинги куни расман эълон қилинди. «Коммерсант» мухбирига кўра, президент кортежи област бўйлаб ҳаракатланаётганда осмонда Украина қуролли кучлари дронлари бўлган.

Трамп: Эрон билан «жуда яхши» музокаралар ўтказилди

АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба куни АҚШ музокарачилари Эрон делегацияси билан «жуда яхши» музокаралар ўтказганини айтди. Бу Трампнинг Эронни ядровий қурол яратишдан тийиш бўйича келишувга эришиш ҳаракатлари доирасида бўлди.

«Менимча, Эрон масаласида яхши янгиликларга эга бўлишимиз мумкин», — деди Трамп Ню-Жерсида журналистлар билан суҳбат чоғида.

Трамп музокараларда жиддий силжиш бўлганини билдирди, бироқ АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткоф ва Эрон делегацияси ўртасидаги Римдаги музокараларнинг тафсилотларини очиқламади.

«Кейинги икки кун ичида сизларга яхши ёки ёмон хабар беришим мумкин, билмайман. Лекин ичимда нимадир яхши бўлиши мумкин деган туйғу бор», — дея Трампдан иқтибос келтирмоқда Reuters нашри.

АҚШ ва Эрон музокараларининг навбатдаги раунди Рим шаҳридаги Уммон элчихонасида бўлиб ўтмоқда. Унда Эроннинг ядровий дастурини чеклаш эвазига АҚШ томонидан жорий қилинган иқтисодий санкцияларни юмшатиш масалалари муҳокама қилинган.

Эрон делегациясига ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи бошчилик қилаётган бўлса, АҚШ томонидан Яқин Шарқ бўйича элчи Стив Уиткофф ҳамда Давлат департаментининг сиёсий режалаштириш директори Майкл Антон иштирок этди.

АҚШ ҳукумати Пентагондаги журналистлар фаолиятини чеклади

Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет журналистларга Мудофаа вазирлиги биносининг аксарият ҳудудига махсус ҳамроҳсиз киришни тақиқловчи буйруқни имзолади. Унинг сўзларига кўра, чекловлар махфий маълумотлар ҳимоясини кучайтириш учун зарур.

«Пентагон олдингидек шаффофлик тамойилига содиқ бўлса-да, идора шу билан бирга махфий ва сир тутилиши лозим бўлган разведка маълумотларини ҳимоя қилиш мажбуриятига ҳам эга. Бундай маълумотларнинг рухсатсиз ошкор қилиниши АҚШ ҳарбий хизматчилари ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин», — дейди Ҳегсет.

Буйруққа кўра, аккредитацияга эга журналистлар Пентагон штаб-квартирасига кириш учун расмий рухсат олиши керак. Бино бўйлаб ҳаракатланишида эса уларга махсус ходим ҳамроҳлик қилади.

Идора пресс-пули манфаатларини тарғиб қилувчи Пентагон матбуот ассоциацияси янги қоидаларни ОАВ эркинлигига тўғридан тўғри таҳдид деб атади. Уларнинг таъкидлашича, журналистлар ҳар доим, ҳатто 2001 йил 11 сентябр терактидан кейин ҳам Мудофаа вазирлиги бўйлаб тўсиқсиз ҳаракатланган.  

Мавзуга оид